Узбек O'zbek
Маҳрез Мисрга кириши тақиқланган шахслар рўйхатига тушиши мумкин
Сешанба, 23 Июл
6531

«Манчестер Сити»нинг жазоирлик ҳужумчиси Риёд Маҳрезга Мисрга кириш тақиқланиши эҳтимоли юқори, деб хабар бермоқда Al Araby.

Жума куни Маҳрез Жазоир миллий жамоаси билан Африка миллатлари кубогида ғолиб чиққан, чемпионлар Қоҳирада ўтган финалда Сенегални 1:0 ҳисобида мағлуб этишганди.

Ўйиндан кейинги тақдирлаш маросимида Риёд Миср бош вазири Мустафо Мадбули ва спорт вазири Ашраф Собҳига қўл беришга унамаган. Жазоир миллий жамоаси сардори ФИФА президенти Жанни Инфантино ва яна бир амалдор билан қўл сиқишган, аммо мезбон мамлакат ҳукумати вакилларига келганда орқа ўгириб, кубок томонга йўл олган.

Мисрлик мухлислар ижтимоий тармоқларда ҳужумчининг бу ҳаракатини қоралашган, иккинчи томон эса у буни атайлаб қилмаганини таъкидламоқда.

Қайд этиш жоиз, Жазоир ва Миср миллий жамоалари Африкада принципиал рақиблар саналади. Маҳрез билан боғлиқ воқеадан олдин Жазоир термаси бош мураббийи Жамол Белмади мисрлик мухлислар Жазоирни қўллаши ҳақидаги саволга жавобан: «Францияда кўз шифокоримга кўринишим керак, чунки буни [мисрликлар бизга мухлислик қилаётганини] кўрмаяпман», – деб киноя қилган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз