Узбек O'zbek
«Ҳаёт гуруҳи»даги Ўзбекистон ва футбол бирлаштирган корейслар – ЖЧ-2022 саралаши интригалари
Жума, 19 Июл
8951

Ўзбекистон миллий жамоаси 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати 2-саралаш босқичидаги рақибларини билиб олди. Купер жамоаси Саудия Арабистони, Фаластин, Яман ва Сингапур билан бирга «D» гуруҳидан ўрин олди. Сўнгги йилларда ФИФА рейтингида пастлаб кетган Ўзбекистон  қуръа олдидан ўзининг аҳволини оғирлаштиргани бор гап, чунки 1-саватга тушмаган ҳар қандай жамоа қийналиши аниқ.

Ўзбекистон қитъанинг энг кучли 8 жамоаси қаторига кирмади ва 2-саралаш босқичидаёқ Саудия Арабистони каби кучли жамоага дуч келди. Мантиқан олиб қаралганда, аслида биз 1-саватчада бўлиб, бошқалар Ўзбекистонга тушишдан хавотирланиши керак эди, аммо футболимизда инқироз кузатилаётгани, бу эса миллий жамоа рейтингига бевосита таъсир қилганини тан олиш керак. Мухлислар қулай гуруҳга тушганимиздан хурсанд бўлишмоқда. Хўш, Ўзбекистон чиндан ҳам «ҳаёт гуруҳи»дами?

Аввало тақвим ҳақида икки оғиз. Демак, ЖЧ-2022 Осиё саралашининг 2-босқичида 40та жамоа 8та гуруҳга бўлинган ҳолда қатнашади. Гуруҳ ғолиблари тўғридан-тўғри 3-саралаш босқичига йўл олишади. 2-ўриндаги 8та терма жамоанинг кўрсаткичи энг яхши бўлган тўрттаси ҳал қилувчи саралашга йўл олади. 12 жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда 3-саралаш босқичини бошлайди. 6 жамоадан иборат бўлган иккита гуруҳда дастлабки икки ўринни қўлга киритган 4 жамоа тўғридан-тўғри ЖЧ йўлланмасини қўлга киритади. Гуруҳлардаги 3-ўрин соҳиблари эса ўзаро иккита ўйин ўтказишади. Ғолиб жамоа халқаро плей-офф орқали Қатар Мундиалига йўлланма олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Кўриб турганингиздек фақат гуруҳ ғолибларигина ўзларини эркин ҳис қилишлари мумкин, акс ҳолда аҳвол жиддийлашиб кетади. Гуруҳ ғолиби бўлиш учун асосий даъвогар эса шубҳасиз, Саудия. Саудия Осиё Кубогида муваффақиятсиз қатнашган бўлишига қарамай, айни дамда Ўзбекистондан кучлироқ. Бу терма жамоа мунтазам равишда жаҳон чемпионатларида қатнашиб келади, жумладан 2018 йилги Россиядаги мундиалда ҳам. Бу икки жамоанинг охирги ўзаро ўйинидан сўнг саудияликлар фақат олдинга силжишди, ўзбек футболи эса орқага кетди, буни мард бўлиб тан олиш керак.

Аввалига миллий жамоа тажриба майдонига айланиб қолди, кейин Купернинг мослашишини кутдик, бу орада мамлакат футболидаги ўта самарасиз ўзгаришлар бош жамоа рейтингига ҳам салбий таъсир қилди. Бугунги кунда эса миллий жамоанинг ҳолатини анча яхши дейиш мумкин, чунки Купер ниҳоят футболимиз билан танишди, миллий жамоа яхши ўйин кўрсата бошлади. Футбол раҳбарияти ҳам ўзгарди, эндиликда футболни кимсан Равшан Эрматовнинг шахсан ўзи бошқаради ва кимсан ДХХ раисининг шахсан ўзи барчасини назорат қилади.

Демак, гуруҳлар ҳақида гаплашсак. Гуруҳ фаворити албатта 1-саватчадан тушган жамоалар бўлиши аниқ эди. Чунки улар ФИФА рейтингида осиёликлар орасида етакчилик қилаётган жамоалар. Биз гуруҳ фаворити деб эътироф этаётган Саудияда охирги йилларда жуда кўп мураббий ўзгарди. Қизиғи, Саудиядан кетган мураббийларнинг кетиши учун айтарли сабаб ҳам йўқ. Масалан, Берт ван Марвейк Саудия Арабистонини 2018 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиққанига қарамай, истеъфога чиқарилганди.

Жамоани айни дамда Марокаш жамоасининг собиқ устози франциялик Эрве Ренар бошқармоқда. Бошқармоқда дейиш ҳам қийин, у 10 июль куни жамоани қабул қилиб олди ва ҳали йиғин ҳам ўтказгани йўқ.

Саудия ЖЧ-2018’га жуда нотўғри тайёргарлик кўрди. Мамлакат футбол иттифоқи Ла Лига билан келишиб, бир неча футболчисини Испания клубларига юборди. Уларнинг испан клубларида шуғулланиши учун катта пул сарфлади, лекин футболчилар расмий ўйинларда майдонга тушишмади. Ўйин амалиёти йўқлиги эса майдонда яққол сезилди. Шундай бўлса-да, Саудияда футбол яна олдинги мавқейини тикламоқда дейиш мумкин. Фаҳад ал-Муваллад каби техникаси кучли футболчилар кўпайиб қолди.

Гуруҳдаги қолган жамоалар Ўзбекистонга қаршилик қила олмайди дейиш ҳам тўғри эмас. Яманни охирги марта Тошкентда қандай қийналиб мағлуб этганимизни унутманг. Фаластин ҳам Чили чемпионатида ўйновчи футболчилари билан (фаластинлик кўплаб оилалар Чилига кўчиб кетгани учун Жанубий Американинг бу давлатида туғилган кўплаб фаластинлик футболчилар тарихий ватани шарафини ҳимоя қилишади) яхши жамоага айланганини Осиё Кубогида кўрдик.

Рақибга ҳурматни сақлаган ҳолда тўғрисини айтиш керак, гуруҳдаги фақат Сингапурга қарши ўйинларни осон ўтади, дейиш мумкин. Чунки бу жамоа ҳеч қачон Ўзбекистонга қаршилик қила олмаган. Ўзбекистон миллий жамоаси Сингапурга охирги марта борганида 7:3 ҳисобида ғалаба қозонганини эсласангиз керак.

Купернинг энг муҳим вазифаси нима?

Одатда 2-босқич биз учун қийин ўтмаган, айниқса охирги йилларда. Олдин 2-босқичда гуруҳдан иккита жамоа чиқарди. Энди эса фақат гуруҳ ғолиблари ҳал қилувчи босқичга йўл олишади. 2-ўриндаги жамоалардан фақат 4таси 3-босқичга ўтиши 2-ўрин хавфсиз эмаслигини англатади.

Купер бир йил давомида ўзбек футболини етарлича ўрганди ва ўзининг жамоасини тузишга эришди. Энди бу жамоа янада шаклланган ҳолда янги босқичга кўтарилиши керак. Гуруҳда фақат Саудиянинг Осиё топ-жамоаларидан экани эса бу учун айни муддао. Тўғри, барча жамоанинг кучига тўғри баҳо бериш керак, аммо баъзан кучли жамоа ўз кучини тўғри ҳис қилган ҳолда ўйнаши ҳам зарар қилмайди.

Хуллас, Купер саралашнинг бу босқичида экспериментлар қилишни тўхтатиб чинакам кучли жамоани мухлисларга кўрсатиши керак. 3-саралаш босқичига Саудияни ортда қолдириб йўлланма олса, Ўзбекистон чинакамига Осиё грандлари қаторига қайтиши мумкин.

БОШҚА ГУРУҲЛАР

Хитой ва Сурия етакчилик учун курашади

«А» гуруҳида Хитой ва Сурия етакчилик учун кураш олиб боради. Гуруҳда 1-саватчадан қўшилган жамоа Хитой бўлса-да, Липпи (дарвоқе Липпи яна Хитой бош жамоасига қайтди) жамоасини яққол фаворит деб бўлмайди. Чунки Сурия ҳам жиддий жамоа. Сурияликлар Осиё Кубогида муваффақиятсиз қатнашди, бунинг устига охирги ўртоқлик ўйинларида жуда ёмон ўйнади (Эронга 0:5, Ўзбекистонга 0:2 ҳисобида енгилди). Бундан ташқари кичик халқаро мусобақада Ҳиндистон билан дуранг ўйнаган сурияликлар Тожикистонга имкониятни бой беришди.

Умар ас-Сома ва Умар Ҳарбин негадир миллий жамоага чақирилмай қўйишди, балки шу сабаб Сурия кучсизланиб қолгандир. Аммо Ўзбекистонга келган сурияликлар мураббийи жамоа ҳар қандай футболчидан баланд туришини айтганди. Бу эса футболчилар бежизга «муддатсиз таътил»га юборилмаганини кўрсатади. Бу футболчилар Сурия бош жамоасига қайтишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Сурия етакчиликка даъво қилади деб бу жамоанинг кучидан келиб чиқиб айтмаяпмиз, шунчаки Хитой ҳам ҳозир яхши ҳолатда эмас. Шу боис имкониятлар тенг дейиш мумкин. Филиппин, Мальдив ва Гуам бу икки етакчига қаршилик кўрсатишини кутиш қийин.

Дарвоқе, бу босқич Осиё Кубогига ҳам саралаш вазифасини ўтагани учун Хитой қитъа чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритса, йўлланма бошқа жамоалар орасида тақсимланади. Чунки Хитой 2023 йилги Осиё Кубогига мезбон сифатида қатнашади. Шу боис Хитой йўлланмани қўлга киритган йўлланма бошқа гуруҳлардаги 2-ўриндаги жамоалар орасида тақсимланади (яъни энг яхши 2-ўриндагилар орасида).

Австралия ва Иордания яна «бир-бирини топиб олди», Кувайт катта саҳнага қайтди

«В» гуруҳида Иордания ва Австралия яна ўзаро тўқнаш келадиган бўлди. Бу жамоалар сўнгги йилларда кўп марта тўқнаш келиб, принципиал рақибга айланиб улгуришди. Бу жамоалар энди 3-босқич йўлланмаси учун ҳам кураш олиб боришади. Гуруҳдаги яна бир қизиқарли жамоа Кувайт. Бир неча йил олдин ҳукумат органлари футболга аралашуви сабаб халқаро ўйинлардан дисквалификация қилинган Кувайт яна катта футболга қайтди. Саралаш олдидан Кувайтнинг қандай ҳолатда экани маълум эмас ва бу бошқа жамоаларга муаммо туғдириши аниқ.

Қуръа Эрон ва Ироқни айиргиси келмади...

Осиё Кубогида бир гуруҳдан ўрин олган Эрон ва Ироқ ЖЧ-2022 саралашининг 2-босқичида ҳам «учрашадиган бўлишди». Бу икки қўшни жуда кўп марта расмий ўйинларда тўқнаш келган. Уларнинг бир гуруҳдан ўрин олгани Осиё футболи мухлисларини «С» гуруҳида камида иккита супер ўйин кутиб турганини англатади. Бу гуруҳдаги Баҳрайн қўшниларга жиддий қаршилик қилиши тайин.

Қатар ҳам саралашда қатнашади

Осиёнинг амалдаги чемпиони ва шубҳаси тенгсиз жамоаси Қатар ҳам ЖЧ-2022 саралашининг 2-босқичида («Е» гуруҳида) қатнашади. Чунки бу босқич Осиё Кубоги-2023 учун ҳам саралаш вазифасини ўтайди. Қатар гуруҳда ғолиб бўлса (бунга ҳеч ким шубҳа қилмаса керак), тартиб бироз ўзгаради. Яъни, 8та гуруҳ ғолиби ҳамда 4та 2-ўрин соҳиби эмас, 7та ғолиб ва 5та 2-ўрин соҳиби кейинги босқичга йўл олади. Шу боис, Қатар гуруҳ ғолиби бўлишини барча 2-ўринни олганлар хоҳласа керак.

Қатарнинг гуруҳидаги Уммон Осиё чемпионларига жиддий қаршилик қилиши мумкин. Уммон Осиё Кубогида мазмунли ўйин кўрсатганди. Курашувчанлиги билан ёдда қолган уммонликлар гуруҳдан максимал даражада кўп очко билан чиқишга ҳаракат қилиши керак, чунки Қатар гуруҳ ғолиби бўлса, 3-босқич йўлланмасини 2-ўриндаги гуруҳдошига «мерос қилиб кетмайди», аксинча йўлланма барча 2-ўринлар орасида тенг тақсимланади.

Ўрта Осиё ёмғири Японияники

«F» гуруҳида Япония яққол фаворит. Бу гуруҳдан Ўрта Осиёнинг икки терма жамоаси ҳам ўрин олган. Тожикистон ва Қирғизистон иккинчи ўрин учун курашишларини тахмин қилиш қийин эмас. Мянмар ва Комбоджа эса бу босқичда фақат тажриба орттириш учун чиқишган десак, бу жамоаларнинг мухлислари хафа бўлишмас...

БААнинг умри парвозларда ўтади

«G» гуруҳига жанубий-шарқий Осиёнинг биратўла 4та жамоаси тушиб қолди. Индонезия, Малайзия, Таиланд ва Вьетнамга 1-саватчадан БАА қўшилди. Гуруҳ фаворити БАА дейишга шошмаслик керак. Чунки Вьетнам футболи сўнгги йилларда Осиё миқёсида энг тез ўсаётгани ҳисобланади. Таиланд ҳам ўтган сафар ЖЧ саралашининг ҳал қилувчи босқичига етиб борганди. БААнинг барча рақиблари жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари вакиллари эканини инобатга олсак, амирликлар футболчиларининг жуда кўп вақти парвозларда ўтади. БАА сафардаги ўйинларда ўртача 16 соат учишини инобатга олсак (бориш ва келиш учун), бу жамоа футболчиларининг 64 соат атрофида вақти самолётда ўтади.

Иккита Корея «Н» гуруҳида бирлашади

«Н» гуруҳида Жанубий Корея ортиқча қийинчиликка дуч келмаса керак. Гуруҳда Сон Хён Мин жамоадошларидан ташқари Шимолий Корея, Туркманистон ва Шри-Ланка ҳам бор. Гуруҳнинг асосий интригаси иккинчи ўрин учун кечади. Ливан, Туркманистон ва Шимолий Корея 2-ўрин учун кураш олиб боради. Гуруҳдаги яна бир интрига бу икки Корея билан боғлиқ. Жанубий ва Шимолий Корея ўзаро ўйинларни ўз майдонларида ўтказармикин? Ёки ҳар икки ўйин ҳам нейтрал майдонда (масалан Хитойда) ўтадими? Бу жамоалар саралашнинг бир гуруҳидан ўрин олгани икки мамлакат ўртасида яқинлашувга ҳам хизмат қилиши мумкин. Агар шундай бўлса, бу спортнинг ғалабаси бўларди. Кўрдингизми, ЖЧ-2022 саралаши мухлисларга қанчадан-қанча интригаларни тақдим этди...

Ўткир Жалолхонов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз