Узбек O'zbek
Сардор Рашидов «Қатар СК» аъзоси сифатида таништирилди
Сешанба, 20 Август
2401

«Қатар СК» ўзбекистонлик легионери Сардор Рашидов ва бошқа янги футболчиларини жамоатчиликка таништирди.

28 ёшли ҳужумчи Доҳа клуби таркибига июль ойи охирида қўшилган эди.

У шу йил январда Португалиянинг «Насьонал» клуби билан шартнома имзолаб, жамоа Премьер-лигадан иккинчи дивизионга тушиб кетганидан сўнг битимини бекор қилган ва Қатарга қайтган эди.

«Португалия чемпионатида ўйнаш орқали Европа футболи ҳавосидан нафас олишга эришдим ва бундан хурсандман. Ана энди бор диққат-эътиборимни «Қатар СК» билан муваффақиятларга эришиш ва гранд клубларга етарлича қаршилик кўрсатишга қаратаман», – деганди у.

Рашидов 2015-2017 йилларда Доҳанинг бошқа клуби – «Ал-Жаиш»да ўйнаган, 2017-2019 йилларда эса Тошкентнинг «Локомотив» клубида тўп тепган.

Сардор «Қатар СК»нинг мавсумолди тайёргарлиги доирасидаги ўртоқлик ўйинларида учта тўп киритди.

Бу клубга июль ойида испаниялик Карлос Алос янги бош мураббий этиб тайинланган.

Кеча «Қатар СК» Рашидовдан ташқари, конголик ва нидерландиялик ҳужумчилар Жуниор Кабананга ва Абдуносир Ал-Ҳаётийни ҳам жамоатчиликка таништирди.

Маълумот учун, бу клуб ўтган мавсумни Юлдузлар лигасида 11-поғонада якунлаб, плей-офф баҳслари орқали юқори дивизиондаги ўрнини сақлаб қолган. Жамоа Қатар чемпионатининг янги мавсуми илк турини эртага, 21 август куни амалдаги вице-чемпион «Ал-Дуҳайл»га қарши ўз майдонида ўтказади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз