Узбек O'zbek
Ҳафта ўйинлари анонси. Англияда пешқадамлар тўқнашуви ва Испанияда «Барселона»нинг қийин ўйини
Жума, 23 Август
8999

Европада трансферлар ойнаси авжига чиққан бир пайтда лигалар янада қизиши турган гап. Бир қатор ўйинларда топ-юлдузларнинг дебютлари рўй берса, яна баъзи футболчилар учун бу ўйинлар сўнгги имконият сифатида баҳоланиши мумкин. Шунингдек, бу ҳафтадан кучли бешлик ҳам тўлиқ бўлади: Италия А Серияси бошланмоқда.

«УОТФОРД» - «ВЕСТ ҲЭМ» (24 август, 19:00)

Агар ҳақиқий АПЛнинг жозибасини, ҳеч қайси бошқа лигаларда кўрилмайдиган ҳароратини ҳис қилишни истасангиз, бу ўйинни ўтказиб юборманг. Топ-6 га ҳар томонлама яқинлашиб келаётган, ўз олдига лигада қолиш эмас, жадвалнинг юқори қисмидан жой олишни мақсад қиладиган икки жамоа мавсумдаги илк ғалабага эришиш учун тер тўкадилар.

«Уотфорд» қандай ҳайрон қолдиришни билади, эсингизда бўлса, ўтган мавсумнинг бошларида 5 тургача юз фоизлик натижа кўрсатиб, турнир жадвалини бошқарганди. «Вест Ҳэм» эса, сўнгги йилларда трансферлар учун энг фаол бўлган жамоалардан биридир. Айниқса, айнан тажрибали футболчиларни ўз сафига қўшиб олишга алоҳида эътибор қаратади. Сабалета, Уилшир, Эрнандес, Фабьянски каби футболчилар ўз вақтида топ-клублар сафида ўйнашган, Пеллегрини эса мураббий сифатида ҳатто Англия чемпиони ҳам бўлган.

«Вест Ҳэм» биринчи турда йирик мағлубиятга учраган бўлса-да, рақиб «Манчестер Сити» эди. Иккинчи турда жамоа ёмон кўринмади, «Брайтон»га қийин сафардан очко билан қайтилди. Аммо бу борада «Уотфорд» ҳайрон қолдиряпти ва ўтган августнинг тескарисини қайд этмоқда.

«Гудисон Парк»даги мағлубиятни тушунса бўлади, аммо очилиш ўйинида «Брайтон»дан ўз майдонидаги 0:3 ҳисобидаги мағлубиятни кечириш қийин. «Уотфорд» ҳали рақиб дарвозасини ишғол қила олмаган икки клубдан биридир. Демак, Грасия шогирдларида исботлаш керак бўлган ҳолатлар кўп.

Ўзаро ўйинларда тенгликни кўрамиз, масалан сўнгги 10 учрашувнинг 4тасида «Вест Ҳэм», 4тасида «Уотфорд»нинг қўли баланд келган. Ушбу стадионда ўтган сўнгги ўйинда эса, лондонликлар йирик - 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб кетишганди.

ШАЛЬКЕ – БАВАРИЯ (24 август, 21:30)

«Бавария» мана иккинчи йилдирки Нико Ковач бошчилигида Бундеслигани бироз ишончсиз бошламоқда. Ўз майдонида «Ҳерта»га қарши ўйиндаги дуранг мюнхенликларни илк турданоқ таъқибчи мақомига тушириб қўйди. Зеро, «Боруссия» ўз ўйинини ишончли ғалаба билан бошлади ва анча тетик кўринмоқда. Буни биз Суперкубок учун ўтказилган мана шу икки пешқадам ўртасидаги баҳсда ҳам кўрдик – дортмундликлар «Бавария» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

«Бавария»ни яна бир тарафдан кузатиш қизиқ. Салкам сўнгги ўн йилликда «Бавария»нинг асосий қуроли бўлиб келган Роббен ва Рибери жуфтлиги энди йўқ, шунингдек, Матс Ҳуммелс, Рафинья каби футболчилар ҳам жамоани тарк этишди. Уларнинг ўрнига эса, ижара асосида Перишич ва Коутиньо, рекорд трансфер нархи эвазига Люка Эрнандес каби футболчилар «Бавария» либосини кийишди. Яъни, бу мавсум қайсидир маънода тўлалигича Нико Ковачнинг жамоасини кўришимиз мумкин, аввалги жамоаларга ўхшатиб турадиган асосий номлар энди йўқ.

«Шальке» ҳам мавсумни дуранг билан бошлади, аммо Менхенгладбахдаги дурангни бемалол плюсга ёзиш мумкин. Умуман, жамоа таркиби Бундеслига учун анча тажрибали ҳисобланади ва ўтган мавсумдаги паст натижа кўпроқ, Чемпионлар Лигасидаги иштирок ва омадсизлик билан боғлиқ бўлса керак. Очипка, Стамбули, Настасич, Коноплянка, Калиджури, Бенталеб, Ут каби футболчилар билан фақат юқори ўринлар учун курашиш керак ва «Бавария»га қарши ўйинда «Шальке» муносиб қаршилик кўрсата олишига умид билдириш мумкин.

«Бавария» сўнгги беш ўйинда «Шальке» устидан ғалаба қозониб келганини ҳам эътироф этган ҳолда, «Шальке» ўз майдонидаги охирги олти ўйинда майдонни голсиз тарк этмаётганини ҳам таъкидлаш керак.

ЛИВЕРПУЛЬ – АРСЕНАЛ (24 август, 21:30)

Англияда икки турдан кейин фақат икки жамоа юз фоизлик натижа кўрсатган ва айнан шу икки рақиб шанба оқшомида орани очиқ қилади. Демак бу ўйинда ғолиб бўлган жамоа Премьер-Лиганинг яққол пешқадамига айланади.

«Биз «Ливерпуль»га қарши ўйнашни истамаган бўлардик, қанийди улар билан умуман тўқнаш келмасак» - деганда Эмери кўпроқ рақибнинг кучли эканини эътироф этмоқчи бўлди, лекин агар статистикага қарасак ҳам, шунга яқин ҳолатнинг гувоҳи бўламиз.

2015 йилнинг апрелида, яъни ҳали Юрген Клопп Англияга келмасидан олдин сўнгги марта лондонликлар «Ливерпуль»ни мағлуб этишган. Шундан буён, мана, саккиз ўйиндирки, «Арсенал» ғалаба қозона олмаяпти - тўрт дуранг, тўрт мағлубият. Жумладан, «Энфилд»даги сўнгги икки тўқнашувда «Ливерпуль» тўрт гол фарқи билан устун келган: 4:0 ва 5:1. Эмери ўша машҳур фикрларидан олдин, бу маълумотларга ҳам қараб қўйган бўлса, ажаб эмас.

Аммо айтиш мумкинки, «Арсенал» ҳозир яхши спорт формасида. Ғалабалар қийинчилик билан қўлга киритилган бўлса-да, очколар жамоага ишонч олиб келгани шубҳасиз. Хусусан, Пьер-Эмерик Обемеянгнинг жуда самарали ўйнаётганини эътироф қилиш лозим. «Реал» таркибидан келиб қўшилган Себальос ҳам жамоада муҳим фигуралардан бири бўла олишини «Бёрнли»га қарши ўйинда исботлади. У барча кўрсаткичлар бўйича ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди ва «Арсенал» урган ҳар икки гол ҳам унинг ассистларидан сўнг юзага келди.

«Ливерпуль», ўша «Ливерпуль», ҳозирча фақат «Норвич»га қарши ярим соатда ўз кучини намоён қилган бўлса-да, исталган пайтда прагматик жамоага айлана олишини ўтган мавсумда ҳам кўргандик. Фақат, бу сафар ҳимоя чизиғи у қадар ишончли кўринмаяпти. Клопп жамоаси майдонга тушган барча тўрт ўйинда ҳам ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди. Балки бу ҳолат аксинча, ўйиннинг янада қизиқарли бўлишига сабаб бўлар?

Таркибларга келсак, «Ливерпуль»да ҳали ҳам Алисон Бекер жароҳатланган. Шунингдек, Наби Кейтани ҳам бу ой майдонда кўрмасак керак. Меҳмонларда эса, Эктор Беллерин ва янги харид Киран Тирни фақат октябрь ойида сафга қайтадилар. Гранит Жака ҳам ҳали ёрдам беришга тайёр эмас, аммо юқорида тилга олинган Себальос ҳатто Жакани ҳам захира ўриндиғига ўтирғизиб қўйиши мумкин.

ФИОРЕНТИНА – НАПОЛИ (24 август, 23:45)

Ниҳоят кучли бешликда сўнггиси – Италия А Сериясига ҳам старт берилади. Доимо кучли «Ювентус»дан ташқари, Милан клубларининг ҳам ёзда бир қатор эътиборли харидларни амалга оширганликлари, навбатдаги Италия чемпионатининг қизиқроқ ўтишига замин яратса керак.

«Фиорентина» ҳам бўш турмади, таркибга қўшилган икки машҳур ном алоҳида таъкидлашга арзийди: Кевин Принс Боатенг «Барселона»даги омадсиз ижарадан сўнг, «Сассуоло»дан ўтди, шунингдек, Франк Рибери эркин агент сифатида флоренцияликлар сафини тўлдирди. «Наполи»нинг трансферлари ҳам қизиқ. «Рома»дан Маноласнинг келиб қўшилиши билан жамоа А Сериядаги энг кучли ҳимоя чизиғига эга бўлди, деб айтиш мумкин. Бугун эса, ПСВ етакчиларидан бири Лосанонинг «Наполи»га ўтган расман эълон қилинди. Мексикалик ҳужумчи Нидерландия чемпионати доирасида майдонга тушганини эътиборга олсак, у жуда яхши спорт формасига эга ва балки, ушбу ўйинданоқ майдонда ҳаракат қилиши ҳам мумкин.

Ўзаро ўйинлар ҳақида тўхталсак, меҳмонларнинг устунлиги катта, лекин аксарият тўқнашувларда дуранглар ҳам қайд этилган. Сўнгги 20 учрашувнинг 8тасида ғолиб аниқланмаган бўлса, 10 учрашувда «Наполи» ғалаба қозонган. Ўтган йили Флоренцияда ўтган учрашувда ҳисоб очилмаганди. Айнан «Фиорентина» майдонида ўтказилган ўйинларда эса, «Наполи» сўнгги бор 2014 йилда ғалаба қозонганини ҳам таъкидлаш керак. Демак, чемпионликка асосий даъвогарлардан бири илк турданоқ очко йўқотиши эҳтимоли бор.

БАРСЕЛОНА – БЕТИС (25 август, 23:55)

Эсингизда бўлса, ўтган йилги «Камп Ноу»даги ўйин жуда қизиқарли ва голларга бой бўлган, ўйин «Бетис»нинг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди. Умуман, турнир жадвалида пастроқда юришсада, андалусияликлар алоҳида ўйинларда ниҳоятда сифатли ўйин намойиш қилишган, хусусан, мана шу ўйин ва Миландаги Европа Лигаси тўқнашувини эслаш кифоя.

Ҳар икки жамоа ҳам мавсумни ёмон бошлашди. Мессисиз, яна ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ жароҳатланиб майдонни тарк этган Суарессиз ўйнаган Вальверде шогирдлари Бильбаода кичик ҳисобда имкониятни бой беришди. «Бетис» эса кутилмаганда, ўз майдонида ўтган мавсум аутсайдерларидан бири «Вальядолид»га ютқазди – 1:2. Бу ўйиннинг 8-дақиқасидаёқ «Бетис» дарвозабони қизил карточка олиб майдонни тарк этгани якуний натижага таъсир кўрсатгани шубҳасиз.

Айтиш мумкинки, «Бетис» трансфер ойнасини жуда фаол ўтказмоқда. Жамоанинг асосий ўйинчилари Жованни Ло Чельсо ва Виктор Камараса АПЛга равона бўлишса-да, харид қилинган футболчилар ҳам жуда эътиборга молик, айниқса, «Лион»нинг кўп йиллик етакчиси Небил Фекирнинг айнан «Бетис» сафига келиб қўшилиши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. «Ливерпуль», «Арсенал» каби жамоалар билан номи бирга тилга олинган ярим ҳимоячи Ла Лига футболчисига айланди. Оммавий ахборот воситаларда жароҳат риски юқори бўлгани учун кўп топ-клублар Фекирдан воз кечишгани айтилмоқда, бу ҳам айни муддао – франциялик футболчи эрта ҳисобдан чиқарган футбол оламига ўзини исботлаш имкониятига эга. Дастлабки уриниш мувоффақиятсиз чиққан бўлса-да, у жамоа таркибида юқори балл олган икки футболчидан бири бўлди.

Таркибларга келсак, «Бетис»да юқорида тилга олинган қизил карточка туфайли Хоэл Роблес дарвозани қўриқлай олмайди. Шунингдек, Герреро, Каналес, Карвалью каби футболчилар машғулотларга қайтган бўлишса-да, бу ўйинга қай даражада тайёр бўлишлари номаълум. Мезбонлар сафида эса, Месси машғулотларга қайтди, ҳатто умумий гуруҳда ҳам шуғулланмоқда. Футболчининг спорт формасида илк дақиқалардан майдонга тушишга халақит бериши мумкин, аммо биз Мессини яхши биламиз ва катта эҳтимол билан у жамоасини сардор сифатида ўйинга бошлаб тушади. Бунинг устига, Бильбаода жароҳат олган Суареснинг йўқлиги, Дембеленинг ҳам сафдан чиққани, Коутиньо Германияга кетганини эътиборга олсак, Мессидан бошқа номзод ҳам қолмаяпти.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

23 август. «Гранада» – «СЕВИЛЬЯ» (23:00), «Кёльн» – «БОРУССИЯ» Д (23:30)
24 август. «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» – «Кристал Пэлас» (19:00), «Парма» – «ЮВЕНТУС» (21:00), «РЕАЛ» – «Вальядолид» (22:00),
25 август. «Борнмут» – «МАНЧЕСТЕР СИТИ» (18:00), «ТОТТЕНҲЭМ» – «Ньюкасл» (20:30), «Удинезе» – «МИЛАН» (21:00), «Леганес» – «АТЛЕТИКО» (22:00), «РОМА» – «Женоа» (23:45). «ПСЖ» – «Тулуза» (23:55)
26 август. «ИНТЕР» – «Лечче» (23:45)

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз