Узбек O'zbek
Топ трансферларга баҳолар. Германия
Пайшанба, 05 Сентябр
2418

Бундеслигада асосан ички трансферлар рўй берди. Лекин бу сафар асосий харидор «Бавария» эмас, «Боруссия» бўлди. Мюнхенликлар эса асосий трансферларни хориждан амалга оширди. Қуйида Германиядаги ёзги трансферларнинг асосийлари ҳақида.

ФИЛИППЕ КОУТИНЬО (Барселона – Бавария) – 8,5 миллион евро ижара ҳақи

«Бавария» Коутиньони сотиб олишга мажбур эмас, «Барселона» ҳам футболчи учун маош тўлаб юрмайди. Ҳамма хурсанд.

Коутиньо ўзи каби футболчига муҳтож бўлган топ клубда навбатдаги имкониятга эга бўлади. Ўтган йили бу функцияни Хамес Родригес бажариши керак бўлганди. Коутиньода бунинг учун яхши имконият бор, аммо Хамес даражасида ёрдам бера оладими, бу масала ҳали очиқ қолмоқда. Чунки бразилиялик футболчи кўпроқ индивидуал маҳорат соҳиби, унинг кетиши «Ливерпуль»да айнан жамоавий футболни кучайтирганди. 


ЛЮКА ЭРНАНДЕС (Атлетико – Бавария) – 80 миллион евро

Жароҳати бор футболчи учун рекорд даражада пул тўлаган «Бавария» яхшигина риск қиляпти. Эрнандес жуда катта салоҳиятга эга, марказий ҳимояда ҳам, чап қанотда ҳам ўйнай олади, аммо унинг фаолиятида ҳали бирор тўлиқ мавсум йўқ. Рақобат ва жароҳатлар туфайли.

Люканинг ҳужумларга қўшилиши ҳам ўта юқори эмас. 80 миллион евро эса, ранг-баранг қобилиятларга эга бўлган футболчиларга тўланади. Тўғри, «Атлетико» келажакда жуда фойдали бўлиши мумкин бўлган футболчидан айрилди, аммо «Бавария» тўлаган нарх ҳам керагидан ортиқ.


БЕНЖАМЕН ПАВАР (Штутгарт – Бавария) – 35 миллион евро

Кўп жиҳатдан Эрнандесга ўхшаб кетади. У ҳам марказий ҳимояни, ҳам ўнг қанотни ёпа олади. У ҳам жаҳон чемпионатида Франция таркибида ҳаракат қилган, шунингдек, худди Эрнандес каби, асосан ҳимояда фойдали, ҳужумга кам қўшилади.

Фарқ шундаки, Павар аллақачон Германияда уч йил тажриба тўплаб улгурган ва трансфер қиймати ҳам анча паст. «Штутгарт» учун ҳам фойдали нарх – инглиз клублариннг Бундеслига бозорига кириб келиши «Бавария»нинг ишини анча қийинлаштирди, энди мюнхенликлар лига юлдузларини осонлик билан қўлга кирита олишмаяпти.


МАТС ҲУММЕЛС (Бавария – Боруссия Д) – 30,5 миллион евро 

«Бавария» ўзининг асосий рақобатчисига асосий ҳимоячисини беришга мажбур бўлди. Ҳуммелс ҳар томонлама бугунги дортмундлик ҳимоячилардан анча кучли, бунинг устига етакчилик хусусиятига эга. Ҳуммелснинг Дортмунд клуби билан яхши таниш экани ҳам қўшимча бонус сифатида хизмат қилади.


ТОРГАН АЗАР ( Боруссия М – Боруссия Д) – 25,5 миллион евро

Азар сўнгги мавсумларда Бундеслиганинг энг яхши ва барқарор ҳужумкор ярим ҳимоячиларидан биридир. Баъзи хислатлари билан акаси Эден Азарни ёдга солса-да, у масалан, чап қанотга боғланмаган, ўнг қанотда ҳам фойдали бўла олади. Дортмундда у айнан чап қанотдаги позиция учун рақобат қилса керак, чунки ўнг қанот Жейдон Санчо томонидан банд қилинган.

Торган аллақачон ўсишга тайёр бўлган, аммо Люсен Фаврнинг бироз прагматик услубидан жабр чекиши ҳам мумкин. «Боруссия» ҳозир Клопп ёки Тухел давридагидек, ўйинларда устунлик намойиш қилмаяпти. Дортмундда ҳозир жуда кўп ҳужумкор футболчилар – Гётце, Ройс, Санчо, Брандт, Азарлар уч позиция учун кураш олиб боришади. Уларга бир вақтда майдонга жой топиб бериш учун Гвардиола бўлиш керак, Фавр эмас. Айнан шу сабаб билан Кристиан Пулишич таркибдан четда қолганди. Энг яхши вариантда Азар жамоанинг муҳим бўлаги бўлиб қолади, бу амалга ошмаган тақдирда ҳам, бу трансфер Дортмунд таркибини кучайтирди, шубҳасиз.


ЮЛИАН БРАНДТ (Байер – Боруссия Д) – 25 миллион евро

«Байер»га Петер Бос келгач, Брандт ярим ҳимоя марказидан жой олди ва иккинчи даврада энг яхшилардан бири бўлди. «Боруссия» футболчининг шартномасида кўрсатилган маблағни тўлади ва уни қўлга киритди. Чемпионлар Лигаси олдидан «Байер» учун катта йўқотиш.

Брандт Торган Азарга нисбатан кучлироқ ва универсалроқ, шунинг учун Фаврнинг ҳар қандай схемасидан жой топа олса керак. Дортмундликлар учун ажойиб трансфер. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз