Узбек O'zbek
Гризманнинг қочиши, Азарнинг орзуси ва Неймарнинг армони. Ёзги трансферларга назар
Сешанба, 03 Сентябр
4787

Европа трансферлар бозори якунлари: энг йирик трансферлар ва амалга ошмаган режалар ҳақида.

Барча орзулар ҳам амалга ошавермайди

Эден Азар ёзнинг илк кунларидаёқ «Реал» футболчисига айланганида шундай ҳиссиёт пайдо бўлганди: ёзнинг асосий трансфери амалга ошиб бўлди, бу ёзда бундан зўр трансфер бўлмайди. Ахир гап мадридликлар клуби президенти Флорентино Переса томонидан «Сантьяго Бернабеу»нинг Криштиану Роналду соғинчини босиш учун олиб келинган футболчиси ҳақида гап кетмоқда.

Агар агар Неймар «Барселона»га қайтганида ҳозир ҳеч ким бутун умри давомида Мадридга келишни орзу қилган бельгиялик футболчи ниҳоят 100 миллион евро эвазига трансфер бўлиб, орзусига етишганини эслаб ўтирмаган бўларди. Каталонияликлар клубининг «ПСЖ» билан Неймар бўйича музокаралари сериалга айланиб кетди, аммо ҳеч ким «Оскар»ни қўлга киритмайдиган бўлди. Усмон Дембеле ёвуз одам ролини ўйнаб чиқди. Француз футболчиси ушбу трансфер доирасида ватанига қайтишдан қатъиян бош тортди, ҳатто уни Дортмундда янги босқичга олиб чиққан Томас Тухелнинг аралашуви ҳам наф бермади. Қолаверса, Париждагилар футболчи алмашишдан кўра пул олишни маъқул кўрарди. Пуллар бўлади, аммо бир йилдан кейин ва фақат 170 миллион евро. Неймарнинг шартномасида 2020 йилнинг ёзига бориб бадал пули миқдори шунчага пасайиши кўрсатилган.

Лаънатга учраган собиқ кумир

Неймар Парижнинг «олтин қафаси»да қолган бўлса, Антуан Гризманн Мадриддаги гўшасини тарк этишга муваффақ бўлди. Ўтган йил француз ўзининг «Атлетико»да қолиши тўғрисида бутун бир фильм ишлаганди, аммо бир йил ўтиб бирданига янги чорловлар учун «Камп Ноу»га йўл олишини эълон қилди. Лондонлик мухлислари кўзда ёш билан хайрлашган Азардан фарқли равишда, Гризманни ортидан лаънатлаб қолишди, «Ваньда Метрополитано»да ҳужумчи номига қўйилган лавҳани бузиб ташлашди. «Атлетико» раҳбариятини ҳам «Барселона» ва футболчи шартномада кўрсатилган бадал пули 200 миллион евродан 120 миллион еврога тушган июль ойи бошланишидан анча аввал келишиб қўйганидан ғазабга минди.

Энг қиммат вундеркинд

Кўпчилик Гризманн кетиши билан «Атлетико»нинг Чемпионлар лигаси ва Испания чемпионати ғолиблиги учун амбициялари сўниши мумкинлиги ҳақида ўйлай бошлаганди. Аммо унинг ўрни бўш қолмади. Энди Мадриднинг оқ-қизил қисмида янги кумир — 19 ёшли португалиялик вундеркинд Жоау Феликс бор. У ўзини кўрсатиб, ёзги трансферлардаги энг қимматбаҳо трансфер бўлиши учун «Бенфика»даги ярим мавсум етарли бўлди. Янги жамоа қуришга киришган «Атлетико» лиссабонликларга унинг шартномасида кўрсатилган 126 миллион еврони тўлашига тўғри эди. Яъни, Феликс ҳозирданоқ Гризманндан қимматроқ, унга энди мухлислар қарғишига йўлиққан ўтмишдошидан 7-рақам ва омма меҳри мерос бўлиб қолди. Ёш португалияликнинг  Криштиану Роналду билан дуэли эса Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг эътиборли ҳодисаларидан бири бўлади.

Ҳимоячилар рекордлари

Бир йил муқаддам трансферлар бозорида дарвозабонлар нархи бўйича рекордлар янгиланганди, аввалига «Ливерпуль» Алиссон бу мақомга эришган, бир неча кун ўтиб «Челси» Кепе Аррисабалагани рекорд нархда сотиб олганди. Ўшанда Чемпионлар лигасининг яна бир бўлажак соҳиби Виржийл ван Дейк энг қимматбаҳо ҳимоячи бўлиб турганди. Бу йил эса рақиб ҳужумларини тўхтатувчи футболчиларнинг нархи ўсиши давом этди ва жаҳон рекорди икки марта янгиланди. Аввалига «Бавария» кутилмаганда «Атлетико»дан Лукас Эрнандесни сотиб олишга 80 миллион евро сарфлади, лекин бу рекорд эмасди, 2018 йил январида «Ливерпуль» «Саутҳемптон»га ван Дейк учун 84,65 млн евро сарфлаганди, ван Дейкни дастлаб унинг ёш ватандоши Маттейс де Лигт қувиб ўтди, бу 19 ёшли футболчи учун «Ювентус» «Аякс»га 75 миллион евро тўлади, яна 10,5 млн евро миқдоридаги бонус кўзда тутилган, кейин  «Манчестер Юнайтед» «Лестер»га Англия терма жамоасига номзод бўлган ҳимоячи Ҳарри Магуайр учун 87 миллион евро тўлашга рози бўлди. Кўринишидан ажойиб трансферлар, аммо бу трансферларни ҳақиқий ақлсизлик дейиш ҳам мумкин.

Коутиньо учун Мюнхенда имкон

Харидорда муайян муддат ичида ўзини қониқтирмаган харидни дўконга қайтариб бериш имконияти бўлади. Футболда бунақаси имконсиз, миш-мишларга кўра, «Реал»дагилар Бундеслиганинг ўтган мавсумида порлаган сербиялик тўпурар Лука Йовичнинг трансферидан афсусда. 60 миллион евро — ҳатто «Қироллик клуби» учун арзимас пул эмас. Агар гап икки баравар кўпроқ сумма ҳақида кетсачи? «Барселона» ҳам Филиппе Коутиньони 146 миллион еврога харид қилганди! Бир йил давомида у «Камп Ноу»га мослаша олмади ва тинимсиз равишда трибуналардаги ҳуштакбозликларга дучор бўлди, шунинг учун унинг «Бавария»га ижарага бериб юборилиши — барча учун идеал вариант бўлди. Афтидан, бундай келишувлар орқали («Интер»дан Иван Перишич ҳам ижарага олинди) Германия чемпионлари Роберта Левандовскини шартномани янгилашга кўндиришди. Агар Коутиньо Мюнхенда ҳам ўйнаб кетолмаса, бразилиялик футболчини ҳам Хамес Родригес билан бўлгани каби ижара муддати тугагач ортга қайтариб юборишади. Агар у «Бавария»да ҳам «Ливерпуль»да кўрсатган ўйинларини намойиш эта олса, немислар унинг трансфери учун 120 миллион еврони аямасликлари аниқ. Немислар, албатта, пулга пухта, аммо Лукас Эрнандесни 80 миллион еврога сотиб олган жамоада пул кўп.

Икардининг қувилиши

Трансферларнинг сўнгги кунида «Икардининг «Интер»дан ҳайдалиши» номли сериалга якун ясалди. Фанатлар ва клуб босслари ғазабига йўлиққан сардор янги бош мураббий Антонио Контенинг режаларидан ҳам ўрин олмади. Миш-мишларга кўра, агар аргентиналик футболчи бошқа клубга кетишга рози бўлмаса, у шартномаси муддати якунига қадар захира ўриндиғида қолишини ваъда қилишган. Юридик эътирозлардан қочиш учун форвардга Осиёдаги турне вақтида (у турнега олиб кетилмади) алоҳида шуғулланиши учун мураббий ёлланди, янги мавсум бошлангач эса футболчи асосий жамоа билан машғулотларда қатнашди. Хабарларда Икарди «Ювентус» ва «Наполи»га рад жавобини бериб, «Интер» сўраган 65 миллион еврони тўлашга тайёрлиги айтилган «Монако»га ўтиши маълум қилинганди.

Футболчи ва клуб ўртасидаги можаро судгача бориши ҳам мумкин эди, аммо Мауро ва унинг агенти ҳисобланган машҳур рафиқаси Ванда Нара футбол фойдаси учун қарор қабул қилишди. Янги мавсумни Икарди «ПСЖ»да ўтказади, бу жамоанинг ҳужумчилари Килин Мбаппе ва Эдинсон Кавани жароҳат олган, Неймар эса ҳамон ҳаммадан хафа. Уругвайлик футболчи мавсум якунида шартномаси муддати тугаб,  МЛС чемпионатига, уни кутаётган Дэвид Бекҳэм жамоасига - «Интер Майами»га йўл олиши кутилмоқда, Икарди эса бир йиллик ижара муддати тугагач, парижликлар томонидан 70 миллион еврога сотиб олиниши мумкин. Париж трансферларнинг сўнгги кунида диққат марказида турди, Неймарнинг масаласи бўйича музокаралар сўнгги кунгача давом этди, қолаверса жамоага жаҳоннинг энг кучли дарвозабонларидан бири Кейлор Навас келди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз