Узбек O'zbek
Роналду: «Манчестердан кўра Мадридни кўпроқ соғинаман»
Сешанба, 30 Июл
6181

«Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду Испанияда бўлиб, Marca нашридан «Афсона» мукофотини қабул қилиб олди.

Тақдирлаш маросимида «Реал» президенти Флорентино Перес ва португалиялик футболчининг агенти Жорже Мендеш ҳам қатнашди.

Соврин Роналдуга футболдаги ёрқин карьераси учун эътироф рамзи сифатида тақдим этилди. Шундан сўнг Криштиану тўп тепган бешта жамоа футболкасидаги беш бола ундан интервью олди.

«Спортинг»нинг 28-рақамли футболкасидаги қизча юлдуз футболчидан: «Болалигингизда энг яхши футболчи бўлишингизни билармидингиз? Қўлга киритган совринларингизни юта олишингизни тасаввур қилганмисиз?» деб сўради.

«Йўқ, бу ҳақда ҳеч қачон ўйламаганман. Орзум – профессионал футболчи бўлиш эди», – деб жавоб берди Роналду.

«Манчестер Юнайтед»нинг 7-рақам футболкасидаги боланинг: «Манчестерни кўпроқ соғинасизми ёки Мадридни?» деган саволига ҳужумчи:

«Иккаласини ҳам, лекин ҳаётимдаги энг муҳим воқеаларнинг кўпроқ қисми Мадридда бўлган. Фарзандларим шу ерда туғилган, севган ёримни шу ерда учратдим, шунинг учун Мадридни кўпроқ соғинаман».

«Европа чемпионлиги фаолиятингиздаги энг яхши, сиз энг кўп фахрланадиган совринми?» – деб сўради Португалия миллий жамоаси либосидаги қизча.

«Ҳамма совринлар муҳим, лекин катта эҳтимол билан шундай, чунки Европа чемпионлигининг ўрни бўлакча, бошқаларга ўхшамайди. Ўз ватанинг учун нимадир юта олсанг ва бу жуда ҳам қийинлигини билсанг... Бу – фаолиятимдаги энг муҳим нарса», – деб жавоб қилди Роналду.

«Реал» футболкасидаги бола савол бермай, унинг клубдан кетганидан афсусдалигини айтди: «Реал»дан кетганингизда хафа бўлдим». Бунга «Мен ҳам» деб муносабат билдирган Криштиану ёш мухлиси билан қўл ташлашди.

Охирги савол муаллифи, «Ювентус» футболкасидаги бола: «Бу йил Чемпионлар лигасида ғалаба қозонасизми?» деган саволи билан йиғилганларга енгил табассум улашди.

«Билмайман, – деди Роналду. – Биз ҳар доимгидек шунга ҳаракат қиламиз. «Ювентус» ғолиб чиқишига умид қиламан».

Маълумот учун, Marca «Афсона» совринини 1997 йилда таъсис этган. Шундан буён қатор спорт турлари вакилларидан 40 нафардан кўпроғига бу мукофот берилган. Пеле, Диего Марадона, Альфредо ди Стефано, Зинедин Зидан, Луис Арагонес, Рауль Гонсалес, Лионель Месси, Роналдо, Андрес Иньеста, Фернандо Торрес, Луис Суарес каби футболчилар шулар жумласидан.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз