Узбек O'zbek
Ўзбек футболининг умиди Элдор Шомуродов «янги Шацких» бўла оладими?
Сешанба, 03 Сентябр
4389

«Ростов» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россия чемпионати янги мавсумининг асосий кашфиёти бўлиб турибди. 24 ёшли футболчи Премьер-Лига доирасида 8 марта майдонга тушиб, 7та гол урган ва тўпурарлар рўйхатида карвонбошилик қилмоқда. Унинг жамоаси эса «Краснодар» ва «Зенит» билан бирга пешқадамлар сафида бормоқда. Қайд этиш жоизки, ҳали ўзбекистонлик футболчилардан ҳеч ким Россия чемпионати тўпурарлари рўйхатида биринчи бўлмаган эди.

Футбол статистикасига ихтисослашган Whoscored портали маълумотига кўра, Шомуродов дастлабки 8 турнинг энг яхши уч нафар футболчисидан биридир. Элдор жамоадоши, ҳимоячи Дмитрий Чистяков ва «Спартак» ҳимоячиси Самуэл Жиго билан биргаликда рейтингда энг юқори - 7,7 балл тўплаган. Бир неча марта турнинг рамзий терма жамоасига киритилган.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон шаҳрида туғилган Элдор Шомуродов учун Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолияти ҳам муваффақиятли кечмоқда. 2019 йилда Элдор 8 марта майдонга тушиб, 7та гол урди. Ваҳоланки, бундан олдинги 28та ўйинида 6та гол урган эди. Умумий ҳисобда у 36та ўйинда рақиблар дарвозасини 13 марта ишғол этган.

Шубҳа қилмасак ҳам бўлади, Шомуродовнинг 2019 йилги ютуқлари Европа клубларининг скаутлари назаридан четда қолмаган. Улар аллақачон Элдорни ён дафтарчаларига ёзиб, «кузатув рўйхатига» қўшиб қўйишган бўлса ажаб эмас. Бундай вазиятда болалайдиган миш-мишлар эса уни ЦСКА, «Галатасарой», «Шальке» ва «Манчестер Юнайтед» клублари қизиқиш доирасига киритиб қўйди. Аммо «қизиқиш билдириш» бу ҳали трансфер амалга ошади дегани эмас. Ҳар йили топ-клубларнинг скаутлари минглаб футболчиларни кузатиб боришади. Якунда уларнинг саноқлиси энг яхши клубларга ишга жойлашади. Элдор бу даражага етиши учун ҳали кўп меҳнат қилишига тўғри келади.

Албатта Шомуродовнинг ютуқларини ўзбек футбол мухлислари ва мутахассислари ҳам мамнуният билан кузатиб боришмоқда. Максим Шацких порлаган даврлардан кейин футболимизда илк маротаба нафақат миллий жамоада, балки Европа майдонларида ҳам юқори савияда тўп тепаётган голурар футболчи пайдо бўлди. ЖЧ-2022 саралаш ўйинлари арафасида бу қувонарли ҳол ва мухлисларда яхши умидни уйғотмоқда.

2014 йили ўзбек футболидаги энг яхши ҳужумчилардан бири Максим Шацких миллий жамоадаги фаолиятини якунлагач, «оқ бўрилар»да барқарор голурар футболчининг ўткир танқислиги юзага келди. Максим Киевнинг «Динамо» клубидаги ўйинлари билан танилган, Европада ном қозонган, Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар (34та гол), Украина чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурар (124та гол), еврокубокларда «Ньюкасл» (Англия), «Фенербахче» (Туркия), «Реал» (Мадрид, Испания), «Байер» (Леверкузен, Германия), ПСВ (Нидерландия), «Андерлехт» (Бельгия), «Ювентус» (Италия) ва «Арсенал» (Лондон, Англия) клублари дарвозасини ишғол этган ноёб истеъдод соҳиби эди.

«Супермакс» кетганидан сўнг, биз турли даврларда Александр Гейнрих, Марат Бикмаев, Игорь Сергеев ва бошқа номларга умид боғладик. Афсуски, уларга юқори маҳоратга эга ҳужумчиларнинг асосий хислатига хос бўлган барқарорлик етишмади.

Хўш, Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги энг яхши ҳужумчи Максим Шацких даражасига чиқа оладими?

Унинг ўйинини, натижаларини кузатар эканмиз, беихтиёр, қайсидир маънода футболимизда Шацкихга ўхшаган, унинг изидан борадиган, ютуқларини такрорлайдиган ҳужумчининг пайдо бўлаётгани ҳақида умид учқунлари уйғонади.

Қайд этиш жоизки, айни пайтда Шацкихнинг миллий жамоадаги голлар сони бўйича рекордидан ўзиб кетишга 2 нафар футболчи яқин турибди. Улардан бири Одил Аҳмедов (19та гол), иккинчиси эса айнан бугунги кун қаҳрамони Элдор Шомуродов (13та гол).

Энди бироз орқага қайтамиз. 2017 йил ёзида Элдор Шомуродов «Бунёдкор»ни тарк этиб, «Ростов» клубига ўтди. Ўзбек футболига хос анъана бўйича унинг трансфер нархи эълон қилинмади. Нуфузли Transfermarkt портали Элдорни ўша пайтда 750 минг еврога баҳолаган эди.

«Ўйнаб кета олармикан?» - Шомуродовнинг Россия чемпионатига йўл олишини эшитганимизда шундай фикр мияга келган бўлса ажаб эмас. Чунки сўнгги йилларда Россия Премьер-Лигасида ўзини яхши намоён қилган футболчилардан фақат Одил Аҳмедовни эслаш мумкин.

Хавотирлар ўринли бўлди, илк мавсумда Элдор захира ўриндиғида қолди. «Ростов» бош мураббийи Леонид Кучук қўл остида у деярли ўйнамади ва узоқ вақт давомида Россия чемпионатига мослаша олмади. Нисбатан очиқ футбол намойиш этиладиган, рақиблар таъқиби кучли бўлмаган Ўзбекистон чемпионатидан бошқа лигага кетиб, муваффақиятли тўп тепиш ҳеч ким учун осон кечмайди.

Валерий Карпин «Ростов» бош мураббийи бўлгач, Шомуродов асосан захирадан майдонга тушди ва исландиялик ҳужумчи Сигурдарсонга ўринбосар сифатида қаралди. Аммо айнан Карпин Шомуродов фаолиятида бурилиш ясай олди десак тўғри бўлади. Мутахассис унда соф ҳужумчига хос хислатини пайқади ва ўйинларнинг охирида, рақибнинг суст жойларига босим уюштириш мақсадида майдонга тушириб турди. Натижада «Ростов» айнан Шомуродовнинг сўнгги дақиқаларда урган голлари эвазига «Спартак»ни мағлуб этиб, «Краснодар» билан дурангга эришди.

2019 йил ёзида «Ростов» исландиялик ҳужумчи Кьяртанссонни «Рубин»га ижарага бериб юборди. Карпин эса нурсиз ўйнаётган Сигурдарсонни захира ўриндиғига ўтқазиб қўйди. Натижада, Шомуродов асосий ҳужумчига айланди. Кўрсаткичлар ҳаммага маълум: футболчи тўпурарлар рўйхатида биринчи, «Ростов» пешқадамлар қаторида. Transfermarkt портали эса Элдорнинг трансфер нархи 2 баробар ошиб, 1,5 миллион еврога тенг эканини кўрсатмоқда.

Элдор Шомуродовнинг хислатлари ва камчиликлари нимада?

Ёш ҳужумчининг ҳислатлари тўғрисидаги бир неча мутахассисларнинг фикри билан мана бу жойда танишишингиз мумкин.

Умумий хулосаларга таянадиган бўлсак, Элдор тўпсиз жуда кўп ва яхши ўйнайди, тез-тез орқага қайтиб, ҳимоячиларга ёрдам беради. Бу хислатлари дунёнинг тўпсиз ўйнайдиган энг яхши ҳужумчиларидан бири Роберто Фирминони эслатиб юборади. Бундан ташқари, Шомуродов ҳимоячилардан бирини ўзига жалб қилиб, қанот ҳужумчиларига кенгликни очиб беради. Жарима майдони чизиғида тўпни ажойиб тарзда қабул қилади. Бу эса кўпроқ плеймейкерларга хос бўлган хислат.

Ўтган мавсумда Шомуродов кўпроқ «иккинчи қават ишчиси» вазифасини бажарди – ҳаводан келган тўплар учун курашди, уни жамоадошларига ташлаб берди, дарвозага йўллади. Бу мавсумда унинг вазифаси ўзгарди – энди у кўпроқ оёғи билан ўйнамоқда, рақибни алдаб ўтишга уринмоқда, жарима майдони ташқарисида ҳаракат қилмоқда. Энг муҳими – яхшироқ очилиб, вазиятлардан унумли фойдаланмоқда. Яна бир муҳим жиҳати – жамоадошлари учун голли вазиятларни яратиши. Бу мавсумда Элдорнинг ҳисобида атиги 1та голли узатма бор, аммо у «Ростов»нинг 12та голидан 9тасида иштирок этган.

«Минус»ларга тўхталадиган бўлсак, мутахассислар фикрига кўра, Шомуродов сайқаллаб олиши шарт бўлган кўникмалардан муҳими – тўғри прессинг қилишдир.

Элдорнинг қисқа вақт ичидаги ютуқлари бир неча клубларнинг эътиборига тушди. Аввалроқ ЦСКА ва «Галатасарой» унинг хизматига қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Аммо «Ростов»нинг у билан хайрлашиш нияти йўқ. Валерий Карпин Шомуродовни «лиганинг энг иқтидорли ёш футболчиларидан бири ва трансфер қиймати 50 миллион евро» эканини айтди. Элдорнинг ўзи эса вақти келганида Европада тўп тепишни истаётганини билдирди.

Россияда мавсум энди бошлаганини ҳисобга оладиган бўлсак, қандайдир хулосалар қилишга ҳали эрта. Дўппини осмонга отадиган вақт ҳам етиб келмади. Элдор ҳали кўп ишлаши, барқарор гол уриши, ўз ўйинини мукаммалаштириб, камчиликларини сайқаллаб, яхшилаб бориши кераклигини ҳаммамиз тушуниб турибмиз. Элдорда кўплаб ёшларнинг иқтидорини дафн қилган «юлдузлик касаллиги»ни ҳам кўрмаяпмиз, бу қувонарли ҳол. Агар футболчи ўз ўйинида барқарорликни таъминлай олса, шубҳасиз марра уники бўлади. Бу топ-клублар талаб қиладиган энг асосий хислатдир. Бир ўйинда бешта гол ургандан кўра, бешта ўйинда биттадан гол урган афзал – бу олтин қоида.

Шомуродов кумири сифатида Фернандо Торрес ва Дидье Дрогбани тилга олади. Элдор Торресга фақат тезкорлиги билан ўхшаб кетади. Аммо Дрогба билан умумий жиҳатлари кўпроқ: яккакурашларда таслим бўлмайди, жамоадошларига тўпни зўр оширади, тўпсиз яхши ўйнайди.

Максим Шацких 24 ёшида миллий жамоа таркибида 12та ўйинда майдонга тушиб, 9та гол урган эди. Шомуродовнинг бу кўрсаткичи 36та ўйинда 13та голга тенг. Унинг тажрибаси кўпроқдек кўринмоқда, аммо тўпурарлик кўрсаткичи бўйича анча орқада. Шацких еврокубокларда кўп марта иштирок этди, Чемпионлар Лигасида кўплаб жамоаларнинг дарвозасини ишғол қилди. Шомуродовнинг «Ростов» билан бу маррага етишиши мушкулроқ, бунинг учун унга ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган бошқа жамоа керак бўлади. Бунга эришиш учун ҳали жуда кўп меҳнат қилишга, кўп нарсани исботлашига тўғри келади.

Аммо Шомуродовнинг Шацкихдан бир устун жиҳати бор: Максим миллий жамоа билан жаҳон чемпионатида тўп тепиш орзусини амалга оширолмади, Элдорда эса буни рўёбга чиқариш учун имконият бор. Ўзбек футбол мухлисларининг кўп йиллик орзусини ҳам.

Нурмуҳаммад Саид 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз