Узбек O'zbek
Лэмпард «МЮ» билан ўйиндаги мағлубиятдан кейин Моуриньонинг танқидига жавоб берди
Душанба, 12 Август
12252

«Челси» бош мураббийи Фрэнк Лэмпард «МЮ»га қарши ўйинда (0:4) танлаган таркибини танқид қилган Жозе Моуриньонинг сўзларига муносабат билдирди.

Лэмпарднинг «Челси»даги собиқ устози, ҳозирда Sky Sports эксперти бўлиб ишлаётган Моуриньо Фрэнк «Олд Траффорд»даги ўйинда тажрибали ва «МЮ»га қарши қандай ўйнаш кераклигини биладиган таркибни майдонга тушириши керак эди, дея фикр билдирганди. Унинг ҳисоблашича, кеча «кўклар» сафидаги расмий дебютини ўтказган 19 ёшли яримҳимоячи Масон Моунт, шунингдек, 21 ёшли ҳужумчи Тэмми Абраҳам ва 23 ёшли ҳимоячи Андреас Кристенсен бундай муҳим учрашувга ҳали тайёр эмасди.

The Telegraph`нинг хабар беришича, Лэмпард танқидчиларининг фикри унинг учун у қадар ҳам аҳамиятли эмаслигини айтиш баробарида Моуриньо айнан Моунтни тилга олганидан ҳайрон бўлган.

«Масон Моунтнинг ўйини унга ёқмабди? У Масон Моунт ҳақида гапирдими?

Футболчилар тажрибалими-йўқми, бундан қатъи назар, мен уларни тиббиёт хонасидан тортиб олиб чиқа олмайман. Майдонга тушган ва захира ўриндиғида ўтирган футболчилар – бизнинг бор таркибимиз.

Мен бошқалар нима дейишидан хавотирланиб ўтиришим шарт эмас. Шуниси аниқки, бу таркиб – бизда бор футболчилардан иборат ва мен бу жамоага ишонаман.

Биз, шубҳасиз, 45 ёки ҳатто 60 дақиқа рақибдан кўра яхшироқ ўйнадик. Шунга қарамай, индивидуал хатоларимиз сабаб дарвозамизга йўлланган 5та зарбадан 4та гол ўтказиб юбордик. Бешафқат реаллик ана шу», – деди Лэмпард.

Моуриньо ўз вақтида учун миллионлаб маблағлар билан «Челси»ни совринлар ютувчи жамоага айлантирган, аммо клубга қўйилган трансфер тақиқи боис Лэмпардда таркибни кучайтириш имкони бўлмади.

«Таркиб борасида гапирганда, биз ёзда футболчи ола олмаслигимизни билардик, лекин шунга ишончим комилки, бизда жуда иқтидорли ёш футболчилар бор.

Очиғини айтайлик, ҳозир баъзи футболчиларимизда жароҳат борлиги ва биз янги ўйинчилар билан шартнома имзолай олмаганимизни бизни ўз устимизда кўпроқ ишлашга ундайди.

«Челси»дек клубга келган аксарият мураббийлар одатда ўзи истаган услубга мос футболчиларни олиб келиш имкониятига эга бўлади. Лекин мен бундан кўп шикоят қилмоқчи эмасман. Мен қўл остимда мавжуд ўйинчилар билан ишлашни истайман», – деди Фрэнк Лэмпард.

Эслатиб ўтамиз, «аристократлар» 14 август, чоршанба куни УЕФА Суперкубогида «Ливерпуль»га қарши майдонга чиқади. Ўйин Истанбулдаги «Vodafone Park»да, Тошкент вақти билан пайшанбага ўтар кечаси соат 00:00да бошланади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз