Узбек O'zbek
Неймар Парижда қолди. Бир йилдан кейин унинг нархи тушади
Сешанба, 03 Сентябр
8978

Ёзнинг энг шов-шувди трансфер афсонаси якунланди. Барча томонлар норози бўлсада, Неймар фаолиятини «ПСЖ»да давом эттирадиган бўлди.

2017 йил августида минглаб фанатлар футбол трансфери мўъжизасини кўриш учун Париж кўчаларига чиқишганди. Сайёранинг энг машҳур футболчиларидан бири бўлган Неймар рекорд нарх эвазига «Пари Сен-Жермен»га ўтган, шайхлар унинг учун 222 миллион евро тўлашганди. Ўшанда бу трансфер уддалаб бўлмас ишдек кўринганди, бу болалар эртакларининг рўёбга чиқиши эди, гўё. Бу эртакка ҳатто УЕФА ишонганди: ишонди ва  — молиявий фэйр-плей учун жамоани жазоламади, гарчи «ПСЖ» доирадан чиқиб кетган бўлсада. Мўъжизага фақат шайхлар ишонишмаганди. Улар ҳар эҳтимолга қарши Неймарнинг шартномасига ахлоқ бўйича алоҳида бандлар киритишди. Бразилиялик футболчи одобли бола бўлиши, жамоада гуруҳбозлик қилмаслиги, фанатларга ҳамиша жилмайиб қараши ва ҳеч қанақасига «Пари Сен-Жермен» клуби имижига зарар келтирмаслиги керак эди.

Лекин Неймар худди «Барселона»га садоқат учун бонусларни оқламаганидек, парижликлар клубида ҳам бундай бонусларга муносиб бўлмади.

Жароҳатлар ва зиддиятлар
Неймар диққат марказида бўлиши кутилганди ва шундай бўлди ҳам. Аммо шайхлар истаганидек эмас. Париждаги икки йил мобайнида бразилиялик футболчи ҳакамларни сўкди, мухлислар билан жанжаллашди, бошқа жамоа футболчилари билан ҳам жиққамушт бўлди. У ўзини асосий пенальтист қилишни талаб қилиб парижликлар клуби кийим алмаштириш хонасидаги муҳитни ҳам бузди. Клуб футболчилари ҳар сафар рақиб дарвозаси томон жарима зарбаси белгиланганда ғамгин ҳолга тушиб, Кавани ва Неймар тўп учун қандай талашаётганини кузатишарди. Ўйинлардан кейин эса бразилиялик футболчи матбуотда ўзини тушунмаётганликлари ҳақида жар соларди. Бундан ташқари, унинг қилиқлари жонига теккан рақиблар майдонда тез-тез Неймарнинг оёқларига тепишарди. Оқибатда — кўп сонли жароҳатлар туфайли у парижликларнинг ўйинларининг учдан бир қисмида иштирок этмади.

Қаторасига икки мавсумда клуб Неймарсиз Чемпионлар лигасини тарк этди. Бу 2016 йилда бразилиялик футболчи «Барселона» таркибида ўйнаб, «ПСЖ»ни турнирдан чиқариб юборганидан кўра хунукроқ манзара эди. Ахир шайхлар «Манчестер Юнайтед»га ютқазиб турнирдан чиқиб кетиш ёки ҳамиша чўлоқланиб юрадиган Неймарга катта маошлар тўлаш учун лойиҳага катта пуллар тикишмаганди.

Иккинчи трансфер эртаги
«Барса» президенти Хосеп Бартомеу «дарбадар ўғил»нинг қайтишига қарши эмаслигини яширмади. Лекин муаммо нархда эмасди, гап шайхларнинг каталонияликлар билан муносабатида эди: Чемпионлар лигасидаги 1:6 ҳисоби туфайли Носир Ал-Хелайфи «Барса»нинг сўзларини эшитишни ҳам истамасди. Қолаверса — Неймарнинг қайтиши бўйича музокаралар ўтказиш очиқчасига ўз хатосини тан олиш ҳисобланарди. Бундай қадам шайх учун таҳқиромуз ҳолат бўларди. Аммо музокаралардан қочишнинг имкони йўқ эди: бразилиялик футболчи тинмай тўполон қилар, ҳаётидан норозилик билдирарди, интервьюларидан бирида эса ҳалигача ЕЧЛда «ПСЖ» устидан қозонилган тарихий ғалаба ҳақида илиқ хотираларни эслаб туриши ҳақида гапирди. Унинг бу даражадаги ношукрлиги ва сурбетлигидан кейин, Париж истамайгина музокараларга киришди.

Неймар фамилияли футболкалар клуб атрибутикалари дўконидан йиғиштириб олинди, бразилиялик футболчи эса клуб ўйинларига заявка қилинмади. Париж ўз футболчисини қаерга бўлса ҳам сотишга тайёр эди, аммо «Барселона» энг исталмаган вариант эди. Бразилиялик футболчи учун курашга орада «Реал» ҳам қўшилди, аммо мадридликлар ёзги трансферлар учун 300 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлаб бўлишган ва энди 200 миллионлик трансферга имконият йўқ эди, шунинг учун қизиқишлар музокаралар столигача етиб бормади. Бундан ташқари, «Реал» бир йилдан кейин парижликларнинг бошқа юлдузли футболчиси Мбаппени сотиб олишни режалаштирган ва агар Неймар ҳозир харид қилинса, «ПСЖ»дан кейин бошқа футболчисини олиш осон бўлмасди. Шу тариқа, «Барса» ўзининг собиқ футболчиси учун ягона даъвогарга айланди.

Музокаралар давомида аён бўлдики, «Барселона» араб шайхлари каби молиявий ресурсларга эга эмас. Неймар учун икки йил муқаддам олинган пулларни каталонлар ўшандаёқ Коутиньо ва Дембеле учун совуриб юборишганди. «Совуриш» сўзи бу ўринда ўринли, чунки икки трансфер ҳам ўзини оқламади. Лекин «Барселона»да кераксиз футболчилар бор эди ва Бартомеу уларни алмашишни таклиф қилди.

Шайхлар Бартомеу навбатма-навбат таклиф қилган Ракитич, Коутиньо ва Дембелега ишонқирамай қарашди ва Неймарни уларга алмаштиришни исташмади. Парижга молиявий фэйр-плейга риоя этилиши учун катта пул ҳам керак эди. Қолаверса, Ал-Хелайфи учун каталонияликлар трансфер учун икки йил муқаддам парижликлар сарфлаган пулдан кам бўлмаган пул тўлаши муҳим эди. Бу борадаги фарқ худди Чемпионлар лигаси плей-оффидаги ортиқча бир гол каби муҳим эди. Ким кўпроқ олса — ўша ютади, ким камроқ олса — ўша ютқазади. Мағрур шайх бир рақибга иккинчи марта ютқазишни истамасди.

Музокаралар трансферларнинг сўнгги кунларида фаол босқичга чиқди: Бартомеу Неймарни кейинги йил ёзида 170 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йилга ижарага олиб, Парижга Дембеле, Ракитич, Тодибога қўшиб маълум миқдордаги пул бермоқчи бўлди (музокаралар давомида бу рақамлар 40 миллион билан 200 миллион евро орасида айланди). Париж «йўқ» дейишдан чарчамади, музокараларга бразилиялик футболчининг ўзи ҳам аралашди ва трансфер учун ўз ҳисобидан 20 миллион евро қўшмоқчи бўлди. Бу парижликлар учун ўз хатоларини тан олиш, таҳқирланиш ва хўрланиш демак эди. Парижга пуллар учун келган ва «Барса» билан бонуслар учун судлашган Неймар энди ортга қайтиш учун трансфернинг бир қисмини тўлашга ҳам тайёр даражада Париждан безганди. Шайхлар бу таклифга кескин рад жавобини беришди ва музокараларни зудлик билан тўхтатишди.

Якун
Париж клуби дўконларига 10-рақамли футболка қайтарилди, Неймар яна «Пари Сен-Жермен» машғулотида пайдо бўлди. ОАВда у машғулот вақтида жамоадошларидан бири билан жанжаллашиб кетгани ҳақида хабар тарқалди. Машғулотдан кейин берган интервьюсида 28 ёшли бразилиялик Франциядаги ҳакамликдан ва уни «севмайдиган» мухлислардан норози эканини айтди. Бу сўзлардан кейин фанатлар ҳам, ҳакамлар ҳам Неймарга максимал даражада севги изҳор қила бошламаслиги аниқ, барчаси акс таъсир кўрсатиши ҳақиқатга яқинроқ. У билан аввалдан яхши муносабатда бўлмаган жамоадошлари ҳам бу сўзлардан кейин ундан янада узоқроқ тутишлари мумкин. Неймар энди олдинда турган мавсумни бир амаллаб ўтказиб,  «ПСЖ»ни 170 миллион евро эвазига такр этиши мумкин бўлган даврга етиб олиши керак: шартномада 2020 йил ёзида у айнан шунча маблағ эвазига кетиши мумкинлиги кўрсатилган. Унинг эндиги вазифаси — қайсидир жамоа уни шунча маблағ сарфлаб сотиб олишига эришиш бўлади, йўқса у ўз трансфери учун ўзи пул тўлашига тўғри келади.

«Барселона»да қандай вазият? Неймар қайтиши ҳақидаги хабарлар клуб кийим алмаштириш хонасидаги муҳитга жиддий таъсир кўрсатгани тайин. Ёзги трансферлар давомида кўк-анорранглиларнинг камида уч нафар футболчисига у бразилиялик футболчи ўрнига Парижга бориши кераклиги айтилди. Дембеле билан боғлиқ вазият тушунарли, лекин садоқатли ва меҳнаткаш Ракитичга бундай муносабат қилиниши ноҳақлик бўлди. «Барселона» президенти ўз пулини ҳалол топадиган хорватиялик футболчидан кўра кўнглига келиб, клунинг катта пулларни совурадиган Неймарни қадрлашини бир неча бор таъкидлаганди. Бунга футболчилар қандай қарашади? Раҳбариятнинг позициясини тўғри тушуниш мумкин, Каталонияда мухлислар бразилча фокусларни ахлоқий қадриятлар ва клубга садоқатдан кўра кўпроқ қадрлашади. Неймарнинг «Барселона»га қайтиши ҳақидаги сериалнинг биринчи фасли шундай хулоса билан тугади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз