Узбек O'zbek
Вадим Абрамов: «Ҳакам нега футболчимизни ҳақорат қилди?»
Чоршанба, 21 Август
4252

«Бунёдкор» бош мураббийи Вадим Абрамов Ўзбекистон Кубоги чоракфиналидан ўрин олган «Сўғдиёна»га (2:1) қарши ўйиндан кейин ҳакамликдан норози бўлди.

81-дақиқада бош ҳакам Азиз Асимов «Бунёдкор» яримҳимоячиси Лутфулло Тўраевга иккинчи сариқ картани кўрсатиб, майдондан четлатган, шундай бўлса-да, «Бунёдкор» ўйин охирида ғалаба келтирувчи голни уришга эришган эди.
  
«Фикримча, бугун мухлисларга ёқадиган ўйин бўлди. Мураббийлар эса асабийлашишди. Аввалига ўзимизнинг хато сабабли гол ўтказиб, аҳволимизни қийинлаштирдик, лекин кейин вазиятни ўнглай олдик. Мени тушунмаганим шуки, Тўраевга нима сабабдан иккинчи сариқ карта кўрсатилди? Бизнинг фойдамизга жарима тўпи белгиланиб, бизнинг ўйинчига қизил карта кўрсатиляпти. Бу нима? Футболга янги қоида киритилгану, мен билмайманми? Ўзи Тўраевнинг биринчи сариқ картаси нима сабабдан кўрсатилганини ҳам тушунмадим?! Рақиб ўйинчиси бизнинг футболчига нисбатан қўполлик ишлатяпти, аммо ҳакам ҳар иккала ўйинчига ҳам сариқ карта кўрсатяпти. Жабрланувчи сариқ карта олиши ҳам футболнинг янги қоидасими? Қизиғи, Тўраев ҳакамга шу вазиятни тушунтирмоқчи бўлгани учун огоҳлантириш олди. Яна бир гап, ҳакамга футболчини ҳақорат қилишга ким рухсат берган? Нега ҳакам бизнинг ўйинчини ҳақорат қилади? Бу нима деган гап? Яқинда ҳакамлар ҳақида илиқ фикрлар билдиргандим, шундан бери ҳаммаси биз учун тескари кетяпти. Шуни умуман тушунмаяпман», - деб Абрамов сўзларини келтирмоқда «Бунёдкор» клуби матбуот хизмати.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз