Узбек O'zbek
Шомуродов – Россияда ойнинг энг яхши футболчиси бўлди
Сешанба, 03 Сентябр
7190

«Ростов»нинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россия Премьер-лигасида август ойи якунларига кўра энг яхши футболчи деб топилди.

РПЛ экспертлари ҳам, «Матч Премьер» экспертлари ҳам, мухлислар ҳам бир овоздан Шомуродовни ойнинг энг яхшиси деб топишган.

Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси август ойида Россия чемпионатида 5 ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 5 бор ишғол қилган. У Александр Соболевни («Крилья Советов») 1 гол фарқи билан ортда қолдириб, жами 7 гол урган ҳолда тўпурарлар пойгасида биринчи ўринда бормоқда.

Июль ойида ҳам Шомуродов ойнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун номзодлар қаторига кирган, аммо ўшанда бу мақом Соболевга берилганди.

Шунингдек, «Ростов» бош мураббийи Валерий Карпин август ойининг энг яхши мураббийи деб топилди. РПЛ экспертлари ўз овозини «Краснодар» бош мураббийи Сергей Матвеев учун беришганди, «Матч Премьер» экспертлари ва мухлислар Карпинни танлашди.

Август ойида донликлар «Крылья Советов» (1:0), «Рубин» (2:1) ва «Локомотив» (2:1) билан ўйинларда ғалаба қозонди, «Урал» билан ўйинда дуранг ҳисоб қайд этилди (2:2) ва «Уфа»дан мағлуб бўлинди (0:2). Валерий Карпин июль ойида ҳам чемпионатнинг энг яхши бош мураббийи сифатида тақдирланганди.

«Ростов» 8 тур якунларига кўра 17 очко жамғариб, «Краснодар» ва «Зенит» билан бир хил натижа кўрсатган ҳолда 1-3 ўринларни бўлишиб турибди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз