Узбек O'zbek
Испаниядаги топ трансферлар. Ким ишончни оқламоқда?
Пайшанба, 05 Сентябр
5875

Ёзнинг энг йирик трансферлари албатта Испания чемпионатига тўғри келди. Харидлар учун энг кўп пул сарфлаган клублар ҳам шу чемпионатнинг уч гранди - «Реал», «Барселона» ва «Атлетико» бўлди. Қуйида ушбу чемпионатдаги асосий трансферларга баҳо берилади.

ЖОАУ ФЕЛИШ (Бенфика – Атлетико) – 126 миллион евро

Албатта, Гризманн даражасига ҳали бор, лекин бу трансфер айнан франциялик ҳужумчи ўрнини босиш учун амалга оширилди. Фелиш «Бенфика»да худди шу услубда ҳаракат қилган – тўпсиз жуда яхши ҳаракатланади, креативлик ва самарадорлик мувозанати ҳам жойида.

Шундай бўлса-да, мадридликлар бироз кўпроқ тўлаб юборишди. Фелиш ёш, унда фақат бир йил юқори савиядаги тажриба бор, холос. Ҳимояланишда кучли эмас, буни Симеоненинг ўзи ҳам таъкидлади. Бошқа тарафдан, вазият осон эмасди, футболчига топ-харидорлар кўп эди. «Бенфика» эса «Атлетико»да етарлича пул борлигини билгани учун максимум суммани қўлга киритишга уринди. Бу вундеркинд мавсумолди йиғинларида ҳам ўзини кўрсатди, чемпионат ўйинларида ҳам барқарор ўйин кўрсатиб, уч ўйинда 1 гол уриб, бир голга пас берди.


КИРАН ТРИППЬЕР (Тоттенҳэм – Атлетико) – 22 миллион евро

Бир томондан жуда мантиқли ва бошқа томондан кутилмаган трансфер. Кутилмаган тарафи, асосан Лотин Америкаси вакилларига эътибор қаратиб келган Симеоненинг «Атлетико»сида англиялик футболчи. Ўйин томонидан эса, ҳаммаси тўғри – ўнг қанот ҳимояси муаммо эди. Ўтган мавсумда бу позицияда Арьяс ва Хуанфран тўп суришганди. Триппьер ҳимояланишда у қадар зўр эмас, лекин ҳужумларга қўшилиш, тўп узатиш бобида юқоридаги номлардан бир бош устун.

Лондонликларнинг 22 миллион евро эвазига инглиз паспортига эга бўлган асосий таркиб ўйинчисини бериб юбориши ҳам бироз тушунарсиз қарор. Бу ерда кўпроқ Кираннинг бошқа жамоада ўзини синаб кўриш истаги рол ўйнаган бўлиши эҳтимоли катта. У янги чемпионатда қанотдан голли паслар беришни бошлаб юборди.


АНТУАН ГРИЗМАНН (Атлетико – Барселона) – 120 миллион евро 

Бу трансфер кўпроқ Неймарнинг зарарига бўлди – франциялик футболчига сарфланган пуллар ёзнинг сўнгги кунида «Барселона»ни пулсиз қолдирди ва Неймар Парижда қолди. Аммо айтиш мумкинки, Вальверденинг вертикал футболи учун Гризманн мукаммал тарзда мос келади.

Антуан тўпни ўзида кўп ушлаб турмайди, чизиқлар орасида тўпни қабул қилиш, ҳимояни ёриб ўтувчи комбинацияларда жуда фойдали футболчи. У «Бетис»га қарши ўйинда жамоага йирик ҳисобда ғалаба келтирган бўлсада, «Атлетик» ва «Осасуна»га қарши ўйинларда йўқолиб қолди. Албатта, у ўзини «Атлетико»даги каби эркин ҳис қилмаслиги тайин, аммо биз уни ҳали ҳақиқий «Барселона» билан, яъни Месси таркибда бўлганида кўрмадик. 


ФРЕНКИ ДЕ ЙОНГ (Аякс – Барселона) – 75 миллион евро

Де Йонг, балки ўз даврининг энг иқтидорли футболчиларидан бири ва анчадан бери «Барселона»да ўйнашни орзу қилганди. Тўпни ҳужумга қадар етказиб беришда у ҳозир ҳам Европада тенгсиз, унинг бу хусусияти эса Мессини кўп ортга қайтишдан озод қилади. Умуман олганда, жуда ўринли трансфер.

Лекин айнан бугунги кундаги самараси борасида ҳали эрта. Де Йонг «Аякс»да 4-2-3-1 схемасида Ласса Шоне билан шерик эди. «Аякс» бош мураббийи Эрик тен Ҳааг Френки учун айнан шундай шерик кераклигини, у ҳақиқий «олтилик» сифатида ўйнашга мос эмаслигини айтганди. «Барселона»да эса уни Бускетсга узоқ йиллик ўринбосар сифатида кўришмоқда. Шунинг учун де Йонг ҳали кўп ўрганиши керак.

Шу томондан ва яна, Ракитичнинг жамоада қолганидан келиб чиқсак, бугунги кунда де Йонг учун энг мос позиция ҳали йўқ. Ҳатто Френки бугунги таркибдаги ўрнини Ракитичга ютқазиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳаммаси Вальверденинг танловига боғлиқ – узоқ муддатли пойдеворми ёки бугунги натижами? Бу танлов ўйиндан ўйинга ўзгариб туриши табиий. 


ЭДЕН АЗАР (Челси – Реал) – 100 миллион евро

Роналдунинг кетиши «Реал»ни сўнгги ўн йилликдаги ўзига хос услубидан ва етакчисидан айирганди. Негадир клубда Роналду кетмагандек ёки унинг кетиши ўйинга умуман таъсир этмайдигандек тутишди ва оқибати ўтган мавсумда нима бўлганини кўрдик.

Эден Азар айнан шу мақсадда, асосий куч сифатида олиб келинди. Бу ерда трансфер қиймати, бу ўтиш Азар учун нима бериши ҳақидаги ҳар қандай гаплар ортиқча. Айтиш мумкинки, аҳамият жиҳатидан Европанинг энг катта трансфери айнан шу бўлди. Аммо у мавсум бошланмасдан жароҳат олиб, жароҳатлар синдроми туфайли қийин аҳволда бўлган жамоасини яна қийин аҳволда қолдирди.


ЛУКА ЙОВИЧ (Айнтрахт – Реал) – 60 миллион евро.

«Мадрид» жарима майдони ичида жуда яхши ҳаракат қиладиган ва вазиятлардан фойдаланишда беназир бўлган ҳужумчини қўлга киритди. «Реал» айнан шу жабҳада муаммоларга эга эди, Йович эса ўзининг ажойи реализация билан Европанинг эътиборини қозонди.

Худди де Йонг билан «Барселона»да бўлгани сингари, мураббийга бирданига Йовичдан фойдаланишда муаммолар юзага келади. Биринчи вариант, Бенземанинг ўрнига тушириш, лекин Зидан франциялик ҳужумчини жуда юқори баҳолайди. Иккинчи вариант, икки ҳужумчи схемасида ҳаракат қилиш, аммо бу Эден Азарни севимли позициясидан маҳрум қилади ёки ярим ҳимояни кучсизлантиради.   


ФЕРЛАН МЕНДИ (Лион – Реал) – 48 миллион евро 

Ўтган мавсумда чап қанот ҳимояси «Реал» учун энг оғриқли нуқта эди. Марсело кўп жароҳат олди ва нуқул Солари билан жанжаллашди, натижада Регилонга рақобатни бой берди. Тўғри, Зиданнинг келиши Марсело яна спорт формасига қайтишига сабаб бўлди, лекин тушуниш мумкинки, энди ишонч сўнгган. «Реал»да бу позицияда ягона номзод сифатида Марсело қолишини исташмаяпти. 

Рақобат ё Марселони энг яхши савияга қайтишига ёрдам беради ёки асосий таркибда унинг ўрнига ёш, узоқ муддатли ўринбосар пайдо бўлади. Менди топ-клубда ўйнай оладиган салоҳиятга эга, фақат бу қачон амалга ошиши Марселога боғлиқ.


НАБИЛ ФЕКИР (Лион – Бетис) – 19.75 миллион евро

«Бетис»да Фекир трансферини ўша биз билган Денилсондан кейинги буюк келишув сифатида баҳолашмоқда. Футболчининг ва клубнинг мақомидан келиб чиқсак, ёзнинг энг ҳайратланарли трансферларидан бири бўлди дейиш мумкин.

Нарх нуқтаи назаридан тушунарли, футболчининг шартномаси тугашига бир йил қолганидан келиб чиқиб, «Лион» 30 миллион евро сўраганди ва турли бонуслар билан шу суммани қўлга киритиши мумкин. «Бетис» ҳам Европа ўлчовларидаги таниқли ном учун катта пул сарфламади. 

Фекир учун эса, номаълум, ўз лигасида етакчилардан бири бўлган ва ҳужумкор жамоадан оддий ўртамиёнага ўтмоқда. Ўзини кўрсатиб, топ даражадаги клубга бўлган йўл нуқтаи назаридан, «Лион» истиқболлироқ эди, «Бетис» бу нарсани бермаслиги мумкин. Тўғри, футболчининг қайталаниши мумкин бўлган жароҳати ҳақида ҳамма гапирди, бу жуда муҳим фактор, лекин нима бўлгандаям, Фекир учун бу трансфер пасайиш сифатида баҳоланса керак.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз