Узбек O'zbek
«ПСЖ» Неймарни яқин вақтлар ичида сотмоқчи
Пайшанба, 25 Июл
10282

«Пари Сен-Жермен» Неймарни 31 июлга қадар сотиб юбормоқчи. Бу ҳақда AS нашри CNews манбасига асосланиб хабар тарқатди.

Манба маълумотига кўра, парижликлар клубидагилар бразилиялик футболчидан у асосий таркиб билан машғулотларга қайтишидан аввалроқ қутулмоқчи. Парижликлар клубда ўйнашни истамаган футболчи йиғинда бўлиши клубнинг янги мавсумга тайёргарлик кўриш жараёнига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирда.

Неймар «Пари Сен-Жермен»га 2017 йил ёзида 222 миллион евро эвазига «Барселона»дан ўтганди ва тарихдаги энг қимматбаҳо футболчига айланганди. 27 ёшли форварднинг Франциянинг амалдаги чемпионлари билан шартномаси 2022 йил ёзига қадар тузилган. Бразилиялик футболчи ўтган мавсумда клубининг барча турнирлар доирасидаги 28 учрашувида майдонга тушиб, 23 гол урган ва 13 голга узатма берган.

Бундан аввалроқ, ушбу футболчига даъвогар клублар сафига «Ювентус» ҳам қўшилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Неймарнинг ўзи «Барселона»га қайтишни истаяпти. Аммо Гризманни харид қилиб бўлган каталонияликлар унинг трансфери бўйича фаол ҳаракат қилишмаяпти. Шу туфайли ҳам футболчининг агенти Пини Захави Хитойда «Ювентус» вакиллари билан учрашишни режалаштирмоқда.

«ПСЖ» клубининг Хитой саёҳати 23 июлдан 2 августгача давом этади. Жамоа 27 июль куни «Интер», 30 июль куни «Сидней» билан ўртоқлик ўйинларини ўтказади. 3 август куни Франция Суперкубоги баҳсида «Ренн» билан тўқнаш келади.

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз