Узбек O'zbek
Сардор Рашидов: «Қатар чемпионатини соғинган эдим»
Чоршанба, 31 Июл
2677

Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Сардор Рашидов куни кеча «Қатар СК» клуби аъзосига айланди.

Бунга қадар Португалиянинг «Насьонал» клуби сафида ўйнаб келган хавбек яна ўз фаолиятини Қатар Юлдузлар Лигасида давом эттирадиган бўлди. 28 ёшли Рашидов ЎФА расмий сайтига янги жамоасидаги илк таассуротлари ва режалари хусусида гапириб берди.

«Португалия чемпионатида ўйнаш орқали Европа футболи ҳавосидан нафас олишга эришдим ва бундан хурсандман. Ана энди бор диққат-эътиборимни «Қатар СК» билан муваффақиятларга эришиш ва гранд клубларга етарлича қаршилик кўрсатишга қаратаман.

Айни пайтда «Қатар СК» Мадридда йиғин ўтказмоқда. Бу йиғин 8 август куни якунига етади. Ҳали бир нечта ўртоқлик ўйинларида майдонга тушамиз. Мақсадимиз – имкон қадар тезроқ яхши формага кириш. Зеро яқинда Қатарда янги мавсум старт олади.

Қатарда мазмунли ўйин кўрсатиш орқали ўзимга янада ишонч олиб, терма жамоамизга яқинда бошланадиган саралаш баҳсларида ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

Қатар чемпионати мен учун бегона эмас, бу ерда тўп суришни, рости, соғинган эдим. «Қатар СК»га ўтишимда илгари мен фаолият олиб борган «Ал-Жаиш»даги танишларимнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Насиб этса, ушбу клуб сафида мазмунли ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламан» – деди Сардор.

Эслатиб ўтамиз, жиззахлик яримҳимоячи фаолияти давомида «Сўғдиёна», «Бунёдкор», «Ал-Жаиш» (Қатар), «Ал-Жазира» (БАА), «Локомотив», «Насьонал» (Португалия) клублари сафида ўйнаган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз