Узбек O'zbek
Жозе Моуриньо ўз касбини ўзгартиради. Бу қизиқ
Сешанба, 13 Август
8257

Англиядаги бу мавсум «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити»нинг рақобатидан (буни биз кўрганмиз) ҳам кўра, бошқа жиҳати билан роса қизиқ бўлса керак – Жозе Моуриньо Sky Sports`да ишлай бошлади ва ўйинларни студиядан туриб таҳлил қиладиган бўлди.

Ҳатто мураббий сифатида, маълум бир чекловлар ва қоидалар ичидан туриб, ажойиб иқтибослар-у, оригинал ёндошувлари билан машҳур Жозе Моуриньо нисбатан анча эркин студияда қандай бўлиши мумкинлигини ҳозирча тасаввур қилиб кўраверинг.

Дебют эса, тасодифни қарангки, «Олд Траффорд»га, янаям қизиғи, ўзининг икки собиқ жамоасининг тўқнашувига тўғри келди. Моуриньо «Олд Траффорд»нинг ўзидан туриб, студияда қатнашди. «Манчестер Юнайтед» мухлислари эса, уни ойнадан кўриб қолиб, узоқ вақт олқишлашди.

Бир тарафда, яқиндагина истеъфога чиққан жамоаси унинг ўрнига келган Сульшер билан, нарёғда бегона бўлмаган «Челси» собиқ шогирди Френк Лэмпард қўл остида...

Дарвоқе, Жозе аллақачон Лэмпард билан орасини бузиб ҳам бўлди. Гап шундаки, ўйиндан кейин Моуриньо «Челси» танлаган таркиб борасида кескин фикрларни билдирди. Асосий таркибда Канте, Жиру, Пулишич, Виллиан каби тажрибали футболчиларнинг тушмаганига урғу бериб, бу «Манчестер»га қарши ўйнашни биладиганларни тушириш кераклигини айтди. Бу эса, йирик ҳисобда мағлубиятга учраб, илк турданоқ босим остида қолган Лемпардга ёқмади:

«Унга Маунтнинг ўйини ёқмабдими? Ростан шунақа дедими? Вау. Демак, тажрибаси бор экан, деб жароҳатланган футболчиларни тушириш керак экан-да? Мен ўйнатган футболчилар 45-60 дақиқа мобайнида рақибдан яхшироқ ўйнашди. Мен экспертларнинг фикрларига эътибор бериб ўтиришимим шарт эмас, уларнинг иши – гапириш», – деб, худди бир йил олдинги Моуриньо услубида жавоб берди Лэмпард.

Моуриньо ғолиб жамоани ҳам аяб ўтирмади:

«Бу мавсумни «Манчестер Юнайтед» муваффақиятли якунлаш учун Европа Лигасини ютиш керак. Бу турнир «МЮ»ники эмас, тўғрими, Гари (Невилл), сен неча марта ўйнагансан УЕФА кубогида? Демак, бундай турнирларга тушиб қолдингми, унда ғалаба қозониш шарт. Кучли тўртликка кириш эса, «Юнайтед» учун жуда жуда қийин бўлади».

Собиқ шогирди Шоуга ҳам игна санчди:

«Магуайр жуда кўп вазиятларда Шоунинг хатоларини ёпишга югурди ва натижада марказий ҳимоя бўш қолди. Энди доим шунақа бўлади ва Ҳарри буни билиб олиши лозим».

Гвардиола билан ўртасидаги фарқни тушунтирди:

«У тўпни назорат қилишга ҳаракат қилади. Мен эса, зоналарни назорат қилишга интиламан».

Шунингдек, футбол назарияси ҳақида ҳам тушунчалар берди:

«Ҳимоявий ва ҳужумкор, қарши ва позицион ҳужум деганда нимани тушуниш мумкин? Муҳими бу эмас, энг муҳими жамоа имкон қадар зич ўйнаши керак. Юқори ҳимоя билан ўйнайсанми, орқага қайтасанми, фарқи йўқ – зич ўйнаш керак, бусиз иложи йўқ. Ҳимояни тартибга солмай туриб, энг яхши жамоа бўлиш қийин. Мана, ўтган йили Англияда энг зўр жамоа қайси эди? «Манчестер Сити», тўғрими? Биз бу жамоанинг ҳимояланишга уста эмас, дея оламизми? Албатта, йўқ. 

Жамоани тўрт фаза билан баҳолаш мумкин: тўп назорати, тўпсиз ҳаракат, шу икки фаза орасидаги ўтиш даври ва стандарт вазиятлар. Бу тўрт жиҳатда зўр бўлмай туриб, турнирда ғалаба қозониш мумкин эмас».

Моуриньонинг бу йилги мавсумда чемпионликка даъвогарлар ҳақидаги фикри эса, бутун интернет тармоқларини айланиб юрибди. У тўрт даъвогар деб туриб, аслида уч жамоани санади:

«Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Сити»нинг иккинчи таркиби. Ростан ҳам, сиз «Вест Ҳэм»га қарши ўйиндаги захира ўриндиғини кўрдингизми? Ўша жамоа ҳам бемалол чемпионлик учун курашган бўларди. Бу жамоа «Манчестер Юнайтед» ва «Челси»дан кучлироқ».

Бу – энди бошланиши. Моуриньо мураббий бўлмасдан аввал, Португалия газеталаридан бирида колумнист бўлгани ва матнлар ёзганини биламиз, лекин янги амплуадаги илк чиқиш бу қадар ёрқин бўлгани, ҳали бизни янада қизиқарли фикрлар, таҳлиллар, иқтибослар кутиб турганини кўрсатяпти.

Бунга энг зўр баҳони эса, Моуриньонинг эски «дўсти» Гари Линекер берди:

«Моуриньонинг «Олд Траффорд»даги энг зўр чиқиши бўлди» – деб ҳазиллашди Гари, ўзининг твиттердаги саҳифасида. 

Қаҳрамон Асланов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз