Узбек O'zbek
«Ромаллоҳдаги қўрқинчли туш». Миллий жамоа ўйини таҳлили
Жума, 06 Сентябр
12463

Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш учун ўз юришини бошлади. Шу пайтгача дарвозамизга бирорта гол ҳам ура олмаган Фаластин терма жамоасига қарши ўйин 0:2 ҳисобидаги мағлубият билан тугади.

Агар жаҳон чемпионати саралашларини оладиган бўлсак, қаторасига тўртинчи ўйиндирки, рақиб дарвозасига бирорта ҳам гол ура олмаяпмиз. Гуруҳимизда Саудия Арабистони терма жамоаси ҳам борлигини эътиборга олсак, балки бизга кейинги босқичга чиқиш учун асосий рақобатчи бўлиши мумкин бўлган жамоага қимматли очколарни бой бердик. Эсингизда бўлса, ўтган сафар ҳам саралашни сафарда, сунъий майдонда бошлаганмиз ва Шимолий Кореяга 2:4 ҳисобида мағлуб бўлганмиз. Ўша ўйиндан кейин бош мураббий Миржалол Қосимов истеъфога чиқарилган, терма жамоа ўйини эса вақтинча ўнгланганди. Бу умумий гаплар.

Яна, «Фаластин даражасига тушиб қолдикми», «футболимизни тубдан ислоҳ қилиш керак», «болалар футболига эътибор қаратиш керак» қабилидаги мулоҳазаларни такрорлаш ниятим ҳам йўқ – бу гаплар аксар ҳолларда тўғри бўлса-да, яна умумий гаплар. Келинг, ундан кўра, кеча бизга нима ёки ким етишмагани-ю, нега бу қадар кучсиз ўйин ва қониқарсиз натижа тақдим этилгани ҳақида фикрлашиб кўрамиз.

Одатда, бундай натижа билан тугаган шу тариқа ўйинларда мағлуб жамоанинг вазиятларни кўкка совуриши, кучсизроқ саналган жамоанинг омади келиши ёки дарвозабоннинг ҳаддан ташқари маҳорат кўрсатиши, индивидуал хатолар муҳокама қилинади. Зеро, ҳаммаси жойида бўлган пайтларда фаворитнинг аутсайдерга ютқазиб қўйиши фақат мана шу сценарийда рўй бериши мумкин, холос. Бундай ўйинлар тезда унутилиши, келажакка қаралиши, хатолар такрорланмаслиги ва кейинги ўйинларда вазият ўнгланиши керак бўлади, тамом.

Аммо, кечаги ўйин ҳақида бундай дея олмаймиз – рақиб дарвозабони қаҳрамон бўлмади, футболчиларимиз ҳатто ҳисобда ортда бораётган паллаларда ҳам бирин-кетин хавфли вазиятлар ярата олмадилар, рақибнинг голларини омад билан боғлаш адолатсизлик. Бу энг ёмони, биз аслида мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатдик, систематик жиҳатдан ҳам, футболчиларнинг ўйинга бўлган муносабати-ю танланган тактика томонидан ҳам. Купер жамоаси икки жабҳада бутунлай тор-мор этилди – компакт ўйнаш ва тўпсиз ҳаракатланиш борасида. Бу камчилик ҳам ўйинга етарлича режа ва кўрсатмалар амалга оширмагани учун ҳам мураббийнинг, етарлича индивидуал ҳаракатлар бўлмагани учун ҳам футболчиларнинг айбидир. Алоҳида ажратиб олиш, айнан ниманинг ҳисобига бундай бўлганини айтиш қийин.

ТАРКИБ

Купер учрашувга юқорида расмда кўрсатилган таркиб ва схемани танлади. Кутилган ўйинчилар, фақат ўнг қанотдан Ҳамдамов эмас, Рўзиев жой олди. Буни биз Ҳамдамов эндигина тикланиб, «Пахтакор» таркибида қайтганини, Қувондиқ эса, «Қўқон 1912» билан бирга сўнгги ўйинларда яхши натижалар қайд этаётгани билан боғлаш мумкин. Ҳамробеков ва Аҳмедов таянч зонасида, Одилга кўпроқ ҳужумларни бошлаш, ўйинни имкон қадар юқоридаги тўртлик билан боғлаш вазифаси юклатилганди. Аммо бу вазифа умуман қониқарли бажарилмади ва бунда фақат Аҳмедовни айблаш нотўғри бўларди.

БИРИНЧИ БЎЛИМ

Фаластинликлар, балки Купер учун кутилмаганда, анча юқори прессинг намойиш қилишди ва майдон марказиданоқ ўзбекистонликларни фаол кутиб ола бошлашди. Бу ерда рақиб мураббийи жамоамизни яхшигина ўргангани кўриниб турибди. Чунки айнан шундай шароитда тўпни ўзида сақлаб, чизиқлар орасида тўпни назорат қилиши мумкин бўлган Шукуров ва Сидиқовнинг йўқлиги футболчиларимизда муаммо туғдириши мумкин эди. Алибоев ва Машарипов кўпроқ якуний қисмда фойдали бўлишади, Рўзиев эса, Қўқонда айнан боғловчи вазифада ўйнаса-да, терма жамоа миқёсида тажрибаси камлиги маълум, вазиятни қўлга олишга ботина олмайди ёки унда бундай кўрсатма ҳам бўлмаганди.

Қўйидаги суратга эътибор беринг:

Босим остида тўпни назорат қила оладиган футболчилар камлиги (фақат Одил Аҳмедов) Фаластиннинг фаол прессингларини жуда самарали қуролга айлантирди. Қаранг, ҳимоячиларимиз ҳужум бошлашга уринишмоқда, лекин майдоннинг энг муҳим қисми Фаластин назорати остида. Аҳмедов бу зонада яккаланиб қолди, Алибоевда эса юқорида айтганимдек, керакли вазиятда орқага қайтиб, тўп назоратида иштирок этиш хусусияти йўқ. Бир пайтлар ярим ҳимоя чизиғининг барча аъзолари – Кападзе, Ҳайдаров, Жепаров, Аҳмедов, шунингдек, Гейнрих – мана шундай вазиятларда тўпни олдинга олиб боришда уста эдилар, бу таркибда эса, бир хил типдаги уч футболчи йиғилиб қолди, уларнинг камчилиги эса жамоада уч баробар зарарли бўлади. Албатта, Купер буни ҳисобга олиши ва юқори блокда ҳимояланадиган рақибларга қарши ўзига хос вариантларга эга бўлиши зарур эди.

Қуйидаги суратларда ҳам буни кўришингиз мумкин ва агар аҳамият берган бўлсангиз, биринчи бўлим тўлиғича мана шундай кўринишда ўтди.

Бу ерда фақат Алибоев, Машарипов ва Рўзиевнинг тўпни босим остида назорат қилиш учун индивидуал маҳоратлари панд берганини айтиш билан чекланиш нотўғри, асло. Юқоридаги суратлардаги каби ҳолатлар юзага келиши ва керакли зоналарни бой берганимиз, албатта, мураббийнинг хатосидир. Мисол учун, Фаластин терма жамоаси мураббийи қўл остида нисбатан савиясиз футболчилар бўлса-да буни уддалади, шогирдларининг тўпсиз ҳаракатлари натижасида, етарли босим остида ҳам бир қатор ҳужум вариантларига эга бўлишди. Қўйидаги суратга эътибор беринг:

Айни юқоридагига ўхшаш вазият, фарқи, бу ерда фаластинлик ҳимоячилар жамоа ҳужумини бошлашмоқда. Бу ерда ҳеч қандай ёпиқ зоналар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас – шундай оддий кўз билан ҳам ҳужумни бошлаш ва давом эттириш учун вариантларни пайқай оламиз. Шомуродов узилиб қолган, ярим ҳимоямиз томонидан бошланган прессингни эса тартибсиз бўлганидан бемалол босиб ўтиш мумкин. Бу – Фаластин, агар савиялироқ жамоалар бўлса, бизнинг бундай пассивлигимизни осонлик билан ва кўпроқ жазолаши мумкин эди.

Иккинчи суратда ҳам шунга ўхшаш вазият. Футболчиларимиз гўёки рақибга қаршилик кўрсатаётгандек кўринишса-да, худди тўп Ўзбекистонда бўлган пайтдаги каби иложсизликни кўрмайсиз, бемалол бир-икки пас билан очиқ зонага тўпни етказишлари ва ҳужумни хавфлироқ кўринишга олиб келишлари мумкин.

КОМПАКТ

Терма жамоамиз мураббийлари ҳақида гап кетганда, масалан, Миржалол Қосимов ҳимояга кўпроқ эътибор қаратади, Абрамовни эса, ҳужумкор дердик. Европадаги тарихи ва терма жамоамизда ташкил қилаётган ўйинига қараб Купер анча прагматик ва ҳимоявий мураббий эканини пайқаш қийин бўлмади, мураббийнинг ўзи ҳам буни бир неча бор тан олди. Шу билан бирга, терма жамоамиз ўз услубига эга экани, шу йўналишда ҳаракатланиб, доимо бунга содиқ қолишини, фақат рақибга қараб, кичик ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини айтганди. Умуман олганда, услубни ҳимоявий ёки ҳужумкор сифатида таърифлашни истамасдим, бу ҳақида яқинда Жозе Моуриньо ҳам жуда қизиқ ва муҳим фикр айтганди.

«Муҳими жамоа қандай ҳимояланишида эмас. Масалан, менга ўхшаб, қуйи блокда ҳимояланиш афзал кўрилса, мухлислар ҳимоявий услуб дейишади. Ёки бошқа мураббий, юқори чизиқда ҳимояланиши мумкин – бундай ўйинни ҳимоявий эмас, ҳужумкор дейишади. Аслида гап бунда эмас, бу ерда муҳими имкон қадар зич ўйнашда – сиз футболчиларингизни қуйи блокда жойлаштирасизми ёки рақиб майдонидами, фарқи йўқ, футболчилар бир-бирига яқин, зич жойлашишлари керак. Ана шунда рақибда етарли зона бўлмайди ва тўпни эгаллаб олишда ҳам, уни кейин сақлаб қолиб, қарши ҳужум бошлашда ҳам, имкониятлар кўп бўлади».

(Гвардиола тўпни юқори чизиқда ҳимояланиб, қайтариб олишни маъқул кўради, шунинг учун у таркибига, қисқа зоналарда ҳам тўпни эгаллаб тура оладиган техникали футболчиларни жалб қилади. Моуриньо қуйи блокни маъқул кўради, чунки унга, тўпни эгаллагач, олдинги чизиқда кенг очиқ зоналар бўлиши муҳим – шунинг учун Моуриньо жамоаларида имкон қадар тезкор футболчилар кўп бўлади)

Терма жамоамиз ҳужум қилишда ҳам, ҳимояланишда ҳам, айнан компакт уддалай олмади. Фаластин ҳимоячиларининг жойлашувларига эътибор беринг:

Терма жамоамиз яна навбатдаги муваффақиятсиз ҳужумни бошламоқда ва бунинг сабаби, рақиб ҳимоячиларининг жамоавий ҳаракатланишидир. Қаранг, Фаластиннинг барча футболчилари жуда кичик, аммо энг муҳим зонада жойлашган ва бу шароитда ҳужумни самарали давом эттириш учун ё ўта маҳорат билан ижро этилган узоқ масофага пас ёки ажойиб дриблинг керак бўлади. Оддий тўп ҳаракатланишида эса, бу ҳимоя блоки бемалол, биргаликда ҳаракатланиши ва мана шу шакл бузилмасдан, ҳимояни назорат қилишлари мумкин. Айнан кимдир яхши дриблинг (Рўзиев) ёки жуда тезкор биртепар комбинация қилингандагина, Фаластин дарвозасида сал бўлса-да, хавф пайдо бўлганини эслаш мумкин.

Хўш, бундай шароитларда қандай ғалаба қозониш мумкин?

Биринчиси, тўпни ўзида яхши сақлаб турадиган футболчиларнинг мана шу блок марказида ҳаракатланишлари ва қисқа масофадаги паслар орқали, ҳимояни ёриб ўтиш. Юқорида айтганимдек, таркибимизда бундай футболчилар топилмади.

Иккинчиси, айнан шу зоналарга кўпроқ ҳужумчиларни киритган ҳолда, рақиб эътиборини қаратиш ва қанотларда бўш зоналарни ҳосил қилиш. Аслида, Купер айнан мана шундай – кенг зоналар бўйича тўп сурмоқчи бўлди, Машарипов ва Рўзиевнинг марказга ўтишлари жуда кам рўй бергани ва асосан қанотларда қолишганининг сабаби шу. Аммо ростан ҳам хавфни ошириш учун, масалан Алибоев ёки Ҳамробеков ҳам, марказдаги сонимизни кўпайтириб, рақиб эътиборини жалб қилишлари лозим эди.

ИККИНЧИ БЎЛИМ

Иккинчи бўлим анча очиқ ўтди ва ҳар икки жамоада ҳам биринчи бўлимдаги каби тартибли ҳимояланишни кўрмадик. Бу ерда фаластинликлар устози Нуриддин Алининг яна бир режаси иш берганини алоҳида таъкидлаш керак.

Эътибор берган бўлсангиз, Фаластиннинг биринчи голидан бироз аввалроқ рақиб анча қуйи блокда ҳимояланишга ўтди. Сабаби, менимча, Фаластин мураббийи ҳимоя чизиғимиздаги бўшлиқларни ва айрим тушунмовчиликларни сезган бўлиши мумкин. Биринчи бўлимдаги икки ўта хавфли вазиятни ҳам Фаластин қарши ҳужумда юзага келтирганди. Яъни, Фаластин энди, ўз жарима майдони яқинида ҳимоялана бошлади ва бу бизнинг майдонда кенг зоналар юзага келишига сабаб бўлди, қарши ҳужум уюштириш имконияти ошди. Зич ўйнаб, юқори прессингда тўпни қайтариб олиш имконимиз эса кам эди, чунки Анзур Исмоилов ҳам, Егор Кримец ҳам рақиб ҳужумчиларига нисбатан анча секин ҳаракатланишганини кўрдик.

Айнан голдан олдинги ва кейинги – умумий 15 дақиқалар чамаси, терма жамоамиз позицион ҳужумларни кўпайтирди. Фаластин ҳисобда олдинга чиқиб олгач, яъни ўзи қониқтирадиган вазиятда, Али яна терма жамоасини эски тактикага – юқори прессингга қайтарди. Энди гол керак эмас, бундай шароитда эса, худди биринчи бўлимдагидек ҳимояланиш самаралироқ бўлишини тушуниб турганди. Табиийки, юқори савияли ва узоқ масофадан ҳам зарба бера оладиган футболчиларга эга бўлган жамоага қарши ўз жарима майдони яқинида ҳимояланиш хавфлироқ.

Бунинг устига, терма жамоамиз чарчаб қолди. Нафақат шу сабаб билан алмаштирилган Рўзиев ва Алибоев, балки бутун таркибимизда бу аломатлар сезилди. Умуман, футболчиларимизнинг жисмоний ҳолатлари ҳатто Фаластин терма жамоаси фонида ҳам жуда паст кўрингани таъбни хира қилди.

Масалан, ҳимояда фақат биз хато қилиб ёки қарши ҳужум имконияти фақат Фаластинда бўлган, деб ҳисобламайлик. Жуда хавфли ҳужумлар уюштириш истиқболи бизда ҳам бор эди, аммо негадир футболчиларнинг ўта пассив ҳаракат қилишгани бу салоҳиятни вазиятларга айлантира олмади.

Оддий бир вазиятга эътиборингизни қаратаман:

Биринчи суратда Аҳмедов тўпни эгаллаб олди ва рақиб футболчисини алдаб ўтиб, иккинчи суратдаги каби йўналишда тўп билан ҳаракатланди. Энди вазиятнинг давомини қаранг.

Одилга рақибнинг икки футболчиси ҳужум қилиб, улардан иккинчиси тўпни олиб қўйди. Бу ерда айб Одилда эмас, эътибор беринг, Аҳмедов жарима майдонимиз ёнидан марказгача яхшигина масофани тўп билан босиб ўтди – аммо орқароққа қаранг, бор куч билан олдинга ташланиши ва ҳужумда сон жиҳатдан устунликни таъминлаши керак бўлган футболчилар ҳали марказга ҳам етиб боргани йўқ, бормоқчи ҳам эмасдек. Ажратиб кўрсатилган бўш зонани тўлдириб, Одилни қувватлаш эса ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти. Ҳамдамов нега қанотда югуришга давом этгани тушунарсиз, Шомуродов эса, ҳимоячиларни эргаштириб, иккинчи темп учун бўш зоналар очиши керак бўлган вазиятда – бу ҳам мантиқсиз, чунки иккинчи темпнинг ўзи йўқ. Футболчиларимиз Одилнинг икки футболчини алдаб ўтиб, шу бўш зонага ўтиб, нима қилишини кутиб туришни афзал билмоқдалар. Ахир футбол фақат ўйланган комбинацияларда эмас, вакилларимиз Аҳмедовнинг хаёлида нима борлигини билмасликлари табиий, аммо тўпсиз ҳаракатланиш орқали, унда етарлича вариантларни ҳосил қилишлари, ҳеч бўлмаса, рақиб ҳимоячиларининг диққатини тортиб, уларнинг вазифаларини қийинлаштиришлари керак эмасми?

Мен бир нарсага ишонаман – агар Месси билан икки ҳимоячини майдонга қўйиб юборсангиз, катта эҳтимол билан ўша ҳимоячилар бир ташланишда тўпни олиб қўйишади. Лекин ўйин пайтида ундай бўлмайди, сабаби, Мессининг жамоадошлари эътиборни жалб қилиш, футболчининг атрофида турли вариантларни ҳосил қилиш билан шуғулланишади. Месси истаса тўпни ёнидаги шеригига ошириши, истаса рақибни алдаб ўтиши мумкин. Мана шу икки вариант ҳимоячини чалғитади, финт эмас. Ҳар қандай дриблинг ҳам қайсидир маънода жамоавий ўйиндир.

БИРИНЧИ ЎЙИН

Хуллас, терма жамоамизнинг бугунги аҳволи мана шу. Баъзида бу энди биринчи ўйин экани, жамоа кейинги ўйинларда янада бир-бирини тушуниши, ўсиши мумкинлиги ҳам айтилади. Купернинг ўзи ҳам кейинги ўйинларда максимал натижа кўрсатишга уринишини айтди.

Лекин бундай мулоҳазалар асосан, қисқа муддатда бўлиб ўтадиган ва алоҳида тайёрланадиган турнирларда мантиқли бўлади. Саралаш ўйинлари эса, турли саналарда бўлиб ўтади, кейинги йиғин пайтида яна бошқатдан жамланади, футболчилар яна турлича спорт формасида, турли шароитларда бўлишади. Таркиб ҳам бугунгидан бошқача бўлиши мумкин. Мураббий бир йилдан бери терма жамоамиз билан бирга эканини ҳисобга олсак, бу ўйинга нисбатан «биринчи ўйин» тушунчасини ишлатиш нотўғридир. Ўртадаги танаффуслар ва қисқа йиғинларни эътиборга олсак, саралаш ўйинлардаги ҳар бир ўйин биринчи ўйиндир – бу энди баҳона эмас, ҳар бир терма жамоа мураббийи ҳал қилиши керак бўлган муаммодир.

ХУЛОСА

Мен мулоҳазаларимни айнан бир ўйин атрофида баён этдим, хулосалар ҳам бир ўйин атрофида бўлгани учун, аниқ ва қатъий баҳо бера олмайман. Биз кеча кўрган ўйин, яъни, савия жиҳатидан анча паст бўлган жамоага қарши тотал муваффақиятсизликнинг уч изоҳи бўлиши мумкин.

Биринчиси, мураббий айни дамда айни жамоани тайёрлаш, улар билан натижа кўрсатиш учун етарли ғоя ва режаларга эга эмас. Ёки бу ғояларни амалиётда қўллай олмаяпти.

Иккинчиси, футболчилар бор кучларини бериб ўйнашмаяпти, қайсидир маънода кўрсатмаларга саботаж қилишяпти, мураббий ва жамоа ўртасидаги мулоқот, муносабатга путур етган. Мураббий шогирдларига керакли ва етарли мотивацияни бера олмаяпти.

Учинчиси, футболчиларимиз Фаластинни менсимасдан майдонга тушишган, ўйин бошлангач эса, қаршиликни синдириш учун вазиятни ўнглай олишмаган.

Дастлабки икки ҳолатда, одатда зудлик билан истеъфо керак бўлади. Бу терма жамоа учун ҳам, мураббийнинг ўзи учун ҳам маъқул қарор. Агар биринчиси тўғри бўлса, ҳар қандай янги мураббий вазиятни ўнглаши, қисқа муддат учун натижаларни эпақага келтириши мумкин. Агар иккинчи ҳолат бўлса, билмадим, терма жамоа футболчилари учун клуб, яъни иш жойи эмас, бу ватан жамоаси – жамоани ким бошқариб, қандай кўрсатма беришидан қатъи назар, ҳаммаси виждонан бажарилиши, бор имконият ишга солинмагунча, мухлиснинг юзига қарай оладиган футболчиларга фақат хайф дейиш мумкин. Миллий жамоада бор кучни бериш учун алоҳида шароит, алоҳида кўрсатма шарт бўлмаслиги керак.

Учинчи ҳолатда эса, вазиятни ҳозироқ ўнглаш мумкин – бунинг учун футболчиларимиз дастлабки реакцияни намойиш қилишлари, кейинги ўйинда ўзларини жуда яхши кўрсатиб, чиройли ғалабага эришишлари шарт бўлади.

Қаҳрамон АСЛАНОВ

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз