Узбек O'zbek
РПЛнинг янги юлдузи. Рус нашрлари Шомуродов ҳақида ёзмоқда
Душанба, 29 Июл
23971

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россия чемпионатининг 3-турида «Арсенал»га қарши кечган ўйинда ажойиб ҳаракатлари билан «Ростов»нинг муҳим ғалабасига ҳисса қўшди. 

Россиянинг энг машҳур спорт сайтларидан бири Sports.ru блоггери Роман Мун Элдор Шомуродовнинг жорий мавсумдаги ўйинлари ҳақида материал тайёрлади. Қуйида «Шомуродов яхши ўйнамоқда: Туладаги ўйинда у голли узатма ва ғалаба голига муаллиф бўлди. РПЛ стартининг яна бир юлдузи» сарлавҳали ушбу мақолани айнан келтирамиз.

Карпин рози бўлса арзийди

Россия чемпионатининг старт олган янги мавсумидаги энг ёрқин футболчиларидан бири 24 ёшли ўзбекистонлик Элдор Шомуродов бўлиб турибди. «Арсенал» билан ўйиндан сўнг унинг ҳисобида иккита гол ва битта голли узатма бор. Маълумот учун бутун ўтган мавсум давомида Шомуродов 3та гол урганди.

Шомуродов ўтган мавсум охирида «Краснодар»га гол уриб кўпчиликнинг эсида қолганди. Элдор ўша ўйиннинг 69-дақиқасида захирадан майдонга тушиб, 79-дақиқада Мартинович билан тўқнашиб кетган ва бошидан жароҳат олганди. Шифокорлар унинг ярасини боғлаб, малҳам тушиб кетмаслиги учун сузувчилар киядиган шапкани кийгизиб қўйишганди. 89-дақиқада эса шапкада ўйинни давом эттирган Элдор бош билан гол уриб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолади. 2 соат ўтгач «Ростов» клубнинг онлайн дўконида Элдор-шапкаларини сотувга чиқарди.

Шомуродов мавсумолди тайёргарлик йиғинида ҳам жамоаси қаҳрамонига айланди. «Париматч Премьер» кубогида у ЦСКА дарвозасига иккита гол урди. Янги мавсумнинг очилиши ўйинида у «Оренбург» дарвозасини ишғол этди (яна бош билан). Ўша ўйиндан сўнг Карпиндан Элдор топ-клубларда ўйнашга тайёрми деб сўрашди. Мураббий эса Шомуродов «Ростов»даги икки йил давомида яхшигина ўсганини, аммо у ҳали ўзи хоҳлаган даражага етмаганини айтди.

«Спартак»га қарши ўйинда унчалик кўзга ташланмаган Элдор Шомуродов (муҳокамаларда муаллифнинг бу фикрига қўшилмаган мухлислардан бири Элдор «Спатрак» билан ўйинда энг яхшилардан бўлганини ёзган) «Арсенал» билан баҳсда энг яхшилардан бўлди. Биринчи бўлимда у Ионовнинг голига ажойиб тарзда ассистентлик қилди (Ионов ҳам бу мавсумда порламоқда) ва иккинчи бўлимда ажойиб гол урди.

Унинг голи жуда чиройли чиқди. Тезликда битта рақибни ортда қолдирди, иккинчисини алдади ва тезда зарба берди. Қисқа қилиб айтганда, Шомуродовча гол бўлди. «Ростов» мавсум олдидан Шомуродов билан шартномани уч йилга узайтирди. Ўтган йил жамоанинг асосий ҳужумчиси бўлган Бьорн Сигурдарсон захирада қолди.

Яқиндаги интервьюларидан бирида эса Карпин Шомуродовни Озмун ва Миранчук билан бирга Россия чемпионатининг энг истеъдодли футболчиларидан бири деб атади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз