Узбек O'zbek
Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясига янги раис сайланди
Пайшанба, 18 Июл
963

Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясининг навбатдан ташқари IX Конференцияси бўлиб ўтди. Конференция ишида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, МОҚ вице-президенти Азизжон Комилов, Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси мутасаддилари, федерациянинг минтақавий бўлими раҳбарлари, мураббийлар, спортчилар ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Конференция кун тартибидаги асосий масала федерацияга янги раис ва унинг биринчи ўринбосарини сайлашдан иборат эди. Конференцияни олиб борган ташкилот бош котиби Ж.Атабуллаев федерация раислигига Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Қобилжонович Норинбоев номзодини таклиф қилди. Конференция иштирокчилари ушбу номзодни бир овоздан қўллаб қувватлашди ва Ойбек Норинбоев Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси раиси этиб сайланди.

Раиснинг биринчи ўринбосари лавозимига эса Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг туризм ва транспорт объектларида хавфсизликни таъминлаш бўйича ўринбосари Дониёр Бахтиёрович Қодиров номзоди илгари сурилди. Делегатлар бу номзодга ҳам ишонч билдиришди ва Дониёр Қодиров бир овоздан Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси раисининг биринчи ўринбосари этиб сайланди.

Шундан сўнг, МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов сўз олиб, федерациянинг янги сайланган раҳбарларини Миллий олимпия қўмитаси номидан табриклади.

Федерациянинг янги раҳбари Ойбек Норинбоев ишонч учун миннатдорчилик билдирар экан, жумладан шундай деди:

“Олдимизда ниҳоятда масъулиятли вазифа турибди. Барчамиз биргаликда ҳаракат қилсак кўзлаган мақсадимизга етишимизга ишончим комил. Биз ҳамжиҳатликда ушбу спорт турини янги босқичга олиб чиқишимиз керак. Ўшандагина Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида ғалабалар ўз ўзидан келади. Менга билдирилган юксак ишонч учун Президентимизга, Миллий олимпия қўмитаси ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман. Ишончни оқлаш учун бор имкониятимни ишга солишга ваъда бераман”, - дея ўз сўзини якунлади Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясининг янги сайланган раиси.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз