Узбек O'zbek
Гризманн Азарга қарши ва янгиланган «Атлетико»: Ёзнинг энг эътиборли трансферлари ҳақида
Пайшанба, 25 Июл
4789

Навбатдаги трансфер ойнаси ҳам қизғин палласига етиб келди ва клублар ўз сафларини тўлдириш йўлида турли музокараларда қатнашмоқда. Анча ёрқин ўтган Европа Чемпионлар Лигаси ва баъзи топ-клубларнинг янгиланишга муҳтож эканликлари ушбу жараённи янада қиздириб юборгани шубҳасиз. Хусусан, бир неча йил олдин жаҳон рекорди сифатида қайд этилиши мумкин бўлган қийматлардаги ўнга яқин трансферлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ўтган йили еврокубокларга ўз позициясини инглизларга бериб қўйган Ла Лига етакчилари фаол эканликларини таъкидлаш жоиз. Зеро, шу ёзда бугунги кунгача амалга оширилиб бўлган энг қиммат етти трансфернинг 6тасида айнан испан жамоалари иштирок этишган.  

7. Родри — «Атлетико»дан «Манчестер Сити»га -  70 млн евро

«Шаҳарликлар» испаниялик таянч ярим ҳимоячисининг трансферини июнь ойи ўрталарида эълон қилишганди. Родри «Манчестер Сити» тарихидаги энг қимматбаҳо футболчилар рейтингида 2-ўринни эгаллади. Тўрт йил олдин клуб Кевин Де Брюйне учун «Вольфсбург»га 76 миллион евро тўлаганди.

Родри билан «Бавария» ва «Барселона» клублари ҳам қизиққанди, аммо яримҳимоячининг ўзи «Манчестер Сити»ни танлади. Пеп Гвардиола испаниялик ушбу футболчини 34 ёшни қаршилаган бразилиялик Фернандиньога ўринбосар сифатида кўрмоқда. 

6. Френки де Йонг — «Аякс»дан «Барселона»га - 75 млн евро

«Аякс» юлдузининг «Барселона»га ўтиши қишдаёқ аниқ бўлиб улгурганди, шундай бўлса-да, трансфер расман 1 июль куни амалга ошди. Мавсумнинг иккинчи ярмида Де Йонг жамоаси билан биргаликда Нидерландия чемпионатида ғолиб чиқди, шунингдек, 22 йиллик танаффусдан сўнг, «Аякс»нинг Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиқишига ёрдам берди. Яъни, «Аякс» охирги марта шу босқичга етиб келганида, Френки ҳали туғилмаган ҳам эди.

Шартнома муддати 2024 йилнинг ёзигача белгиланган. Агар футболчи Барселонада муваффақиятли тўп сурса, «Аякс» трансфер учун белгиланган 75 миллион евродан ташқари, 11 миллион бонуслар ҳам олади. Нидерландиялик ёш ҳавбек асосий таркиб учун Иван Ракитич ва Артур билан рақобат қилади.

5. Люка Эрнандес — «Атлетико»дан «Бавария»га - 80 млн евро

Шу ой бошида «Бавария» ЖЧ-2018 ғолибини расман таништирди. Аслида келишув баҳордаёқ амалга ошганди. Люка немислар клуби билан 5 йиллик шартнома имзолади, трансфер суммаси эса бир қатор жиддий рекордларни қайд этди.

Масалан, 80 миллион евро бу «Бавария» учун рекорддир. Қизиғи, бундан олдинги кўрсаткич икки баробар пастроқ бўлган. Шу пайтгача, «Бавария»нинг бошқа бир француз футболчиси Корентен Толиссо учун берган 41,5 миллион евро энг йирик трансфер эди. Бундан ташқари, Эрнандес энг қиммат ҳимоячилар ичида учинчи ўринни қайд этди. 

Катта эҳтимол билан Эрнандес янги мавсумда марказий ҳимояда тўп суради. Агар «Барселона»га ўтишни истаётган Давид Алаба ниятига етса, балки севимли чап қанотида ҳам тўп суриши мумкин. Футболчига ҳимояда шерик бўлиб, терма жамоадаги сафдоши Бенжамен Павар ҳам ўйнайди – немис клуби уни қишда «Штутгарт»дан 35 миллион еврога сотиб олганди. 

4. Маттейс де Лигт — «Аякс»дан «Ювентус»га - 85,5 млн евро

19 ёшли футболчини сотиб олиш туринликларга осон бўлмади. Маттейсга «Барселона» ва «ПСЖ» қаттиқ қизиқди, футболчининг ўзи ҳам бир кун келиб, Каталония клубида тўп суриш ниятини яширмаган бўлса-да, оқибатда «Ювентус»ни танлади. Туринликлар ҳимоячига яхшироқ шартларни таклиф қилишди, шунингдек, асосий таркибда тўп суриш эҳтимоли ҳам бу ерда юқорироқ эди. 

Трансфернинг амалга ошишида футболчининг агенти Мино Райола катта рол ўйнади. У Турин клуби раҳбарияти билан жуда яхши муносабатга эгадир. Нидерландиялик Де Лигт ўтган йили «Ливеппуль»га ўтган ҳамюрти Виржийл ван Дейкдан кейинги дунёдаги энг қиммат иккинчи ҳимоячига айланди. ОАВ маълумотига кўра, Маттейс «Ювентус»да йилига 12 миллион евро маош олади.

3. Эден Азар — «Челси»дан «Реал»га - 100 млн евро

«Реал»нинг Азарга жиддий қизиқиши март ойида, Зидан жамоани қайта қабул қилиб олгач маълум бўлганди. Июнь ойининг бошида Азар мадридриклар учун рекорд сумма – 100 миллион еврога «Реал» футболчисига айланди. Бу олти йил аввал Гарет Бэйл учун тўланган пулдан атиги 200 минг еврога кўпроқ. Бундан ташқари, турли бонуслар шаклида «Челси» яна 45 миллион евро пулга эга бўлиши ҳам мумкин. Умуман, Азар футбол тарихидаги трансферлар орасида саккизинчи поғонани забт этди.

«Реал»дагилар у клубда Роналду кетишидан кейин бўшаб қолган етакчилик позициясини ёпишига умид билдиришмоқда. Ўтган мавсумда жамоада инқироз кузатилди – ички чемпионатда учинчи ўринни банд этган «Қироллик клуби» Чемпионлар Лигасида нимчорак финалданоқ курашни тўхтатди. Мухлислар «Реал» яна тахтга қайтишини исташмоқда ва бу вазифани бажаришда Эден Азар энг муҳим роллардан бирини ижро этиши керак бўлади.

Дарвоқе, айтишларича, Зидан «Реал»га қайтиш асносида, клуб президенти Флорентино Пересдан жамоага Криштиану даражасидаги уч футболчини сотиб олиш шартини қўйган экан. Азардан ташқари, мадридликлар Погба, Неймар ёки Мбаппе каби футболчиларга ҳам жиддий қизиқишмоқда. Демак, ёз тугагунча энг қиммат трансферлар руйхати яна кенгайиши мумкин.  

2. Антуан Гризманн — «Атлетико»дан «Барселона»га - 120 млн евро

«Барселона» франциялик ҳужумчи учун 120 миллион евро тўлади ва Жозеп Бартомеунинг айтишича, 35 миллиони кредит ёрдамида қопланган. Бу билан каталонияликлар ўтган йили Филипп Коутиньо учун тўланган маблағни такрорлашди. Бу икки футболчи футбол тарихидаги «энг қиммат»лар орасида тўртинчи ўринни эгаллаб туришибди. Гризманнинг «Барселона» билан шартномаси беш йилга тузилди ва клуб учун рекорд даражадаги товон пули ёзилди – 800 миллион евро. 

Гризманнинг ўтиши ушбу трансфер ойнасида энг жанжалли воқеага айланди. Трансфер амалга ошишидан бир неча кун олдин, «Атлетико» айблов билан чиқди – эмишки, барселоналиклар анча аввалроқ, клубдан хабарсиз равишда Гризманн билан музокаралар ўтказган ва келишиб қўйган. Ўша пайтда футболчининг «Атлетико»даги товон пули 200 миллион евро эди ва фақат июль ойига келибгина, бу сумма 120 миллион еврога тушиши кўзда тутилганди. Энди эса, «Атлетико» «Барселона»дан яна 80 миллион евро талаб қиляпти ва бу ҳақида Ла Лига раҳбарига арз қилинди. Хавьер Тебас ўз навбатида, бу масала билан жиддий шуғулланиши ва текширув узоқ давом этиши мумкинлигига ишора қилди. Ҳатто бир муддат Гризманн майдонга туша олмай қолиши мумкин.

Ўртоқлик ўйинларида эса, бошқа дебютант Де Йонг билан биргаликда Гризманн майдонга тушиб бўлди. Ҳужумчи «Челси»га қарши учрашувда 45 дақиқа ҳаракат қилди. Ҳақиқий дебют эса, август ойи ўрталарида рўй бериши мумкин, шу куни Испания чемпионатида янги мавсумнинг 1-тури доирасида «Барселона» «Атлетик»ка қарши майдонга тушади. Қизиғи, Гризманн айнан Баскониянинг бошқа бир клубида, «Реал Сосьедад»да танилганди.

1. Жоау Фелиш — «Бенфика»дан «Атлетико»га -  126 млн евро

Жоаунинг «Атлетико»га келиб қўшилиши Мадрид жамоаси учун 126 миллион еврога тушди ва 19 ёшли футболчи учун тўланган сумма футбол тарихидаги трансферлар қаторида учинчи ўринни банд қилди. «ПСЖ»нинг Неймар (222 миллион) ва Мбаппе (135 миллион) учун мос равишда «Барселона» ва «Монако»га тўлаган пуллари бундан каттароқ, холос.

«Атлетико»нинг бу қадар катта пул сарфлашига, албатта, бир қатор футболчиларини яхшигина пулга сотгани сабаб бўлмоқда. Мана шу мақоланинг ичидан «Атлетико»нинг уч трансфери ўрин олган – Родри, Гризманн ва Эрнандес учун 270 миллион евро клуб ҳамёнини тўлдирди. Шунингдек, Фелиш «Атлетико»нинг трансферлар рекордини янгилади. Ўтган йили клуб «Монако» ярим ҳимоячиси Томас Лемар учун 85 миллион евро тўлаган эди.

Фелиш ўшу йили катта футболдаги илк тўлиқ мавсумини ўтказди. У барча мусобақаларда 49 ўйинда майдонга тушган ва 22 гол муаллифи бўлган. Европа Лигасининг чорак финалида у «Айнтрахт» дарвозасига уч гол уриб, турнирда ҳет-трик қайд этган энг ёш футболчи сифатида тарихга кирди. Шу ёзда Фелиш билан «Реал», «Ювентус» ва «Манчестер Сити» ҳам жидидй қизиқди, аммо келишув амалга ошмади.

Ҳужумчи «Атлетико» сафида илк ўйинини 20 июль куни «Нумансия»га қарши ўртоқлик ўйинида ўтказди. Дебютни муваффақиятли дейиш қийин – Жоау 27-дақиқада рақибнинг қўпол ҳаракати натижасида кичик жароҳат олди ва алмаштирилди. Аммо «Хетафе»га қарши 18 августда бўлиб ўтадиган очилиш ўйинига Фелиш тайёр бўлади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз