Узбек O'zbek
Бэйлнинг агенти: «Гарет – «Реал» футболчиси, тамом-вассалом»
Сешанба, 23 Июл
3379

«Реал» вингери Гарет Бэйлнинг агенти Жонатан Барнетт мижози «Реал»да ўзини бахтли деб ҳисоблашини маълум қилди. Ваҳоланки клуб бош мураббийи Зинедин Зидан у тез орада жамоадан кетишига умид билдирган.

«Бу телбаликларга ақл бовар қилмайди. Гарет – «Реал» футболчиси. Ҳикоя тамом», – деди агент ESPN мухбири билан суҳбатда.

Барнеттнинг сўзларига кўра, Бэйл бугун «Арсенал»га қарши ўртоқлик ўйинини ўтказиб юбориши эҳтимоли кам. Журналистнинг бу ҳолат қачонгача давом этади, деган саволига агент: «Буни Зидандан сўранг», деб жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, «Реал» Халқаро Чемпионлар кубоги доирасида шанба куни «Бавария» билан ўйнаган ва ўша ўйинда Бэйл таркибдан четда қолганди. Ўйиндан кейин Зидан уэльслик футболчи тез орада жамоадан кетишига умид қилаётганини айтган, Гаретнинг агенти эса мураббийнинг бу сўзларини «шармандалик» дея баҳолаган эди.

ХЧК доирасида бугун Вашингтон яқинида «Арсенал»га қарши ўтадиган ўртоқлик ўйинидан олдин Зидан ҳолатга ойдинлик киритиб, Бэйл ўз истаги билан «Бавария»га қарши учрашувда қатнашмаганини билдирди.

«Реал» устозининг сўзларига кўра, Бэйл билан боғлиқ вазият «ҳаммага маълум ва у ўзгармайди», «клуб қилишига тўғри келаётган ишни қиляпти».

«Реал» – «Арсенал» баҳси бугун АҚШнинг Мэриленд штатидаги Шаҳзода Жорж округида бўлиб ўтади. «FedExField» стадионидаги ўйин Тошкент вақти билан чоршанбага ўтар кечаси соат 04:00да бошланади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз