Узбек O'zbek
Ёзда ҳаммадан кўпроқ пул сарфлаган 10та клуб
Сешанба, 06 Август
7130

Трансферлар дарчаси ҳали ёпилмади, аммо кўплаб клублар таркибини янгилаб, мавсум олдидан якуний кўринишга келтиришга улгурди. Айниқса бу Англия клубларига тегишли, Туманли альбионда чемпионат шу уик-энддаёқ старт олади ва шундан кейин бу клублар футболчи сотиб ололмайди. Қуйида ёзги трансферлар бошланганидан буён янги футболчилар учун энг кўп пул сафрлаган 10 клуб келтирилади, бу клублар жами бўлиб 1,5 млрд евродан кўпроқ пул сарфлашган. Бу рўйхатдаги айрим номлар футбол мухлисларини ҳайрон қолдириши ҳам мумкин.

10. «Арсенал», 117 млн евро

Кутилмаган ҳолат: «Арсенал» ва қимматбаҳо харидлар? Аммо лондонликлар ҳам катта харажат қила оларка, буни «Лилль»дан 80 млн еврога сотиб олинган Николя Пепе трансфери исботлади. Бу келишувнинг молиявий жиҳатлари тўлиқ ошкор этилмади, аммо бу пул французларга бир неча йил давомида бўлиб-бўлиб тўланади. «Реал»дан Дани Себальоснинг ижарага олиниши ҳам таркибни жиддий кучайтирди. Яна 30 миллион евро Вильям Салиба учун сарфланди, аммо ўнг қанот ҳимоясида ҳаракатланувчи бу футболчи олдиндаги бир мавсумни ўзининг собиқ клуби «Сент-Этьен»да ижара асосида ўтказади. Жамоага ҳали яна ҳимоячи керак, иккита бўлса яна яхши. Клубнинг фахрий футболчиларидан бири, сардор Лоран Косьелни «Бордо»га ўтмоқда, шунингдек, Шкодран Мустафи ҳам клубни тарк этиши мумкин.

9. «Бавария», 118 млн евро

«Бавария»нинг зиқна хўжайинлари ҳам пул сарфлашга киришди ва мюнхенликлар кўп пул сарфлайдиган клублар рейтингидан жой олди. Роббен ва Риберининг кетиши бунга асосий сабаблардан бири, уларнинг ўрнини тўлдириш ва янги даврга қадам қўйиш керак, ҳозирча мюнхенликлар ҳужумида қанотларда фақат Кингсли Коман ва Серж Гнабри бор. Лекин мудофаа чизиғи жиддий кучайтирилди: Бенжамен Павар 35 млн еврога, Люка Эрнандес 80 млн еврога сотиб олинди, улар камида Дортмунднинг «Боруссия» клубига қайтган Матс Ҳуммельс ўрнини тўлдириши, максимум эса – Киммих ва Алаба жароҳат олган тақдирда, уларнинг ўрнини ёпиши талаб этилади. Янги футболчилар марказда ҳам, қанотларда ҳам ҳаракатлана олишади. Сўнгги хабарларга кўра, клуб қанотни кучайтириш учун «Манчестер Сити» вингери Лерой Санени сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Агар бу трансфер амалга ошса, мюнхенликлар мазкур рўйхатнинг юқори қисмига жойлашади: «Манчестер Сити» ўзининг германиялик футболчисини фақат 120 млн евродан кўпроқ нархга сотишга рози бўлади.

8. «Севилья», 124 млн евро

«Севилья» — одатда ўз футболчиларини қимматга сотиб олиб, кучсиз чемпионатлардан арзонроқ футболчилар сотиб олиш билан шуғулланадиган клублардан бири эди. Аммо ҳозир клубда глобал қайта қуриш даври кетмоқда: клубга спорт директори Мончи қайтган, Испания терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Хулен Лопетеги клуб бошқарувига олиб келинган, таркиб эса радикал даражада ўзгармоқда. Асосий сотувлар: Промес, Сарабия ва Муриэль биргаликда клубга 50 млн еврога яқин маблағ келтирди. Энди харидлар ҳақида: чап қанот вингери Лукас Окампос (15 млн евро), икки нафар марказий ҳужумчи – Люк де Йонг ва Мунас Даббур (15 ва 12 млн евро), Хитойдан Неманья Гудель эркин агент сифатида келди, ўз вақтида «Сити»да ўйнаган Фернандо 5 млн еврога трансфер қилинди. «Севилья»нинг трансфер стратегиясидаги жиддий ўзгаришни пайқаш қийин эмас: энди клуб тажрибали футболчиларга ишонч билдирмоқда. Аммо талантли ва ёш футболчилар ҳам трансфер қилинди: иккита ёш марказий ҳимоячи («Бордо»дан Жюль Конде ва «Аякс»дан Макс Вебер учун 35 млн берилди. Умуман, «Севилья» кўп пул сарфлади ва янги таркибга эга бўлди. Бу таркиб қандай ўйнаркан?

7. «Боруссия Дортмунд», 127 млн евро

Бундеслиганинг ўтган мавсумида «Боруссия» «Бавария» билан охиригача соврин учун курашди: кураш бой берилди, аммо ғалаба яқин эди. Афтидан, дортмундликлар, янги мавсумга янада кучли таркиб билан кириб боришмоқчи. Бунинг учун «Бавария»дан Ҳуммельсни 30 млн евро эвазига қайтаришди – бу футболчи жамоа етакчиси бўла олади. Ҳимоянинг чап қаноти учун «Ҳоффенҳайм»дан Нико Шульц олиб келинди. Юлиан Брандт ва Торган Азар ҳам жамоа бош мураббийи Люсьен Фаврга таркибда кўпроқ имкониятлар тақдим этади, ички чемпионатдаги рақиблардан («Байер» ва «Боруссия» М) харид қилинган бу футболчилар учун жами бўлиб 50 млн евро тўланди – бу трансферларни ёзнинг омадли трансферлари сифатида баҳолаш мумкин, ахир бу ёзда «МЮ» икки ҳимоячи Уан-Биссака ва Ҳарри Магуайр учун жами 137 млн евро сарфлади. Дортмунднинг жиддий сотувлари орасида битта номни тилга олиш мумкин: Абду Диалло «ПСЖ»га 30 миллион еврога (Ҳуммельс учун шунча сарфланганди) сотилди.

6. «Астон Вилла», 149 млн

АПЛга қайтган бу клуб жуда кўп пул сарфлади ва деярли бир жамоа сотиб олди. Аввал ҳам шунга ўхшаш иш содир бўлганди - «Фулҳэм»да бу иш ўхшамаганди, «Астон Вилла» эса лондонликларнинг ўтган йилги харидларини катта фарқ билан ортда қолдирди. 149 млн евро – ҳатто АПЛ учун ҳам катта миқдор, аммо бу пуллар 12 нафар футболчи учун сарфланган. Лекин, бирмингемликларнинг янги харидлари янги мавсумда ўзини кўрсатиши ҳам мумкин. «Брюгге»дан Уэсли сотиб олинди — у жамоанинг асосий форварди бўлади (чемпионшипда ўтган мавсумда бу ролни бажарган ва клуб тўпурари бўлган Тэмми Абраҳам «Челси»га қайтди), бу футболчи учун бельгияликларга 25 млн евро тўланди. Шунингдек, марказий ҳимоя чизиғига бир неча футболчи сотиб олинди. Бьорн Энгельс, Кортни, Ҳаус, Эзри Конса учун жами 25 млн евро сарфланди, яна 25 млн еврога Тайрон Мингс сотиб олинди. «Борнмут» футболчиси бўлган бу таянч яримҳимоячиси сўнгги бир ярим йилни «Астон Вилла»да ижара асосида ўтказганди. Шунингдек, «Манчестер Сити»дан Дуглас Луис (18 млн), «Брюгге»дан Марвелос Накамба (12 млн) сотиб олинди, улар яримҳимоя марказини мустаҳкамлаши керак, Трезеге ва Хота – ҳужум қанотлари учун. Клубда янги дарвозабон ҳам пайдо бўлди: 33 ёшли Том Ҳитон 9 млн евро эвазига «Бёрнли»дан сотиб олинди, ҳолбуки клубда асосий таркиб учун даъвогар бўлган яна икки дарвозабон бор эди: Орьян Нуланд ва Ловре Калинич. Бош мураббий Дин Смитга савол: шунча футболчига майдоннинг қаеридан жой топиб берилади. Чемпионшипдан ўтиш ўйинлари орқали АПЛга чиққан «Астон Вилла» бирорта футболчи сотмади.

5. «Ювентус», 151 млн евро

Италия чемпионлари муаммо бўлган позицияларни бирма-бир ёпишди. Яримҳимоя чизиғига Аарон Рэмси ва Адриен Рабьо текинга олиб келинди (тўғри, уларнинг иккиси ҳам жуда катта маош олишади), ҳимоя маркази эса Матейс де Лигт билан кучайтирилди – «Аякс»нинг 19 ёшли сардори мавсум кашфиётларидан бири бўлганди ва унинг учун туринликлар 85 млн евро тўлашди. Катта маблағ, айниқса Мино Райола учун комиссия тўловлари ҳам қўшилса. «Юве»нинг бошқа янги харидлари — Лука Пеллегрини, Мерих Демирал ва Кристиан Ромеро – жами бўлиб 66 млн еврога тушди, лекин уларга асосий таркибдан жой топилмаса керак. Аммо «Юве»ни харажатлар учун танқид қилишга шошилмаслик керак: улар футболчиларини омилкорлик билан сотишмоқда ҳам. Леонардо Спинаццола «Рома»га, Стефано Стураро «Женоа»га, Рикардо Орсолини «Болонья»га, Эмиль Аудеро «Сампдория»га, Альберто Черри «Кальяри»га — номлар жарангдор эмас, аммо бу сотувлар «Юве»га 100 млн евро маблағ келтирди! Буларга 29 млн евро эвазига «Эвертон»га трансфер қилинган Мойзе Кинни қўшиш мумкин. Бу умидли футболчи арзонга кетгандек кўринмоқда, аммо бу трансфер эвазига «Ювентус» трансфер балансга эришди ва молиявий фейр-плей туфайли муаммоларга дуч келмайдиган бўлди.

4. «Манчестер Юнайтед», 159 млн евро

Уч нафар британиялик футболчи, улар орасида битта ҳам суперюлдуз йўқ. Дэниел Жеймс 17 млн евро эвазига «Суонси»дан, Аарон Уан-Биссака 55 млн евро эвазига «Кристал Пэлас»дан, Ҳарри Магуайр эса 87 млн евро эвазига «Лестер»дан харид қилинди: «Манчестер Юнайтед» ўз тарихидаги трансферлар рекордини янгилади. Бир йил муқаддам Жозе Моуриньо Магуайрни сотиб олмоқчи бўлган, ўшанда бу футболчи учун 60 млн евро сўрашганди. Аммо бу «МЮ»нинг услубига айланиб бормоқда — клуб керакли футболчилар учун ўз нархидан кўпроқ тўлашга мажбур. Клуб каттагина маблағ сарфлади, энди янги форвард олиб келиш учун Ромелу Лукакуни сотиш керак: бельгиялик футболчи Сульшернинг режаларига кирмаган. Клуб сотувдан пул ишламаган: Эррера ва Валенсия эркин агент сифатида клубни тарк этишган.

3. «Атлетико», 244 млн евро

Шартномасида кўрсатилган 126 млн евро тўлаб олиб келинган Жоау Фелиш – «Атлетико»нинг асосий хариди бўлди. Бу мадридликлар Антуан Гризманн учун «Барса» тўлаган маблағдан (бу ҳам шартномадаги бадал пули эди) 6 млн еврога кўп. Ҳа, франциялик футболчи учун бадал пули кам белгиланганди. Аммо «Атлетико»нинг ўзи ҳам бошқа футболчиларни нисбатан арзон нархларда харид қилди. «Порту»дан Эктор Эррера — текинга келди, «Тоттенҳэм»дан Киран Триппьер — 30 млн еврога сотиб олинди. Ёш қанот ҳимоячиси Ренан Лоди Бразилиядан 20 млн еврога, «Реал» яримҳимоячиси Льоренте 30 млн еврога сотиб олинди. Икки нафар марказий ҳимоячилар — Эрмосо («Эспаньол») ва Фелипе («Порту») эркин агент сифатида Миланга йўл олган Годиннинг йўқлигини билинтирмаслиги керак – клуб икки футболчи учун жами 40 млн евро тўлади. Энди асосийси: шунча харидлардан кейин ҳам «Атлетико» минусга киргани йўқ, балки фойда билан чиқди. Қандай қилиб? Шунчаки сотувдаги футболчиларга қаранг. Атиги уч футболчи: Гризманн, Родри ва Эрнандес – улар клубга сарфланганидан кўпроқ маблағлар келтирди — 270 млн евро. Бунга Лусиано Вьетто ва Желсона Мартинш трансферидан тушган маблағларни ҳам қўшиш мумкин.

2. «Барселона», 255 млн

«Атлетико»дан фарқли равишда, «Барса» сотувлари эвазига плюсга кирмади. Асосий муаммо: Филиппе Коутиньога харидор йўқ. Клуб уни сотишга уринмоқда, аммо натижасиз. Лекин бошқа футболчилар трансферидан маълум миқдорда маблағлар ишланди: Малком (40 млн еврога «Зенит»га), Силлесен (35 млн еврога «Валенсия»га), Гомеш (25 млн еврога «Эвертон»га), Денис Суарес (13 млн еврога «Сельта»га) ва Алькасер (21 млн еврога «Боруссия»га) пулланди. Бу сотувлар клуб хазинасига жами бўлиб 126 млн евро келтирди, аммо бу миқдор харажатларни қоплай олмайди. Чунки «Барса» икки нафар юлдуз футболчи сотиб олди, Френки де Йонг ва Антуан Гризманн трансфери жами 200 млн еврога тушди. Қолаверса, «Барса» бошқа трансферлар ҳам амалга оширди: «Валенсия»дан дарвозабон Нету (клублар Нету ва Силлесенни алмашишди, аммо икки томон ҳам бир бирига 35 млн евродан тўлади), «Бетис»дан ҳимоячи Жуниор Фирпо (26 млн евро) сотиб олинди.

1. «Реал», 303 млн евро

Учлик испан клубларидан иборат. Фақат харажатларни эмас, сотилган футболчилардан тушган маблағлар айириб ташланганида ҳам «Реал» — энг кўп харажат қилган клуб ҳисобланади. Эден Азар учун 100 млн евро тўланди – бельгиялик футболчининг «Челси» билан атиги бир йиллик шартномаси қолган бўлгани назарда тутилса ҳам, мадридликлар учун бу зўр ва фойдали трансфер бўлди. Лекин бошқа футболчилар учун сарфланган пулларни адолатли дейиш қийин. Ферлан Менди учун «Лион»га 50 млн евро сарфланди – у асосий таркиб учун Марсело билан рақобатлашиши керак. «Сантос»дан олиб келинган Родриго 45 млн еврога тушди, бу харид истиқбол учун. Эдер Милитао «Порту» хазинасини 50 млн еврога бойитди, Лука Йович трансферидан эса «Айнтрахт» — 60 млн евро ишлаб олди, ҳолбуки немислар клуби уни «Бенфика»дан атиги 7 миллион еврога сотиб олган. Беш нафар янги футболчи учун 300 млн евро.

«Реал» футболчиларини сотди ҳам: Тео Эрнандес («Милан») ва Рауль Де Томас («Бенфика») клубга 20 млн евродан келтирди, Льоренте учун «Атлетико» 30 млн евро тўлади, «Челси» эса Ковачични 45 млн еврога сотиб олди. Аммо клуб ҳали Поль Погбани сотиб олиши мумкин ва молиявий фейр-плей бўйича муаммога дуч келмаслик учун яна футболчи сотиш керак. Клубдан кетишга энг асосий даъвогарлар Хамес ва Бэйл. Аммо уларнинг биринчиси учун сўралаётган нархни ҳеч ким тўлашни истамаяпти, иккинчисини эса ҳеч ким ўз сафига қўшиб олишни истамаяпти. Лекин Испанияда трансферлар дарчаси сентябргача очиқ ва «Реал»да ҳали ўзгаришлар бўлиши аниқ.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз