Узбек O'zbek
Мессисиз «Барса» очко йўқотди, Бэйл «Реал»га очко олиб берди. Испанияда тур якунлари
Душанба, 02 Сентябр
2828

Дам олиш кунларида Испания чемпионатида 3-тур учрашувлари ўтказилди. Бу турда «Реал» ва «Барселона» очко йўқотди, «Атлетико» эса даҳшатли камбэк ижро этиб, турнир жадвалида якка пешқадамга айланди.

Кўк-анорранглилар Памплонада очко олишга муваффақ бўлди, 16 ёшли Фати гол урди

Испания чемпионати. 3-тур
«Осасуна» — «Барселона» — 2:2 (1:0)
Голлар: Торрес, 7 (1:0). Фати, 51 (1:1). Артур, 64 (1:2). Торрес, 81 — пенальти (2:2).
«Осасуна»: Мартинес, Н.Видаль, Эрнандес, Дав.Гарсия, Эступиньян, Торрес, Ойер, Мерида (Монкайола, 71), Р.Гарсия (Ибаньес, 65), Авила, Брандон (Вильяр, 78).
«Барселона»: тер Штеген, Семеду (Фати, 46), Пике, Лангле, Жорди Альба, Сержи Роберто, Бускетс, де Йонг (А.Видаль, 82), Рафинья (Артур, 53), Гризманн, Перес.
Огоҳлантиришлар: Мерида, 13. Сержи Роберто, 32. де Йонг, 37. Брандон, 43. Пике, 82. Монкайола, 90+1. Лангле, 90+4.
Ҳакам: Мартинес Мунуэра.
31 август. Памплона. «Эль Садар» стадиони.

Месси нега ўйнамаяпти?
«Барселона» сардори ўтган ҳафта ўртасида Монакодаги маросимда ЕЧЛнинг 2018-19 йилги мавсумининг энг яхши ҳужумчиси учун мукофотни қабул қилиб олди. Маросимда у соғлом ва тетик кўринганди. Лео жамоа билан бирга шуғулланмоқда ва ўйнашга тайёр, аммо Вальверде ва мураббийлар штаби уни аяшда давом этишмоқда ва у қаторасига учинчи ўйинда ҳам иштирок этмади. Ҳозиргача жамоа сардори қачон майдонга қайтиши номаълум, чунки унинг бел қисмидаги муаммо яна қайталаниб қолиши мумкин.

«Барса» ҳамон уйқуда
Вальверде ҳужумчилар танқислиги тўғрисидаги саволга оригинал тарзда жавоб қайтарди: қаторасига иккинчи ўйин заявкасига «Барселона» тарбияланувчиси, 16 ёшли Анссумане Фати киритилди. Мураббийнинг бу танлови тушунарли, жароҳатлар туфайли юзага келган вазият уни шундай чораларга мажбур бўлмоқда. Яна бир академия тарбияланувчиси, «Барса Б» жамоаси футболчиси Карлес Перес ҳам ўйинни илк дақиқалардан майдонда бошлади.

«Барселона» мавсум стартини нафақат асосий уч ҳужумчисисиз, балки жамоавий ўйиндаги муаммолар билан бирга бошламоқда. Яримҳимоя чизиғи вакиллари ҳали ўзаро тушуниб ҳаракатланишни керакли даражага етказа олишмади, ҳужумчилар ҳам бир-бирлари билан энди танишишмоқда, шу туфайли «Барса»нинг позицион ҳужумлари ўхшамаяпти. Бу ўйинда Вальверде жамоасидаги камчиликларни тезкор гол ёпиб кетиши мумкин эди, аммо барчаси аксинча бўлди. Ўйиннинг 7-дақиқасидаёқ Торрес «Осасуна»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди ва «Барса»нинг барча нуқсонлари фош бўлиб қолди. «Қирол яланғоч-ку!» — Памплона шундай ҳайқирди ва ҳужумни якунига етказди.

Меҳмонлар жамоаси эса камтарлик билан ҳаракат қилди. Ягоб Аррасате шогирдлари тўпга эгалик қилишда меҳмонлар билан тенгма-тенг кўрсаткичга эга бўлишди, уларнинг ҳимоя чизиғи аниқ ҳаракатланди. «Осасуна» майдоннинг иккинчи қисмида «Барса»ни тартиб билан кутиб олди, бўш зоналар қолдирилмади ва ҳимоячилар чарчоқ билмай прессинг уюштиришди. Мезбонлар дарвозабонига биринчи бўлимда иш топилмади - «Барса»нинг икки зарбаси ҳам хато кетди.

Шаклланмаган каталонияликлар
Кўк-анорранглиларнинг бундай маъносиз ўйини ўйин учун тактика билан боғлиқ. Вальверде ўнг қанот учун омадсиз боғлам танлаганди: Карлес Перес кўп вазиятларда ноқулай аҳволга тушиб қолди, Семеду унга деярли ёрдамга келмади. Португалиялик футболчи ҳар сафар ўзи учун нотўғри жой танлайверди ва позицион ҳужумларга ёрдам беришдан кўра халақит берди.

Гризманн ҳам бу сафар ўз тарелкасида эмасди. Мураббий уни марказий ҳужумчи позициясига қўйди, унга кам тўп узатилди, тўп етказилган камдан-кам вазиятларда ҳам дарҳол йўқотди. Чап қанот ҳам тушунарсиз кўринди. Гарчи, де Йонг, Альба ва Рафинья сифатли футболчилар бўлишсада, улар танлаган позициялар саволларни келтириб чиқаради. Де Йонг кўп вазиятларда қанотда ҳаракатланди ва ўзини жуда ноқулай ҳис қилди, Рафинья марказга кўчиб ҳаракат қила олмади, чунки у ерда ҳамиша Гризманн турди. Фақатгина Серхио Бускетс тўғри позицияда эди, дейиш мумкин. Лекин бу футболчи энди яратувчилик билан ҳам эмас, фақат рақиб ҳужумчиларини бузиш билан шуғулланмоқда, лекин унинг бу хусусиятларига бу ўйинда эҳтиёж йўқ эди.

Фати ўйинга қўшилди ва гол урди

Балки «Барса» мураббийи Бускетсни захирада қолдириб, енгил ҳаракатланувчи футболчиларни туширгани маъқул эди. У Роберто ва Артурнинг тезкорлигидан унумли фойдаланиши, Рафиньяни «алдамчи тўққизлик» позициясига жойлаштириш ҳам мумкин эди. Мураббий танаффус вақтида биринчи бўлимда жуда ёмон ўйнаган Семедуни Фатига алмаштирди.

Вундеркинд эса барчани ҳайратга солиб Переснинг узатмасини боши билан дарвоза тўрига жойлаб қўйди ва ҳисобни тенглаштирди. Вальверде ўз хатосини қисман бўлсада тўғрилаганди. Шу тариқа, ёш гвинеялик футболчи Ла Лига тарихида гол урган энг ёш учинчи футболчи бўлди: ундан тезроқ 16 ёшида Фабрис Олинга ва Икер Муньяин гол уришганди.

Ўнг қанотда фойдасиз бўлган Семеду майдондан олингач, унинг ўрнига Сержи Роберто ўтди, де Йонг эса ўзи учун қулай позицияда жойлашди, «Барселона» эса энди қизиқарлироқ ўйин кўрсата бошлади. Френки энди қанот футболчиси эмас, таянч яримҳимоячиси сифатида ҳаракатланди, у иккинчи гол урилиши олдидан тўпни рақибдан олиб қўйиб ҳужумни бошлаб берди, бу ҳужум Вальверде захирадан майдонга туширган иккинчи футболчи Артурнинг голи билан якунланди.

Пенальти ва янги муаммолар
«Осасуна» ҳисобда ортда қола бошлагач мезбон футболчилар олдинга ўтди ва юзага келган имкониятдан фойдаланишди. Пике жарима майдонида қўлини тўпдан олиб қочолмагач, ўйин ҳаками Мунуэра пенальти белгилади. Торрес зарба беришда адашмади ва ҳисоб - 2:2.

Қолган дақиқаларда «Барса» бор кучи билан олдинга ташланди ва ғалаба голи урилишига ҳам яқин келинди. Пересда жуда қулай вазият юзага келди, аммо дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борган футболчи газонга қоқилиб кетиб тўпни дарвозабонга топшириб қўйди. Ўйин охирида «Осасуна» очиқчасига вақт чўзиб ўйнади ва дурангни сақлаб қолди. «Барса»ни эса ўйин охирида жангга ташланган Видаль ҳам, янги жамоасида энг кучсиз ўйинини ўтказган Гризманн ҳам очко йўқотишдан қутқара олмади.

Примерага Сегундадан чиққан жамоага қарши сафар ўйинидаги дуранг ҳисоб Вальвердега кўплаб янги саволлар қўяди. Асосий ҳужумчиларсиз жамоа жуда мужмал ҳаракатланмоқда: фақатгина стартда ёмон ўйин кўрсатаётган «Бетис» каталонияликлардан очко ололмади. «Барса» эса сафарда ўзини йўқотиб қўймоқда ва жамоа икки ўйинда атиги бир очко олди. Афтидан, жамоа Мессисиз оддий жамоага айланиб қолади ва ҳатто аутсайдерни енгиш учун ҳам ҳеч нарса ўйлаб тополмайди ва ўртамиёнага осонгина ютқазади. Агар жамоа яна икки турда Мессисиз ўйнаса қандай ҳолатга гувоҳ бўламиз: жамоа ўз ўйинини топа оладими ёки фақат бир футболчига таянган жамоа эканини тасдиқлайдими? Каталонияликлар мавсум стартидаги учта турда 4 очко тўплаши охирги марта Хосеп Гвардиоланинг жамоа бошқарувидаги илк мавсумида кузатилганди, аммо ҳозирги «Барселона» 11 йил олдинги жамоа даражасига умуман яқинлаша олмайди.

Бэйл 2та гол урди, «Реал» 2 очко йўқотди

«Вильярреал» – «Реал» 2:2 (1:1, 1:1)
Голлар: 1:0 – 12 Жерар Морено, 1:1 – 45 Бэйл, 2:1 – 74 Мойсес Гомес, 2:2 – 86 Бэйл.
«Вильярреал» – Фернандес, Марио Гаспар, Альбиоль, Пау Торрес, Кинтилья, Чуквуэзе (Онтиверос, 55), Иборра, Касорла (Бакка, 73), Мойсес Гомес, Жерар Морено, Токо-Экамби (Замбо-Ангисса, 62).
«Реал» – Куртуа, Карвахаль, Варан, Рамос, Менди, Васкес (Винисиус Жуниор, 74), Каземиро, Кроос (Вальверде, 82), Бэйл, Йович (Модрич, 68), Бензема.
Огоҳлантиришлар: Кинтилья (52), Менди (77), Каземиро (90), Бэйл (90).
Четлатиш: Бэйл (90).
1 сентябрь, «Эстадио де ла Серамика»

«Реал»нинг янги схемаси
Зинедин Зидан аввалги хатоларидан хулоса чиқариб, «Реал»нинг тактик схемасини бир қадар ўзгартирди. «Вальядолид»га қарши дуранг ҳисоб қайд этилган ўйинда Иско ва Родригес ўйнаган, дисквалификация туфайли Модрич майдонга тушмаганди. Якшанба кунги ўйинда Иско ва Родригес жароҳат туфайли ўйнай олмасди, Лука дисквалификацияни ўтаб қайтганди, аммо мураббий «Олтин тўп» соҳибисиз ўйин схемасини танлади. Бошланғич таркибдан биратўла икки нафар марказий ҳужумчи ўрин олди - Йович ва Бензема. Бэйл ўнг қанотда ўзи учун севимли бўлган жойга жойлашди, Васкес чап қанотда ҳаракатланди. Шу тариқа, «Реал» 4-4-2 схемасида ўйинни бошлади. Каземиро тез-тез рақиб жарима майдонига бориб, зарбалар берди, Бензема эса кўп ҳолларда қанотга кўчди ва орқароқда ўйнади.

Бэйлнинг қайтиши

«Реал»га «сариқ субмариналар» услуб жиҳатдан жуда қулай рақиб эди. «Вильярреал» қувноқ ўйин кўрсатади, ерлатиб тезкор паслар билан олдинга чиқишни хуш кўради, бундай паслар билан ҳам позицион ҳужум, ҳам қарши ҳужумлар уюштиради. Рақибнинг бундай ўйини баландлатиб тўп оширишлар билан ҳужум уюштирадиган Зидан жамоаси учун айни муддао эди. Аммо Хавьер Кальеха жамоаси тезкор гол уриб меҳмонларни довдиратиб қўйди. Шундан кейин ҳам «Вильярреал» ҳимояга «ётиб олмади», ҳужум уюштиришни ҳам тўхтатмади. Мадридликларга бундай ўйин услуби маъқул эди ва улар ҳам кўп голли вазиятлар яратишди, аммо жавоб голи биринчи бўлим охирида Бэйл томонидан урилди.

«Реал» яна бир гол уришга ҳақлироқ эди, аммо майдон эгалари ҳужумларни муваффақият билан қайтаришди ва олдинга ўтиб, жавоб ҳужумлари уюштиришди. Зидан жамоаси яримҳимоячилари «Вильярреал» футболчилари ўринларини алмаштириб, тезкор ҳужумларга ўтишига улгура олмай қола бошлади ва майдон эгалари бундай ҳужумлардан бирида яна гол уришди. 

Мадридлар энди ҳеч бўлмаса бир очкога эга бўлиш учун ҳаракат қилишди. Захирадан ўйинга қўшилган Лука Модричнинг саъй-ҳаракатлари эвазига ҳисоб тенглаштирилди. Хорватиялик футболчи майдон марказида тўпни рақибдан олиб қўйиб уни ўнг қанотдаги Бэйлга узатди. Уэльслик футболчи индивидуал маҳоратини ишга солиб, жамоани мағлубиятдан қутқарди.

Зидан бу футболчини қадрламасдан бекор қилганини тушуниб етди. Ҳозирча у Мадридга натижа келтирмоқда ва мураббий унинг кераклигини англаган ҳолда бошланғич таркибда ўйнатмоқда. Бэйл ўйин охирида иккинчи сариқ карточка олиб, майдонни тарк этган бўлсада, Зидан уни дисквалификациядан кейинги ўйинларга тушириши аниқ. «Реал» ҳозирча фақат футболчиларнинг класси эвазига голлар урмоқда, жамоавий ўйин эса шаклланиб улгурмади. Жамоа Азарнинг қайтишини кутади, бельгиялик футболчи мадридликлар жамоасидаги тартибсизликни бартараф этишига умид қилинади.

«Валенсия» — «Мальорка» — 2:0 (1:0)
Голлар: Парехо, 42 — пенальти (1:0). Парехо, 57 — пенальти (2:0).
«Валенсия» – Силлессен, Васс, Гарай, Диакаби, Гайя, Ферран Торрес (Черышев, 73), Парехо, Коклен, Гедеш, Гамейро (Ли Кан Ин, 84), Родриго (Макси Гомес, 63).
«Мальорка» – Рейна, Састре, Вальент, Раильо, Лумор, Дани Родригес (Салибур, 64), Баба, Севилья, Лаго Жуниор, Фебас (Трайковски, 64), Будимир (Кубо, 79).
Огоҳлантириш: Лаго Жуниор (53).

Валенсияликларда мавсум стартидаги муаммолар давом этмоқда. Жамоа дастлабки иккитурда атиги бир очко қўлга киритганди. «Реал Сосьедад» ва «Сельта»га қарши ўйинларда «кўршапалаклар» жамоаси пенальтилар билан боғлиқ омадсизликларга учраганди. Биринчи ўйинда Денис Черишев ишлаб олган пенальтидан Гамейро гол уролмаганди. Бундан бир неча дақиқаўтиб «Сосьедад» пенальтидан гол уриб, ҳисобни тенглаштирганди. «Сельта» билан ўйинда ҳам «Валенсия» дарвозасига пенальти қўйилган, аммо 11 метрдан йўлланган зарбани Силлессен қайтарганди. Аммо дарвозабоннинг сэйви жамоани мағлубиятдан қутқара олмаганди.

Бу ўйинда тақдир «Валенсия»га қарзини қайтарди. Жамоа икки марта ўн бир метрлик жарима зарбасидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритди ва икки сафар ҳам Парехо аниқ ҳаракат қилди. «Мальорка» ўйиннинг иккинчи қисмида фаоллик кўрсатди ва ҳисоб тенглашиши ҳам мумкин эди, аммо Будимир ва Жуниорнинг зарбалари дарвоза устунларидан қайтди. Жамоа энди очколари сонини 4тага етказди ва турнир жадвалида 10-ўринга кўтарилди.

«Атлетико» — «Эйбар» — 3:2 (1:2)
Голлар: Шарлес, 7 (0:1). Арбилья, 19 (0:2). Жоау Феликс, 27 (1:2). Витоло, 52 (2:2). Томас Партей, 90 (3:2).
«Атлетико» – Облак, Триппьер, Хименес, Эрмосо, Лоди, Коке, Льоренте (Витоло, 46), Сауль, Лемар (Рикельме, 78), Диего Коста, Жоау Феликс (Томас, 84).
«Эйбар» – Дмитрович, Техеро, Альварес (Оливейра, 55), Рамис, Арбилья, Диоп, Экспосито, Леон (Корреа, 86), Орельяна, Инуи, Шарлес (Кике Гарсия, 63).
Огоҳлантиришлар: Инуи (4), Орельяна (15), Дмитрович (69).

Басклар бу ўйинда сенсация қилишлари мумкин эди. Хосе Луиса Мендилибара шогирдлари тезкор гол уришди, майдон эгалари майдонда нималар бўлаётганини англаб улгурмасидан иккинчи гол ҳам Облак қўриқлаётган дарвозадан жой олди. «Атлетико» ўз вақтида ўйинга қайтишга эришди ва Жоау Феликснинг индивидуал маҳоратлари эвазига умид уйғонди.

«Эйбар» мардонавор курашди, аммо жамоанинг кучи «Атлетико» босимига дош беролмади. Диего Симеоне иккинчи бўлимда керакли вақтда захира футболчилар билан ўйинни кучайтирди, у майдонга туширган 3 футболчидан иккитаси гол урди. Витоло иккинчи бўлим бошидаёқ ҳисобни тенглаштирди, ўйиннинг якуний қисмида эса «атлетлар» тўлиқ таркиб билан ҳужумга ўтишди, кутилган гол ўйинга қўшиб берилган дақиқалар давом этаётган вақтда Томас Партей томонидан урилди. Энди Симеоне шогирдлари уч ўйинда 100 фоизлик натижа кўрсатган ҳолда турнир жадвалида 9 очко билан яккапешқадамга айланди.

«Эспаньол» — «Гранада» — 0:3 (0:1)
Голлар: Пуэртас, 13 (0:1). Фернандес, 68 (0:2). Азиз, 74 (0:3).
«Эспаньол» – Диего Лопес, Коршья, Налдо, Калеро, Дидак Вила, Санчес (Феррейра, 71), Рока, Мелендо, Дардер, Варгас, У Лэй (Кальери, 67).
«Гранада» – Руй Силва, Диас, Дуарте, Херман Санчес, Кини, Эррера, Монторо, Пуэртас, Вико (Азиз, 56), Мачис (Мартинес, 77), Сольдадо (Фернандес, 67).
Огоҳлантиришлар: Коршья (2), Эррера (31), Налдо (40), Монторо (80), Фернандес (84).

Тур сенсацияси — «Эспаньол»нинг ўз майдонидаги йирик ҳисобли мағлубияти бўлди. Барселонанинг иккинчи жамоаси бунгача ҳам ўз уйида «Севилья»га ютқазган, жамоа ҳафта ўртасида Европа Лигаси саралашида Луганскнинг «Заря» жамоаси билан ўйинда куч йўқотган, аммо ҳеч ким дебютантга қарши ўйинда йирик ҳисобдаги мағлубиятни кутмаганди. «Гранада»нинг тезкор голи «Эспаньол»ни «сочиб» юборди ва майдон эгалари дарҳол жавоб қайтара олишмади. Кейин эса кеч бўлди: меҳмонлар тўлиқ ташаббусни қўлга олишди ва иккинчи бўлимда кетма-кет икки гол урилди. Майдон эгаларига на «Реал»нинг собиқ дарвозабони Диего Лопес, на маҳоратли Серхи Дардер ёрдам бера олди. 0:3 — ва жамоа Испания чемпионатида 19-ўринда.

Тур ўйинлари

Турнир жадвалидаги ҳолат

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз