Узбек O'zbek
«Улар бизнинг бир бўлагимиз эдилар» — самарқандлик мухлислар «Пахтакор»-79 жамоасини қандай эслашади?
Якшанба, 11 Август
858

Бундан 40 йил аввал ўзбек футболи оғир жудоликка учраган ва «Пахтакор» жамоаси авиаҳалокатга учраганди. 1979 йилнинг 11 августида содир бўлган бу воқеа мамлакатдаги барча футбол мухлисларига қаттиқ зарбадек таъсир қилади. Ахир кўз олдингиздаги севимли жамоангизда ўйнаган футболчилар ҳалокатга учрашини тасаввур қилиб кўринг...

Ўшандан буён ҳар йил 11 августда ўзбек халқи «Пахтакор»нинг ўша ажойиб жамоасини ёдга олади, хотирлайди. Ўзбек футболида 1979 йилдаги «Пахтакор»дан яхшироқ жамоа олдин ҳам бўлгандир, кейин ҳам улардан зўр жамоа чиққандир, аммо ўша ҳалокатга учраган футболчилар мухлислар юрагининг бир парчасини ҳам ўзлари билан самоларга олиб кетишган. Биз ёшлар ўз оталаримиз, ёши катта мухлислардан у жамоа ўйинлари, ҳалокатга учрагани ҳақидаги хотираларни эшитиб катта бўлдик. Биз ҳар қанча гапирмайлик, «Пахтакор»-79`нинг ҳақиқий мухлислари каби ҳаммасини тасаввур қила олмаймиз. Шу боис ўзбек футболининг ажойиб йигитлари ҳақида ўша жамоанинг асл мухлислари гапиргани яхшироқ.

«Пахтакор» у вақтда Ўзбекистоннинг биринчи рақамли жамоаси бўлган. У вақтлар миллий жамоа бўлмагани сабаб айнан «Пахтакор» миллат жамоаси сифатида қаралган. Бу жамоани бутун мамлакатда яхши кўришган. Ўзбекистондаги барча шаҳарлар учун «Пахтакор» бош жамоа бўлган.

Самарқандлик мухлислар ҳалокатга учраган «Пахтакор» жамоасини қандай эслаши билан қизиқиб, футболнинг узоқ йиллик мухлислари билан учрашдик. Сўзга чечан бўлмаган бу мухлислар ўша ҳалокатни қандай эслашлари ҳақида ҳикоя қилишди.

Биринчи манзилимиз «Динамо» стадиони бўлди. Бу ерда 57 йилдан буён «Динамо» стадиони майсасини парвариш қилувчи Садри бобо ишлайди. Бир кун олдин 75 ёшини нишонлаган Садри бобо ҳамон «Динамо» стадионида ишлайди. Аввало камерага гапиришни қойиллатмаслигини айтган бобо ўша «Пахтакор»ни Самарқандда йиғин ўтказган вақтда кўрганини айтди. 57 йилдан буён «Динамо» стадиони майсасини парвариш қиладиган бобо «Пахтакор» ҳақидаги нохуш хабарни ҳам стадионда эшитган...

Кейинги манзилимиз Самарқанднинг Андижони маҳалласи бўлди. Бу ерда яшайдиган кўп йиллик футбол мухлиси Баҳодир бобони кўпчилик танийди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларига саёҳат қилиб, бутун умр спорт билан яшаётган бу инсон уйида футбол музейи ташкил қилган. У киши «Пахтакор»нинг ўйинларини кўриш учун бошқа мамлакатларга ҳам борган.

Яна ёши катта мухлисларни топиш мақсадида 8 август куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туманига бордик. Бу ердаги стадионда Суперлига 16-туридан ўрин олган «Динамо» ҳамда «Қўқон-1912» жамоалари ўртасидаги учрашувдан бир кун аввал ўринбосарлар жамоалари баҳслашишди. Ўринбосарлар ўйини бўлса-да, стадионда ёши катта мухлисларни учратдик. У ердаги мухлислардан бири ҳам «Пахтакор»нинг ҳалокатга учраганини эшитганда қандай ҳолатга тушганини ҳикоя қилди. Уларнинг гапларини эшитиб, «Пахтакор» катта авлод учун қанчалик қадрли бўлганини англадик...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз