Узбек O'zbek
Криштиану Роналду энг ёқтирган фильми, энг яхши голи ва футболчи бўлмаганида қайси касбни танлаган бўлиши ҳақида
Душанба, 05 Август
15322

Криштину Роналду футболга ихтисослашган энг йирик ритейлерлардан бири – Soccer`га қисқа интервью берди. 4 дақиқа давом этган суҳбат блиц савол-жавобдан иборат бўлди.

– Фаолиятингиздаги энг яхши гол?
– О, бу қийин савол. 700та голдан биттасини ажратиб кўрсатиш... Мен доимо осонгина қилиб, энг охирги урган голим деб жавоб бераман. Биламан, бу энг чиройлиси эмас, лекин голлар доим аҳамиятга эга.

– Агар ўтмишга қайтиш имкони бўлганда ким билан бирга ўйнашни истардингиз?
– Қийин саволлар беряпсиз... (кулади) Ўйлаб кўрай-чи... Хаёлимга кўп футболчилар келяпти. Лекин биттасини айтмоқчиман – марҳум ватандошим Эйсебио. У Португалия миллий жамоасининг рамзларидан бирига айланган. У билан бирга ўйнашни истаган бўлардим, чунки у португалиялик ва қолаверса, жуда зўр инсон бўлган.

– Голларингизни «Суиии» деб нишонлашингиз машҳур. Бу қаердан келиб чиққан?
– АҚШда «Челси»га қарши ўйнагандик. Бунақа нишонлаш қандай хаёлимга келганини билмайман. Мен, шунчаки, гол урганимдан кейин нишонлаш чоғида «Суиии» деб бақиргандим. Бу табиий равишда бўлиб кетганди. Ўшандан кейин бир неча марта такрорладим. Мухлислар мени кўришганида: «Криштиану, суиии» дейишади.

– Агар жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлиш билан банд бўлмаганингизда футбол ўрнига қайси касб эгаси бўлардингиз?
– Актёр. Балки модель. Билмасам. Актёр бўлса керак. Бунга иқтидорим бор-йўқлигини билмайман, лекин доим айтаман: «Агар кўп меҳнат қилсанг ва ўргансанг, ҳамма нарсага эриша оласан».

– Энг яхши кўрган фильмингиз қайси?
– Энг севимли фильмим... Улар кўп. Менга ҳаммасидан ҳам ҳужжатли фильмлар ёқади. Энг ёқтирганим – «Қўзилар сукунати» (The Silence of the Lambs). Шу драмани яхши кўраман.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз