Узбек O'zbek
Топ трансферларга баҳолар. Италия
Пайшанба, 05 Сентябр
6870

А Серияга ҳам ёзги трансферларда бир қатор юлдузлар келиб қўшилди. Қуйида ушбу трансферларнинг асосийлари ҳақида.

РОМЕЛУ ЛУКАКУ (Манчестер Юнайтед – Интер) – 65 миллион евро

Конте «Челси»да ишлаганида ҳам Лукакуни жамоага қайтаришга жиддий ҳаракат қилганди, демак мураббий системаси учун жуда мос футболчи олиб келинди. Мураббий трансфер нархи қониқарли бўлганини айтмоқда, Лукаку эса, унга жавобан ортиқча вазнни йўқотди, гол уришни бошлади ва муҳитни ўзгартириш зарур бўлганини айтмоқда.

«МЮ» икки йил олдин «Эвертон»га тўлаганидан камроқ пулга эга бўлди. Сульшер якунда марказий ҳимоячи амплуасида тажрибага эга бўлмаган Рэшфорд ва Марсиял билан қолаётган бўлса-да, бу трансферга қарши бўлмади. Инглизлар учун бу ишонч қандай якун топиши ҳозирча номаълум. Бельгиялик футболчи эса Италияда ишончни оқлашни бошлади – 2 ўйин ва 2 гол.


АЛЕКСИС САНЧЕС (Манчестер Юнайтед – Интер) – ижара

Алексис Санчес кўп йиллар ўтиб яна Италияга қайтди. Айтиш мумкинки, у Англияга киришиб кета олмади, ҳатто «Арсенал»да ҳам Санчес кўп вазиятларни индивидуал маҳорати эвазига ҳал қилган, жамоа ўйинига киришиб кетишда муаммолар бўлиб, жамоа муҳитига салбий таъсир кўрсатган. «МЮ»да ундан ёмонроқ, майдонда ҳам муаммоларга дуч келди.

Чили таркибидаги ўйинлар кўрсатмоқдаки, агар қулай шартлар бўлса, Алексис ҳали ҳам ёмон эмас. Бу томондан Италияда унда муаммо кам бўлади. Конте бундай ўйинчиларга майдонга жой топиб беришга уста. Эсингизда бўлса, жуда тартибли ва ҳимоявий «Челси»да ҳам у Азарга эркинлик бера олганди. Санчес ҳам худди шундай қурол бўлиши мумкин.

Санчеснинг маошининг қарийб ярми манчестерликлар томонидан тўланади. Инглизларнинг бунга рози бўлишганига ягона сабаб – «Интер»да сотиб олиш опцияси мавжуд эмас. Демак, агар Санчес Италияда ўйнаб кетса, «МЮ» трансфердан ютиши мумкин. Манчестерда туриб, унинг нархи ошмаслигини ҳамма билиб турганди.


МАТТЕЙС ДЕ ЛИГТ (Аякс – Ювентус) – 85,5 миллион евро

Де Лигт – Европанинг энг умидли ва универсал ҳимоячиларидан бири. У яккакурашларда ҳам, позицион ҳужумларда ҳам фойдали футболчи. Де Лигтсиз ҳам «Ювентус»да жуда яхши марказий ҳимоячилар бор эди, шунчаки, туринликлар бу трансфер орқали, клубнинг трансфер бозорида рақобатбардош эканини ҳам кўрсатиб қўйишди. Ахир футболчи учун деярли барча топ-клублар курашаётганди.

Роналдунинг трансферида бундай омил бўлмаган, айнан де Лигтнинг катта рақобат остида қўлга киритилиши «Ювентус»нинг буюклик рамзи бўлиб қолади.


ААРОН РЭМЗИ (Арсенал – Ювентус) – эркин агент. 

Френк Лемпард усулида ярим ҳимоядан жарима майдонига киришда тенгсиз футболчилардан бири. Бу эса, Роналдуга қўшимча қулайлик туғдиради, ҳимоячилар энди ҳужумчини кўздан қочиришлари мумкин. Рэмзи яхшигина маош эвазига ўтган бўлса-да, «Ювентус»га керакли футболчи эди.

«Арсенал» учун бу хато. Рэмзи бошида Эмерининг режаларига кирмади ва Турин клуби билан келишиб қўйди. Баҳорга бориб, у жамоанинг жуда муҳим футболчиларидан бирига айланганда эса, поезд кетиб бўлганди.


АДРИЕН РАБЬО (ПСЖ – Ювентус) – эркин агент

Рабьонинг ўтиши бироз тушунарсиз. Бу худди «Ювентус» савияли эркин агентларни йиғиб олиш одатидан воз кечмаганини кўрсатаётгандек. Табиийки, Рабьо ҳам жамоа учун жуда фойдали бўлиши мумкин, аммо айнан ҳозир у учун жамоада аниқ ролни кўриш қийинчилик туғдиради. «ПСЖ» эса, энг муаммоли футболчидан қутулди. Ҳа, унинг олдида ҳатто Неймарнинг қилиқлари ҳам ҳеч нарса эмасди.

Трансфер қиймати бўлмагани туфайли, Рабьонинг шартномаси анча баланд – футболчи маош бўйича Лигада учинчи ўринни банд этган.


ДИЕГО ГОДИН (Атлетико – Интер) – эркин агент 

«Атлетико» Диего Симеоне давридаги энг яхши ҳимоячисини йўқотди. Ҳатто шу ёшда ҳам Годин асосий таркибда фойдали бўлиши мумкин эди. Симеоненинг услуби Годиннинг энг яхши хислатларини (яккакурашлар, жарима майдонидаги ўйин, вазиятни баҳолаш) юзага чиқарган бўлса, камчиликларини (юқори ҳимояланиш, биринчи пас) яширар эди.

Годинни Контенинг «Интер»ида кузатиш қизиқ, аммо баъзи ҳадиклар бор. Биринчидан, энди унинг камчиликлари олдингидек яширилмаслиги шубҳасиз. Иккинчидан, «Интер» уч ҳимоячили схемада ўйнамоқчи, Годин эса, бунга ўрганмаган. 33 ёшли футболчи мослаша олармикин?


КОСТАС МАНОЛАС (Рома – Наполи) – 36 миллион евро 

Манолас қайсидир маънода Албиолга ўринбосар бўлади. У Анчелотти услубига кўпроқ мос келади, ҳатто. Умуман, бу трансфер «Наполи»нинг Сарри услубидан Анчелоттига ўтишини ажойиб тарзда ифодалайди. Албиол ўрнига Манолас келмоқда, шунингдек, Сарри даврида яхши ўйин кўрсатиб, Карлога тўғри келмаган Амаду Диавара «Рома»га ўтиб кетяпти.

Бу келишувда «Рома» ҳам ютяпти. Яхшигина пул билан бир қаторда, янги мураббий – Пауло Фонсека услубига мос бўлмаган ҳимоячи ўрнига, бошқа, мосроқ футболчи келмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз