Узбек O'zbek
Тўлаган Исоқов: «40 йилдирки, юрагимда қора доғ билан яшайман»
Якшанба, 11 Август
3613

Бугун, 11 август куни «Пахтакор» фожиасига роппа-роса 40 йил тўлди. Шу муносабат билан Tribuna.uz ўзбек футболининг тирик афсонаси, ўша ҳалокатдан бахтли воқелик сабаб омон қолган Тўлаган Исоқов билан интервью ташкил қилди.

Шу йил апрелда 70 ёшини қарши олган Тўлаган ота бу сана арафасидаги тадбирлардан аранг вақт топиб, суҳбатга розилик берди. 9 неваранинг бобоси ЎФА қошидаги Фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари сифатида ҳамон футбол ичида. Шу боис ҳам 11 август санасидаги тадбирлар ташкилотчилиги билан боғлиқ масалаларга бевосита масъул. Суҳбатимиз ана шу Фахрийлар кенгашининг иш фаолиятидан бошланиб, сўнг Тўлаган отанинг «Пахтакор»да ўйнаган йилларига кўчди.

«Мен «Пахтакор»нинг учта авлодини кўрдим. Биринчи авлод ­– мен келганимда Пшеничников, Красницкий, Абдураимов, Раҳматуллаев каби улуғ футболчилар бор эди. Кейингиси ­­- Иброҳимов, Варюхин... Ундан кейинги, охирги авлод деймиз, ўша – 17 йигит, ўзимиздан чиққан футболчилар.

Аввалги ва ҳозирги футболни солиштирганда, нега авваллари 60 минг киши футбол кўришга тушган-у, ҳозир 5 мингта ҳам кирмаяпти, деган саволлар туғилади. Чунки биз ўша пайтда футбол учун футбол ўйнардик, пул учун ўйнамасдик. «Пахтакор» таркибида тушишнинг ўзи бўлмасди. 17 ёшимда командага келганимда қанақа ҳужумчилар бўлган «Пахтакор»да – Красницкий, Абдураимов, Бекташев, Белкумов, Ибрагимов... Ўша асосий составдан ўрин олиш учун нима қилишим керак эди? Интилиб, уларнинг биттасининг ўрнини олиб қўйишим керак эди. Ҳақиқатда бир йилнинг ичида ўз ҳаракатларим билан асосий составга тушганман», - дейди у.

Суҳбатнинг бевосита «Пахтакор» ҳалокатига доир қисмида орадан 40 йил ўтган бўлса-да хотиралар кечагидек, бу хотиралар билан боғлиқ изтироб ҳам ҳали ҳамон унутилмаганига яна бир бор амин бўлдик.

«Улар билан камида 7-8 йил ўйнадим. Худди ака-укадек бўлиб қолгандик. Ўша болалар нимани кўришди? Бошқа шаҳарларга борардик: гостиница, овқатланиш, ўйин, самолёт... Бир кунга уйга қайтиб келиб, яна кетдинг... Ҳаётда шуни кўришди.

Орзулари кўп эди-ку уларнинг ҳам? Нега ўшандан кейин футболни ташлаб юборганман? Шароф Рашидов уч марта чақирган: «Ўғлим, ўйнайсан яна», деб уч марта айтган. «Йўқ, мен ўйнай олмайман бошқа...» Ўша базага бораман, ётаман, кўзимга фақат ўшалар кўринади... Улар йўқ. Эрталаб тураман – бошқа жамоа.

Илтимос қилишганида ҳам, «Мен бошқа футбол ўйнай олмайман, буни кўтара олмайман», деб футболни ташлаганман.

Лекин ўшанда ёшларга мураббий қилиб олиб қолишди. Кейин Москвага, олий мактаб тренерлар курсига ўқишга кетдим. Икки йил у ерда ўқиб, қайтиб келиб, ҳар хил жамоаларда, икки марта «Пахтакор»да ишладим.

Нима деймиз, бу тақдир экан менга. 40 йил, юрагимда қора доғ билан яшайман. Ўша дўстларимни... Кўриб турибсиз, сочларимиз оқариб қолган. Агар улар тирик бўлганда қанақа қарирди, деб хаёлимга келтираман. Қариганда қанақа инсонлар бўлишарди? Улардан ҳам мураббий чиқиши мумкин эди-ку? Улар ҳам яна 5-6 футболчи тайёрлаб берарди-ку Ўзбекистон халқига...

40 йилдан буён шу қора доғ билан яшаймиз. Мен ўшанда, кўмиш куни – 18 августда... (Ўшанда ҳам «Пахтакор» командаси бўлмаганда самолёт ҳалокатга учраганини ҳеч ким билмасди. У пайтларда бундай гаплар айтилмасди. Халқаро аэропортимизда халқ билмасин деб эрталаб соат 6да бўлган). Ўшанда сўз беришганида айтганман: «Ўртоқлар, алвидо, яхши-ёмон гапирган бўлсак кечиринглар, аммо-лекин ўзбек футболи 50 йилга ўлди», деганман. «50 йилда ўзига кела олмайди, бунақа болалар қайтиб туғилмайди», деганман.

Мана, 40 бўляпти, ҳалигача ўзимизга кела олмаяпмиз. Бу – ҳақиқат. Буни бекитиб бўлмайди. Ҳозир араб давлатларидан қўрқяпмиз футбол ўйнагани. Мана ўша «уровень». Ўша баландлик-пастлик. Шундан мулоҳаза қилиб олсанглар бўлади.

Ўйинларимизга 60 минг аҳоли кирарди. Фақат ўриндиқларда эмас, йўлакларда ҳам ўтиришарди, прожекторларга чиқиб томоша қилишарди. Демак, ўша пайт яхши ўйнашган экан-да. Мен ҳозир айтаман болаларга: «Эй болалар, сизларнинг ўзингларда айб. Нимага бунақа, нимага халқ кирмаяпти? Демак, ўйининглар ёмон экан», ­­- деб таъкидлади Тўлаган Исоқов.

Ўзбек футболи афсонаси суҳбат давомида, шунингдек, ўша куни «Пахтакор» билан Минскка учмагани сабаби, ҳалокат ҳақида қачон ва кимдан эшитгани, эшитиб қай ҳолатга тушгани ва умуман фожиа хотираларини ёдга олди.

Интервьюда Тўлаган Исоқов «Пахтакор»да нега ҳар йили мураббий алмашавергани, бу жамоада 14 йил ўйнаб 14 мураббийни кўргани ва улардан ўзбек футболига энг катта хизмат қилган икки мураббий ким бўлгани, ўша «Пахтакор»нинг бирорта ҳам ўйини видеоёзувлари сақлаб қолинмагани, ўзи ўйнаган пайтлардаги футбол билан замонавий футбол орасидаги тафовутлар ҳақидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.

Собиқ ҳужумчи ўзбек футболидаги ҳужумчилар муаммосига тўхталди, фарзанди эл назаридаги футболчи бўлишини истаган ота-оналарга ва футболчилик касбини танлаган болаларга маслаҳатлар берди.

Қолаверса... футбол ва театрни нима боғлаб туради? Халқ артисти Сойиб Хўжаев кимнинг ўйинини кўриш учун «Пахтакор» ўйинлари вақтига тўғри келиб қолган энг зўр спектаклни ҳам бошқа кунга кўчирар эди? Тўлаган Исоқов Наби Раҳимовнинг қайси ўгитидан катта сабоқ олган? У Шукур Бурхоновнинг қайси спекталдаги ролидан қаттиқ таъсирланиб, ҳатто йиғлаган ҳам?

Суҳбат асносида шу каби саволларга ҳам жавоб оласиз. Интервьюни тўлиқ равишда Tribuna.uz`нинг YouTube`даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз