Узбек O'zbek
Клопп: «Адриан кийиниш хонасида ҳатто мендан ҳам баландроқ овозда гапирди»
Пайшанба, 15 Август
9453

Ўн кун олдин «Ливерпуль»га келган дарвозабон Адриан Кастильо кеча фаолиятидаги илк соврин – УЕФА Суперкубогини қўлга киритди. У «Челси»га қарши ўйин сўнггидаги пенальтилар сериясида ҳал қилувчи зарбани қайтариб, учрашув қаҳрамонларидан бири бўлди.

Ўйиндан кейин бош мураббий Юрген Клоппдан Адрианни нега икки ҳафта олдин «Ман Сити» билан кечган Англия Суперкубогида (1:1, пен. 4:5) майдонга туширмагани ҳақида сўрашди.

«Дарвозабонлар мураббийи унга спорт формасини тиклаб олиш учун вақт кераклигини айтганди. Унда вақт бўлгани йўқ, шунга қарамай бугун зўр ўйнади. У охирги марта қачон расмий учрашувда майдонга тушганини билмайман, лекин бугунги ўйинига гап йўқ.

Адриан нафақат майдонда яхши футболчи, балки кийиниш хонасида лидер ҳамдир. Танаффус вақтида у мендан ҳам баландроқ овозда гапирди.

У бу совринга ҳақли равишда эришди. Бутун 120 дақиқа давомида дарвозани зўр қўриқлади, пенальтилар сериясидаги сейви эса торт устига қўйилган олча мисоли бўлди», – деган Клоппнинг сўзларини келтирди УЕФА расмий сайти.

«Ливерпуль» етакчиларидан бири Виржил ван Дейк ҳам Адрианни мақтади.

«Ўйиндан олдин финалда ҳар хил вазият бўлиши мумкинлигини айтгандим, якунда ҳаммасини пенальтилар ҳал қилди.

Пенальтилар сериясидан аввал Адрианга у учрашув қаҳрамони бўла олишини айтдим. Ва шундай ҳам бўлди. У ва клуб учун хурсандман», – деган ван Дейкдан иқтибос келтирди BBC.

Дарвозабоннинг ғалаба таассуротларини УЕФА матбуот хизмати чоп этди.

«Ливерпуль»га хуш келибсан! Бу қойилмақом ҳафта бўлди. Мен жамоа учун, мухлисларимиз учун хурсандман. «Ливерпуль»да ўйнаётганимдан жуда ҳам бахтлиман. Ўйин узоқ давом этди, аммо бизга бахтли якун тақдим қилди», – деди Адриан.

Эслатиб ўтамиз, 32 ёшли испан «Вест Ҳэм» билан шартномаси тугаганидан кейин эркин агент сифатида мерсисайдликлар сафига келиб қўшилган эди. У АПЛнинг илк туридаги «Норвич» билан ўйиннинг (4:1) биринчи бўлимида – асосий посбон Алиссон жароҳат олгач, «қизиллар» таркибида дебют қилди.

Маълумот учун, Адриан – «Бетис» тарбияланувчиси. У 2015 йилда «Вест Ҳэм»га ўтгунига қадар «Бетис» дарвозасини қўриқлаб келган.

Image

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз