Узбек O'zbek
Европада трансферлар дарчаси ёпилди. Сўнгги куннинг 10та асосий трансфери
Сешанба, 03 Сентябр
11817

Тошкент вақти билан 3 сентябрь куни соат 3:00да Европа чемпионатларида ёзги трансферлар даричаси ёпилди. Дастлаб, 2 сентябрь куни соат 21:00да  Бундеслигада трансферларни амалга ошириш тўхтади, Италияда янги трансферларни расмийлаштириш 3 сентябрга ўтар кечаси соат 1:00гача давом этди, Россияда соат 2:00да, Испания ва Францияда эса соат 3:00да трансферлар ойнаси ёпилди. Қуйида сўнгги кунда амалга оширилган асосий трансферларни келтириб ўтамиз.

Хавьер Эрнандес, «Вест Ҳэм» — «Севилья»

«Вест Ҳэм»да икки йил ўтказган Чичарито кутилмаганда нисбатан кучлироқ жамоа аъзосига айланди. Мексикалик ҳужумчи «Севилья» билан шартнома имзолади. Goal.com нашри маълумотига кўра, испанлар форвард учун 8 миллион евро тўлашган. Ўтган мавсумда Эрнандес АПЛнинг 25 ўйинида майдонга тушибб, атиги 7 гол урганди, шу туфайли у «Севилья»га нега керак бўлиб қолгани тушунарсиз. Катта эҳтимол билан, 31 ёшли футболчидан испанлар клуби ротацияларда фойдаланишади. Эрнандес кўп марта захирадан тушиб, ўзининг қандай хавфли футболчи эканини кўрсатган.

Генрих Мхитарян, «Арсенал» — «Рома»

Image

«Арсенал»да захира футболчисига айланиб қолган арманистонлик яримҳимоячи фаолиятини қайта тиклаш имкониятига эга бўлди. «Рома» Генрих Мхитарянни 3 миллион евро эвазига кейинчалик 15 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан бир мавсум учун ижарага олди. Шунингдек, агар футболчи Римда ўзини яхши томондан кўрсата олса, «тўпчилар» 100 минг евро миқдорида бонус олиши мумкин. Италияга кўчиб ўтиш Генрихнинг фойдасига ишлаши аниқ. «Рома»да у етарли ўйин амалиётига эга бўлади, Европанинг энг яхши чемпионатларидан бирида тўп суради.

Евгений Коноплянка, «Шальке» — «Шахтёр»

Image


Хорижда 4 йил саргардон бўлган 29 ёшли украиналик вингер ватанга қайтди. Коноплянка Донецкнинг «Шахтёр» клуби билан уч йиллик шартнома тузди. 

«Шахтёр» бошқа клубларга қараганда жиддийроқ қизиқди. Бу мен учун ёқимли, мен ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. Бу жамоа оиласида бўлишдан бахтиёрман. Мен Украинага қайтганимдан хурсандман. Бу менинг уйим», — дея қайд этди Евгений янги клуб сафига ўтгач. 

Футболчи Испания ва Германияда очилиб кетолмади. У «Севилья»да ҳам, «Шальке»да ҳам асосий таркибдан муқим жой ололмаганди.

Кейлор Навас, «Реал» — «ПСЖ»

Image
Тибо Куртуа «Реал»га келгач, Кейлор Навас захира ўриндиғига михланди. Костарикалик тажрибали дарвозабон бир йил давомида ўринбосар ролида бўлди ва ўз имкониятини кутди, аммо ёзда унинг сабри тўлди. Дарвозабон ўзини трансферга қўйишларини сўради, энди у «ПСЖ» билан 4 йиллик шартномага эга. Ниҳоят Кейлор яна ақл бовар қилмас сейвлари билан мухлисларни хурсанд қила бошлайди. Ареола ижара асосида Мадридга кўчиб ўтиши муносабати билан у парижликлар клубида биринчи рақамли посбонга айланади.

Альфонс Ареола, «ПСЖ» — «Реал»

Image
Парижга кетган Наваснинг «Реал»даги бўш қолган ўрнини 26 ёшли Альфонс Ареола эгаллади. «ПСЖ» дарвозабони билан «қаймоқранглилр» бир йил муддатга ижара шартномаси тузишди. Ушбу дарвозабон ўтган мавсумда Франция чемпионатида 21 ўйинда майдонга тушган, яна 17 ўйинда дарвозани Жанлуиджи Буффон қўриқлаган. Француз посбонга Испанияда қанча ўйинда имконият берилиши – номаълум. «Қироллик клуби» уни асосий дарвозабон сифатида таклиф этмагани аниқ.

Радамель Фалькао, «Монако» — «Галатасарой»

Image
Шу йил ёзида «Монако» форварди монегаскликлар клуби унга янги шартнома таклиф қилмагани, шунинг учун у фаолиятини давом эттириш учун вариантлар қидираётганини маълум қилганди. Фалькаога энг кўп эътибор «Галатасарой» томонидан қаратилди, колумбиялик футболчи Туркияда футболга алоҳида эътибор қаратилишига амин бўлди - Радамель Истанбулга қўнганида, уни туркиялик 25 минг фанат кутиб олди. Бир кун ўтиб у «Галатасарой» билан 3 йиллик шартнома тузди, унинг бу клубдаги йиллик маоши 5 миллион еврога тенг.

Анте Ребич, «Айнтрахт» — «Милан»


Россиядаги жаҳон чемпионатида порлаган хорватиялик яримҳимоячи «Милан» футболчисига айланди. Итальянлар клуби Ребични «Айнтрахт»дан 5 миллион евро эвазига ижарага олишди. Келишув икки йил муддатга тузилган. Ўтган мавсум Германияда футболчи ажойиб мавсум ўтказганди, у Бундеслига ўйинларида 9 гол уриб, 4 голга узатма берган. «Айнтрахт» ушбу хорватни 2018 йил июнида 2 миллион евро эвазига «Фиорентина»дан трансфер қилганди, Transfermarkt маълумотига кўра, унинг трансфер қиймати ҳозирда 40 миллион евро атрофида. Шундай экан, агар Италияда Ребич янада яхшироқ ўйнаса, немислар унинг трансферидан яхшигина пул ишлаб олишлари мумкин.

Мауро Икарди, «Интер» — «ПСЖ»

Image
Мауро Икардининг қийинчиликлари маълум муддатга тўхтаб туради. «Интер»да ҳақиқий қочқинга айланган футболчи бир йил муддатга «ПСЖ»га ижарага берилди. Мауронинг бахтига қарши, келишувда парижликлар уни кейинги йил ёзида трансфер қилиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилмаган. Шундай экан, мавсум якунида Икарди яна қайтад ва унинг «Интер» билан можаролари давом этади.

Андре Силва, «Милан» — «Айнтрахт»


«Севилья»даги бир йиллик ижарадан кейин «Милан»га қайтган ҳужумчи яна ўзига жамоа қидиришига тўғри келди. Ёзда Силва «Монако»га ўтиши мумкин эди, аммо келишув футболчининг молиявий талаби туфайли амалга ошмади – 23 ёшли футболчи катта маош сўради. Португалиялик футболчи ҳатто Монакога, клуб базасига келган ва тиббий кўрикдан ҳам ўтганди. Лекин Андрени қониқтирадиган таклиф ўзини кўп куттирмади ва у Ребич ўрнига ижара асосида «Айнтрахт»га борадиган бўлди.

Никола Калинич, «Атлетико» — «Рома»

Хорватиялик футболчи «Атлетико»да ёмон ўтган мавсумдан кейин яна фаолиятида бурилиш ясамоқчи. Ла Лигада у «матрасчилар» сафида атиги 641 дақиқани майдонда ўтказиб, 2 гол урди. Шундай экан, у ёзда «Рома»га бир йил муддатга ижарага бериб юборилиши ҳайрон қоларли ҳолат эмас. Калиничнинг ижараси учун римликлар 2 миллион евро тўлашди. Мавсум якунида улар футболчини 9 миллион еврога харид қилишлари мумкин. Агар хорватиялик футболчи Италияда қолишни истаса, у қаттиқ меҳнат қилиши керак.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз