Узбек O'zbek
АПЛ клубларининг жароҳатланган футболчилар учун қилган харажатлари рекорд суммага етди
Чоршанба, 14 Август
5373

АПЛда ўйновчи футболчилар ўтган мавсумда жами 764 марта жароҳат олишди.

Sports Injury Index 2019 тадқиқотидан маълум бўлишича, бу – охирги 8 йилликдаги энг юқори кўрсаткичдир. 2017/18 мавсуми билан солиштирганда жароҳатлар сони 15 фоизга ошган.

Эътиборлиси, футболчилари энг кўп жароҳат олган 7 клубдан 6таси – лигада юқори олтиликдан жой олган жамоалардир. Топ-6дан ташқари жароҳатлардан энг кўп азият чеккан клублардан яна бири – мавсумни 10-ўринда якунлаган «Вест Ҳэм» бўлди.

Рўйхатни 63та шикастланиш билан «Манчестер Юнайтед» бошқариб турибди:

1. «Манчестер Юнайтед» – 63
2. «Тоттенҳэм» – 61
3. «Ливерпуль» – 50
3. «Челси» – 50
5. «Арсенал» – 49
6. «Вест Ҳэм» – 45
7. «Манчестер Сити» – 44

Ҳисоб-китобларга кўра, АПЛда ўтган мавсум футболчиларнинг жароҳат олиши билан боғлиқ ҳолатларнинг 41,5 фоизи топ-6 клубларига тўғри келади. Буни мазкур клубларда ўйновчи футболчиларнинг кўпчилиги ЖЧ-2018да қатнашгани билан изоҳлаш мумкин.

Бунинг тасдиғи сифатида ўтган мавсум Чемпионшипдан чиқиб Премьер-лигада қатнашган «Вулверҳэмптон»ни келтириш мумкин. Бу клуб ўйинчилари мавсум давомида бор-йўғи 11 марта жароҳатга дучор бўлишди ва бу – АПЛдаги энг яхши натижа бўлди:

1. «Вулверҳэмптон» – 11 (7-ўрин)
2. «Лестер Сити» – 18 (9-ўрин)
3. «Фулҳэм» – 27 (19-ўрин)
(Қавс ичида клуб турнир жадвалида нечанчи ўринни олгани кўрсатилган).

Аниқланишича, жароҳатлар ортидан клубларнинг молиявий йўқотишлари ўтган мавсумда рекорд даражага етган – футболчиларнинг шикастланиши 20та инглиз клубига жами 221 млн фунтга тушган. Бу – 2017/18 мавсуми билан солиштирганда 3 фоизга кўпроқ демакдир.

Жароҳатлар энг қимматга тушган клуб – чемпион «Манчестер Сити» бўлди. «Шаҳарликлар» бунинг учун 26,3 млн фунт харажат қилишига тўғри келди:

1. «Манчестер Сити» – 26,3 млн
2. «Манчестер Юнайтед» – 25,2
3. «Арсенал» – 24,2
4. «Вест Ҳэм» – 22,8
5. «Тоттенҳэм» – 17,9

Умумий 221 млн фунт йўқотишдан 54 фоизи топ-6 клублари бўйнига тушган.

Бу олтилик жамоаларининг жароҳатланган футболчиларга тўлаган маошлари 2016 йилдан буён ўртача 48 фоизга ошган. Айниқса, «шпорлар»да бу кўрсаткич охирги уч йилликда 110 фоизни ташкил этган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз