Узбек O'zbek
Ўзбекистонда журналист ва блогерлар учун футбол ҳафталиги ўтказилади
Душанба, 19 Август
533

23-29 август кунлари Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб ОАВ ва нашриёт-матбаа корхоналари ходимлари, журналист ва блогерлар учун «MEDIA.UZ» футбол ҳафталиги ўтказилади.

Ҳафталик Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилади.

«Мусобақа — юртимиздаги журналист ва блогерлар, умуман миллий медиа майдонида фаолият юритаётган ижодкорларни халқ фаровонлигини ошириш, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишда бир мушт бўлиб бирлаштириш ва жипслаштириш мақсадида ташкил этилмоқда», дейилади АОКА хабарида.

Мусобақа низомига мувофиқ, унда асосан ОАВ ходимлари, журналистлар, блогерлар ҳамда агентлик тизимига кирувчи ташкилотлардан тузилган 24 та жамоа қатнашади.

Турнирда иштирок этиш истагини билдирганлар шахсини тасдиқловчи хужжатлар — фуқаролик паспорти, меҳнат дафтарчаси ёки тузилганига 3 ойдан кам бўлмаган муддатли меҳнат шартномалари нусхасини, шунингдек, 3х4 ҳажмдаги фотосуратларини oksmm@intal.uz электрон манзилига юбориши лозим.

Аризалар 2019 йилнинг 22 августигача қабул қилинади.

Мусобақага қуръа ташлаш маросими 22 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилади. Шу куни турнир тартиб-қоидалари, очилиш ва тақдирлаш маросими тўғрисида ахборот берилади.

Агентлик ахборот соҳасининг барча вакилларини дўстлик, ҳамжиҳатлик, ҳамфикрлик шиори остида ўтказиладиган футбол ҳафталигида фаол иштирок этишга чақирган.

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз