Узбек O'zbek
Погба «Реал»га ўтадими? Учта вариант
Чоршанба, 17 Июл
8054

Поль Погбанинг «Реал»га ўтиши ёзнинг қолган қисмида энг катта мавзуларидан бири бўлиши турган гап. Трансфернинг тахминий нархлари-ю, мадридликлар Погбани олиш учун кимларни сотмоқчи экани ҳақидаги хабарлар анча ишончсиз манбалар орқали тарқалаёган бўлса-да, бу трансфер ҳақиқатдан узоқ эмаслиги аниқ, чунки вазиятга энг яқин инсонлар томонидан ҳам баёнотлар янгради.

Биринчиси, Погбанинг машҳур агенти Мино Рийола футболчининг кетмоқчи экани ва бу ҳақида манчестерликлар билиши ҳақида айтганида, футбол оламида бомба портлагандек бўлди.

Иккинчиси, Оле Гуннар Сульшер. У илк мавсумолди ўйинидан олдин бу борада ўз фикрини айтди – «Погба ҳақида ҳали ҳеч қандай таклиф бўлгани йўқ». Бир қараганда, трансферни инкор қилувчи фикрдер кўринади, аслида эса, аксинча. Чунки Сульшер Погба сотилмаслиги, у жамоада жуда муҳим бўлиб, ўйин унинг атрофида қурилиши ҳақида гапирмаяпти. Таклиф йўқ, деяпти. Яъни, бу ўз навбатида, қарши томонга «агар сотиб олмоқчи бўлсанглар, таклиф беринглар» дейиш билан бирга, босимнинг «Реал» томонга ўтишини таъминлаяпти. Гўёки, мадридликлар футболчини олмоқчи-ю, «МЮ» ҳали сотмаяпти, деган мулоҳазаларни йўқотиб, бошқа версияни ўртага ташлаяпти – «аслида Погба сотилиши мумкин, аммо «Реал» таклифини бермаяпти».

Сульшернинг нутқидаги Погба ҳақидаги иккинчи қисм ҳам аслида, яхшилаб ўйланган: «Погба – профессионал. Мен у сотилишини мен истамайман».

Бу ҳам ажойиб мессеж. Бу билан «Манчестер Юнайтед» Погбани сотишга мажбур эмаслигини, бемалол у билан яна ишлай олишини «билдирмоқда» ва яна бир бор «Реал»га – нархни тушира олмайсизлар, биз истаган пулни бермасаларинг, Погба йўқ. Бу билан биз ҳам ҳеч нарса йўқотмаймиз, Погба бемалол Манчестерда тўп сура олади, демоқда. Ҳатто жамоа сардори ҳақидаги саволга ҳам жавоб бераётиб, Сульшер Погбани ҳам тилга олди. Қойил.

Демак, умумий вазият тушунарли: «Погба Манчестердан кетмоқчи, «Манчестер Юнайтед» агар яхши таклиф бўлса, уни сотишга қарши эмас, лекин агар трансфер амалга ошмаган тақдирда ҳам, мураббий бемалол Пол билан ишлай олади».

Бу позицияда «Манчестер Юнайтед» ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. Бу ерда манчестерликларда икки муҳим кузир бор: Зиданнинг Погбани сотиб олишга жуда қизиқаётгани ва футболчининг шартнома муддати 2021 йилгача экани.

Айниқса, иккинчи пункт муҳим – агар шартнома келаси ёзгача бўлганида, Погба балки клубга босим ўтказа оларди. Чунки футболчи ҳар қандай даражада «МЮ» билан ёмон вазиятга тушиши ва энг ёмон ҳолатда, бир йил сабр қилиб, эркин агентга айланиши мумкин бўларди. Ҳозир эса, икки йиллик шартнома турибди. Шартларни «МЮ» қўя олади, акс ҳолда, жамоа футболчига нисбатан ҳар қандай принципни қўллаш имкониятига эга. Трансферлар ойнаси тугагач, клуб бемалол Погбага босим ўтказиши ва бемалол шартномани янгилаши мумкин. Чунки икки йилни захирада ўтказиб юбориш, Мадридни кутиб яшашга ҳеч қайси футболчи чидамаслиги аниқ.

Бугунги ҳолатдан келиб чиқиб, Погбанинг келажаги ҳақида турли хил вариантларни кўриб чиқиш мумкин.

1-вариант. ПОГБА АВГУСТНИНГ ОХИРИДА МАДРИДГА ЎТАДИ

Баъзи манбаларда шундай хабарлар ҳам тарқалди. Эмишки, «Реал» ушбу трансферни ойнанинг сўнгги кунига олиб қўйган экан. Менимча, бу вариант ҳақиқатдан узоқ.

Бу тариқа «Реал» Манчестерда ўйнашни истамаётган футболчини арзонроқ нархда қўлга киритмоқчи экани билан изоҳлаш у қадар ҳақиқатга яқин бўлмайди. Чунки айнан «Реал» мана шундай ҳаракатлар учун икки марта айнан «МЮ» томонидан жазоланганди.

Биринчисида, шартнома тугашига бир йил қолган Роналду билан келишиб қўйган «Реал» расмий таклифни кечиктиради ва кутилганидан жуда кам сумма таклиф қилганди. Бу билан мадридликлар барибир «МЮ» Роналдуни сотишга мажбур бўлишини тахмин қилганди, лекин аксинча, Фергюсоннинг жаҳли чиқиб кетганди.

«Сен янаги йилга текинга кетишинг ҳам мумкин, лекин бу йил сени бу «Реал»га сотмайман», – деганди у шогирдига. Роналду қолди ва мавсум бошлангач, футболчи билан янги тўрт йиллик шартнома имзоланди. Бу Роналдунинг яна тўрт йил Манчестерда қолишини англатмаслигини ҳамма билиб турарди. Бу шунчаки, «Реал»дан каттароқ пул олиш учун қилинганди. «Реал» оқибатда рекорд суммани тўлашга мажбур бўлди.

Иккинчи ҳолат Давид Де Хеа билан содир бўлди. «Реал» испаниялик дарвозабон билан барчасини келишиб қўйган бўлса-да, таклиф киритишга шошилмади. Сўнгги паллани, нарх пасайишини кутди. Бу эса, «МЮ» учун ноқулайликлар пайдо қилганди. Чунки, ўша ёзда эркин агентга айланган Петр Чех таклиф қилинса, у ҳам Де Хеанинг қолиш ёки кетиши ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмай туриб, келишни истамасди. Умуман, «МЮ» на Де Хеани қолдириш мумкинлигига ишонди, на унинг ўрнини тўлдира олди. Натижада, сўнгги кундаги факс воқеаси рўй беради.

«Реал» айб ўзида эмаслиги, факс 31 август куни эрталаб жўнатилиб, бемалол «МЮ» уни тўлдириб, қайтариш вақтига эга бўлганини айтгани билан, бу кулгили чиқарди. Чунки 31 эмас, 29 август куни таклиф жўнатишга нима халақит берганди?

Погбанинг ҳолати кўпроқ, Де Хеа билан боғлиқ вазиятни эслатиб юборади. Чунки шундоқ ҳам, Эррера, Феллайни каби футболчилардан ажраган «МЮ», агар Погбани сотса, ўрнини тўлдириши шарт. Сўнгги кунгача мавҳум қолиш эса, манчестерликлар учун ноқулайлик туғдиради. Бунинг устига Англияда трансфер бозори август ойининг бошида, яъни мавсум бошланишидан олдин ёпилишини ҳам эътиборга олиш керак. 

Погбанинг трансфери 31 август куни бўлиши мумкинлиги фақат бир вазиятда ишонарли. Клублар аввалдан келишиб қўйишади, лекин трансфер ҳақида эълон қилмай туришади. Сабаби, «МЮ» ҳали керакли харидларни амалга ошириб улгургани йўқ, агар Погба эртароқ сотилса, клубда етарли пул борлигини билган бошқа клублар нархни ошириб олишлари мумкин. Неймардан жуда кутилмаганда айрилиб қолган «Барселона» Дембеле учун жуда катта нарх тўлашга мажбур бўлганди. Погбанинг кетиши аниқ бўлиб қолса, унинг ўрнини тўлдириш мажбурияти ва «МЮ»да пул кўплигини билган бошқа клублар ўз футболчиларини яна қимматроққа баҳолашлари мумкин бўлиб қолади.

Эсингизда бўлса, Бэйлнинг трансфери ҳам ойнанинг сўнгги кунида содир бўлган. Аммо клублар ўшанда шуда айёрлик қилганди. «Тоттенҳэм» Бэйлдан қанча пул келишини билган ҳолда, бемалол, унгача бир нечта трансферни амалга ошириб олган. Бэйлнинг кетиши эса, сўнгги куни эълон қилинганди. Агар Бэйл илгарироқ сотилганда, «Тоттенҳэм» харидлари учун сезиларли даражада кўпроқ пул сарфлашига тўғри келарди.

2-вариант. ПОГБА АВГУСТ ЎРТАЛАРИГАЧА «РЕАЛ» ФУТБОЛЧИСИГА АЙЛАНАДИ

Бу ҳақиқатга энг яқин вариант. АПЛда клублар раҳбарлари мавсум бошланишидан олдинроқ таркиблар шаклланиб бўлишини исташди. Ўтган йилдан буён эса 1-тур бошланишига уч кун қолганда заявкалар тўхтатиладиган бўлди. Клублар август охиригача бошқа мамлакатлардаги лигаларга ўз футболчиларини сотиб юборишлари мумкин, аммо таркибга янги ўйинчи қўша олишмайди.

Демак, «Манчестер Юнайтед» август ойи бошларигача  барча харидларини амалга ошириб бўлиши керак. «Спортинг» ярим ҳимоячиси Бруно Фернандеш, «Лацио»дан Сергей Милинкович-Савич, «Лестер» ҳимоячиси Ҳарри Магуайр ҳозирда тилга олинаётган энг яқин номзодлардир.

Яна ўша гап, балким, Погба ҳақидаги музокаралар айнан юқоридаги трансферлар туфайли кечикаётган бўлиши ҳам мумкин. «МЮ» Уан-Биссаккани 50 миллион фунтдан ортиқ нархга сотиб олди ва бу нарх «Лестер»га ҳам таъсир кўрсатди. 21 ёшли футболчи учун шунча пул тўлаган клуб, нега энди Англия терма жамоаси ва АПЛнинг тажрибали ҳимоячиси учун ҳам шунча тўлаши керак? Мантиқан тўғри савол, шундайми?

Погбанинг катта пулга сотилиши ҳам, «МЮ»нинг бозордаги позициясини пасайтиради, юқоридаги клублар «барибир Погбанинг ўрнига футболчи олишга мажбур» деган ўй билан нархларни оширишлари ҳам турган гап. Шунинг учун ҳам олдин муҳим харидларни амалга ошириб олиш, ана ундан кейин Погба масаласини ҳал қилишга уриниш бўлаётгани тўғри қарор, деб ўйлайман.

Бир нарсани аниқ айтиш мумкин, агар АПЛда мавсум бошлангунча, «МЮ» бир нечта йирик харидларни, жумладан, Погбанинг ўрнини босиши мумкин бўлган футболчиларни сотиб олса, демак, франциялик ярим ҳимоячининг тақдири ҳақида бемалол айтиш мумкинки, у кетади. Агар фаоллик кузатилмаса, яъни, «Манчестер Юнайтед» таркиби бугунгидан ўзгаришсиз қолса, уёғига жамоа Погбани олиб қолишга ҳаракат қилади. «Реал»га футболчини таркибдан суғуриб олиш осон бўлмайди.   

3-вариант. ПОГБА МАНЧЕСТЕРДА ҚОЛАДИ

Ҳозир ҳаммаси чигалдек кўрингани билан, бу ҳам вариантлардан бири. «Ливерпуль»да Филип Коутиньо ёки Луис Суарес билан бўлган воқеаларни эсланг – Суарес ҳатто жамоадошлари билан кўришишни истамаган ва мухлислар билан бутунлай муносабатни узганди. Аммо ўша мавсумда «Энфилд»да қолган Суарес фаолиятидаги энг зўр мавсумларидан бирини ўтказди. Ёки Давид Де Хеа «Олд Траффорд» билан деярли хайрлашгани, аммо ўша факт воқеасидан сўнг, яна «Манчестер» проектига ишона бошлаганини эсланг. Уэйн Руни бир оёғи билан «Челси»дан бўлиб туриб, бир пайтда ўзи билан душман бўлган Давид Мойес билан келиша олган ва якунда яна бир неча йиллик шартнома имзолаганди. Клубдаги ҳар бир ўйин, ҳар бир машғулот футболчининг фикрига таъсир қилиши турган гап. Шунингдек, нариги жамоанинг қатъиятсизлиги, керакли суммани беришни истамаслиги ҳам Погбанинг фикрини ўзгартириши, аксинча, бир нимани исботлаш учун янада кучлироқ футболчига айлантириши мумкин.

Погба сўнгги икки йилни жуда беқарор ўтказди. Унинг интизомсизлиги, жамоа муҳитиги таъсири борасида фикрлар кўп ва ҳар қандай клуб ҳам у учун катта пул бера олмайди. «Реал»да айнан Зидан фактори Погбанинг трансферида муҳим рол ўйнаяпти, лекин у ҳам шунча пулдан воз кечишга Пересни кўндира олмаслиги мумкин. Бу ҳолатда, «МЮ» футболчи учун қўйган нархни тўлай олайдиган харидорнинг ўзи бўлмайди ва Погба яна Манчестерда қолишга рози бўлиши ҳақиқатдан узоқ эмас.

Сульшер янги келганида, Погбанинг қай даражада ўйнаганини эсласангиз керак. Гол уриш бўйича ҳам, ассистлар бўйича ҳам, Погба топ даражада ўйин кўрсатди ва АПЛда энг яхшилардан бири бўлди. Кейин эса, жароҳатлар туфайли ярим ҳимоянинг бутунлай ўзгариб кетиши, футболчиларнинг юқори формадан чиқиб кетганликлари учун натижалар тушиб кетди, ўз навбатида Погба ҳам эски Погбага айланиб қолди.

Айтмоқчиманки, маълум шароитларда, Сульшер Погба учун оптимал вариантни ясай олар экан, балки янги трансферлар орқали, айнан мана шу йўналиш томон қадамлар ташланиши мумкин. Погбанинг ўзи ҳам бу лойиҳага ишона бошлаши ва Манчестерда яна бир мавсум уриниб кўришга рози бўлиши ҳам мумкин.  

Футболчининг иқтидорли экани ва агар у учун майдонда яхши шароит, шериклар мавжуд бўлса, Погба дунёнинг энг фойдали ўйинчилардан бирига айланиши сир эмас.

Қаҳрамон Асланов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз