Эрве Ренар Саудия Арабистони миллий жамоасига бош мураббий қилиб тайинланди.
50 ёшли франциялик мутахассис 2022 йил якунига қадар мўлжалланган шартномани имзолади. Унинг олдига ЖЧ-2022 йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилди.
Эрве Ренар мураббийлик фаолиятини 1999 йили бошлаган. У Гана, Замбия, Ангола, Кот-д’Ивуар ва Марокаш миллий жамоаларини ҳам бошқарган.
Замбия (2012) ва Кот-д’Ивуар (2015) билан Африка Кубогида ғалаба қозонган. Марокаш миллий жамоаси билан ЖЧ-2018да иштирок этиб, шу йили Африканинг энг яхши мураббийи деб топилган.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони миллий жамоаси Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ-2022 саралашидаги рақиби ҳисобланади. Жамоалар 14 ноябрь куни Тошкентда, 2020 йил 9 июнь куни Саудия Арабистонида беллашадилар.