Узбек O'zbek
Топ трансферларга баҳолар. Англия
Пайшанба, 05 Сентябр
7398

Европада «кучли бешлик» жамоалари ёзда шов-шувли харидларни амалга оширди. Англияда ҳам ҳар сафаргидек ёзги трансферлар қизғин кечди. Қуйида уларнинг асосийлари ҳақида фикр юритилади.

ҲАРРИ МАГУАЙР (Лестер – Манчестер Юнайтед) – 87 миллион евро.

«Челси»га қарши ўйиндаги ажойиб дебют ҳимоячи учун жуда яхши истиқболни намойиш қилганди, аммо барибир, бироз хавотир бор. Аввало, барча топ-клублар каби, юқори чизиқда ҳимояланишда Магуайрда муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Бунинг устига жамоа ёш экани ва ўзаро тушунишлар даражаси маромига етмагани учун сарфланган сумма бирданига оқланишига ишониш қийин. Шу нуқтаи назардан, Виржийл ван Дейкнинг хариди янада аниқроқ бўлганди – у анча тайёр жамоага етишмаётган қисм сифатида сотиб олинганди. Манчестерда эса, барча чизиқларда жамоа энди шаклланмоқда.

Бу келишувда кўпроқ «Лестер«» ютди, дейиш мумкин. Клуб энг бошида қўйилган нархда қатъий турди ва якунда ўша пулни олди. Трансфер қийматини тушириш ниятида вақтни имкон қадар кечиктирган «Манчестер Юнайтед» эса, барибир барча шартларга кўнган ҳолда, футболчини Каррингтондаги мавсумолди йиғинларисиз қолдирди.

НИКОЛЯ ПЕПЕ (Лилл – Арсенал) – 80 миллион евро

Узоқ вақт Уилфрид Заага «ошиқ бўлган» «Арсенал» бирданига эътиборини Николя Пепега бурди ва бироз қимматроққа, лекин анча кучлироқ, универсалроқ футболчини қўлга киритди. Лондонликлар томонидан айтиш мумкинки, яхшигина пулни Пепега сарфлаган клуб, натижада ҳимояни кучайтира олмади. Албатта, бу ҳолатда Пепенинг айби йўқ ва ҳужумчи кўп жиҳатдан Эмери жамоаси мос келади.

Пепе учун хавотирли жиҳат шундаки, у унчалик ҳужумкор бўлмаган мураббий қўл остига келди ва шунингдек, бу жамоада Обамеянг ва Ляказетт бор. Ҳимояга путур етказмасдан туриб, ҳар уч футболчини таркибга жойлаштириш анча дадиллик талаб қилади. Пепе мавсумни жуда яхши бошлаган бўлса-да, умуман, жамоа учун энг керакли мурват эканига ишонч ҳосил қилиш учун яна тер тўкишга тўғри келади.

ЖОАУ КАНСЕЛУ (Ювентус – Манчестер Сити) – 30 миллион евро + Данило

Канселу Гвардиола учун муҳим тактик қуролдир. Энди «Сити»да ҳар икки қанот ҳимоячилари ҳужумкор бўла оладиган режим ҳам бор. Уокерни ҳужумкор дея олмаймиз ва кўпинча, у ҳужумга учинчи марказий ҳимоячи сифатида қўшиларди. Канселу ҳатто вингер сифатида ҳам яхшигина тажрибага эга ва худди Бенжамен Менди каби бутун қанот бўйлаб ўйнай олади.

«Ювентус» учун ҳам бу трансфер жуда ўринли. Маурисио Саррида асосан ўнг қанот ҳимоячилари чапдан кўра ҳимоявийроқ бўлишади. Хюсай ёки Аспиликуэтани мисол келтириш мумкин. Балки шунинг учун Сарри бошидан Канселуни сотишни ўйлаган. Ҳимоявийроқ ўнг қанот тизимига ҳатто Маттиа де Шильо кўпроқ мос келади. Клуб ҳам пул олди ва бу талаб учун мосроқ бўлган Данилони ҳам қўлга киритди.

ЖОВАННИ ЛО ЧЕЛЬСО (Бетис – Тоттенҳэм) – 15 миллион евро ижара + кейинчалик 40 миллион еврога сотиб олиш опцияси

Леви жуда яхши келишувни амалга оширди – Ло Чельсо учун тўланадиган трансфер суммаси келаси йилга қолдирилди, яъни бир йил футболчи ижара асосида тўп суради. Агар ҳаммаси ўхшаб қолса, клуб у қадар катта бўлмаган пулга Кристиан Эриксенга ўринбосар топган бўлади.

«Бетис» учун ҳам бу яхши пул, аммо Ло Чельсо учун адаптация кутилганидан қийинроқ бўлиши мумкин. Айниқса, Эриксен таркибда қолгани бу жараённи янада секинлаштиради – Жованни майдонда кўпроқ вақт бўлиши учун анча тер тўкиши лозим. Илк кунларда, ҳозирча Почеттино унинг спорт формасидан кўнгли тўлмаётганини айтмоқда. Албатта, Ло Чельсо Почеттино қўл остида ўйнаб кетади, аммо бунинг учун вақт керак.

РОДРИ (Атлетико – Манчестер Сити) – 70 миллион евро

Родри – илк йилларданоқ Гвардиола орзу қилган типдаги таянч яримҳимоячиси. Фернандиньо майдонда ўз вазифаларини яхши бажармоқда, ҳатто ўттиздан ошган бўлса-да, ўсишга эришди. Лекин айнан Родри системанинг муҳим калити бўлиши мумкин – уни янги Бускетс деб аташмоқда. 

Айниқса, Фернандиньонинг жароҳатидан сўнг, айнан шу позицияни тўлдириш жуда муҳим саналаётганди. Ёш футболчининг жалб этилиши жамоадаги ҳар томонлама мувозанатни таъминлади, дейиш мумкин. «Атлетико» футболчи учун яхши пул олган бўлса-да, ўтган мавсумдаги энг барқарор ва муҳим фигурасини йўқотди.

ТАНГИ НДОМБЕЛЕ (Лион – Тоттенҳэм) – 60 миллион евро 

Муса Дембеленинг кетиши «Тоттенҳэм»да чизиқларни боғлаш ва сифатли прессинг уюштиришда муаммолар келтириб чиқарди. Бунга жавобан Маурисио ўйин услубини бироз ўзгартирган ва янада вертикал ўйнашга ҳаракат қилди. Аммо майдон марказига доимий равишда жавоб бера оладиган ном йўқ эди.

Ндомбеле кўп жиҳатдан Дембелега ўхшаб кетади. Айниқса, рақиб босимида ўзини яхши ҳис қилади, кўпчиликни ўзига тортган ҳолда, тўпни йўқотмайди ва шерикларига бўш зоналарни очиб беради. Айтиш мумкинки, Ндомбеленинг келиши «Тоттенҳэм» ўйинини янада кучайтиради ва Почеттино яна эски, ҳужумкор услубига қайтади. 

ААРОН ВАН-БИССАКА (Кристал Пэлас – Манчестер Юнайтед) 

Сўнгги ойларда кўпчилик Аарон Ван-Биссаканинг ўзига хос портретини чизишди: ҳимояда ўтиб бўлмас қўрғон, лекин ҳужумларга кўп қўшилмайди. Бу таърифнинг акси бўлган Люк Шоу билан билан шерикликда футболчи Сульшер учун айни муддаодек кўринганди.

Аммо аслида бу ҳақиқатдан узоқроқ, Ван-Биссака ҳужумкор ўйнай олади, ҳатто у ёшлар жамоаларида вингер сифатида ҳаракат қилган, шунчаки, «Кристал Пэлас»да бу рол Ван Анҳолтга берилгани учун Аарон кўпроқ ҳимояга жавобгар эди. Манчестердаги илк ўйинлар ҳам буни исботлади, Аарон етарлича ҳужумлар ташкил қилишда қатнашмоқда. Аммо бу баъзи вазиятларда позицияни йўқотиб қўйишга ҳам олиб келяпти. Яхши тезликка ва жисмоний кўрсаткичларга эга бўлган ҳимоячига нисбатан эътироз йўқ.

Умуман, натижа нуқтаи назаридан «Манчестер Юнайтед» ҳамон муаммолар гирдобида бўлса-да, Магуайр ва Ван-Биссаканинг келиши ҳимоядаги ўйинни анча тартибга солинди дейиш мумкин. Масалан, тўрт турдан сўнг, АПЛда ўз дарвозасига энг кам вазият яратишга қўйиб берган жамоа «Юнайтед» бўлиб турибди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз