Узбек O'zbek
Бундеслига стартда. Дортмунд бу сафар бавар қиролини тахтдан ағдарадими?
Жума, 16 Август
3945

Бугундан Германияда ҳам янги мавсум бошланади.

Бундеслига. 1-тур
«Бавария» — «Ҳерта». 16 август. Мюнхен. «Алльянц Арена» стадиони.
«Боруссия» Д — «Аугсбург». 17 август. Дортмунд. «Сигнал Идуна Парк» стадиони.
«Байер» — «Падерборн». 17 август. Леверкузен. «БайАрена» стадиони.
«Вольфсбург» — «Кёльн». 17 август. Вольфсбург. «Фольксваген Арена» стадиони.
«Вердер» — «Фортуна». 17 август. Бремен. «Везерштадион» стадиони.
«Фрайбург» — «Майнц». 17 август. Фрайбург. «Шварцвальд-Штадион» стадиони.
«Боруссия» М — «Шальке». 17 август. Менхенгладбах. «Боруссия-Парк» стадиони.
«Айнтрахт» Ф — «Ҳоффенхайм». 18 август. Франкфурт-на-Майне. «Коммерцбанк-Арена» стадиони.
«Унион» — «Лейпциг». 18 август. Берлин. «Stadion An der Alten Forsterei» стадиони.

Дортмундликлар юрагидаги зирапча
Икки ҳафта муқаддам Дортмунднинг «Боруссия»си «Der Klassiker»да ғалаба қозонган ва Германия Суперкубогини қўлга киритганди. Умуман, бу Льюсен Фаврнинг «Бавария» устидан типик ғалабаси бўлди. Мюнхенликлар ўйиннинг аксар вақтида тўпга эгалик қилишди, аммо «арилар»нинг шитоб билан уюштирган ҳужумлари ўтказиб юборилди. Энди «Бавария» ўз хатоларидан хулоса чиқариб, бу жамоага қарши ўйинга бошқачароқ тайёргарлик кўриши мумкин, аммо ўтган мавсумда юрагида алам қолган «Боруссия»га қарши туриш осон бўлмайди.

Германия чемпионатининг ўтган мавсумнинг биринчи қисмида «Боруссия» мукаммал жамоадек кўринганди. Дортмундликлар 16-турга қадар мағлубиятга учрашмади, қишки чемпион бўлишди, февралда иккинчи ўриндаги «Бавария»дан 9 очко кўп жамғарган ҳолда ишонч билан пешқадамлик қилаётган ва амалда чемпионлик масаласи ҳал бўлгандек, «Кумуш товоқ» бу сафар Дортмундга кетадигандек эди. Аммо немис футболидаги асосий соврин бу сафар ҳам, қаторасига еттинчи марта Мюнхенга йўл олди.

«Бавария» қайта қуриш даврида ҳам совринга эга чиқди - бунинг учун жамоа ўз вазифасини қилиши кифоя бўлди. «Боруссия» эса «Нюрнберг» ва «Аугсбург» каби осон рақибларга қарши ўйинларда қоқилди, баварлар биринчи ўринга қайтишга имкон берганида эса ўз уйида «Шальке»га қарши Рур дербисида мағлубиятга учради, Бремендаги ўйинда икки тўп фарқидаги устунлик бой берилди, якунда «Боруссия» Дортмунд мюнхенликлардан икки очко ортда қолиб кетди (78га 76).

Хатолар устида ишлаш
Фавр ихтиёридаги таркиб ҳажман ҳам, сифат жиҳатидан ҳам сезиларли даражада кучайди, жамоа асосий ижрочиларини сақлаб қолди. Биринчи ёрқин мавсумдан кейиноқ «Барселона» «қопқони»га тушган Усмон Дембеледан фарқли ўлароқ Жейдон Санчо Германияда қолишга қарор қилди, ҳолбуки унга ватанида, «МЮ» қучоқ очиб кутиб олишга тайёр эди. «Боруссия»га Кристиан Пулишичнинг трансферидан тушган маблағлар (америкалик ёш яримҳимоячи «Челси»га 64 миллион еврога сотилганди) таркибни кучайтириш учун етарли бўлди. Бу пулга Германия терма жамоасига номзод бўлган ҳимоячи Нико Шульц («Ҳоффенҳайм»дан), икки нафар сифатли ҳавбек - Юлиан Брандт («Байер») ва Торган Азар («Боруссия» М) сотиб олинди. Қўшимча харажатлар ҳам қилинди, аммо «Боруссия» барибир трансферлардан плюс билан чиқди, Фаврга керак бўлмаган футболчилар сотиб юборилди - Кагава, Филипп, Роде, Эмер Топрак, Шюррле, Исак ва Толян.

Бу футболчилар сотувидан тушган маблағлар 33,5 миллион еврони ташкил этди (ижарадан тушган пуллар ҳисобга олинмаганда). Диаллонинг сотуви - дортмундча бизнесга яна бир мисол. Ўтган ёзда у «Майнц»дан 28 миллион еврога сотиб олинганди ва у Загаду билан бирга ҳимоя қўрғонини ташкил этди. Бир йил ўтиб эса француз футболчи «ПСЖ»га 31 миллион еврога пулланди, бу пулга «Бавария»дан Матс Ҳуммелс олиб келинди. Германияда кўплар ҳалигача Йоахим Лёв ушбу ҳимоячи хизматларидан воз кечганига тушунишмайди. Дортмундликлар эса ўтган мавсумда «Альян Арена»да «Бавария»га қарши муҳим ўйинда айнан шу ҳимоячининг феноменал ҳаракатлари туфайли 0:5 ҳисобида мағлуб бўлганидан кейин уни қайтариш ҳақида ўйлаб қолганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз