Узбек O'zbek
«Бенфика» 2009-2019: Гранд клубларга сотилган футболчилар рамзий жамоаси
Душанба, 15 Июл
10707

Португал клублари халқаро турнирларда эътирофга лойиқ натижалар қайд этмай қўйганига анча бўлди. Ўз даврида жаҳон футболининг энг кучли клубларидан бўлган «Порту» ва «Бенфика» Европа грандларига қаршилик кўрсатолмайдиган даражада ўртамиёна жамоага айланиб қолди.

Шундай бўлса-да, бу икки клубнинг ишида мақташга арзигулик бир жиҳат бор: улар гранд клубларни доимий равишда юлдузлар билан таъминлаб туришибди. Шу ой бошида Мадриднинг «Атлетико»си «Бенфика»дан Жоау Фелиш аталмиш ёш иқтидорни 120 миллион евро (!) эвазига харид қилгач, мазкур клуб охирги 10 йилликда кимлар учун трамплин вазифасини ўтаб бергани ҳақида маълумот беришга қарор қилдик. Улардан иборат рамзий жамоа билан танишинг.

ДАРВОЗАБОН
Ян Облак
(«Бенфика» жаҳон футболига тақдим этган дарвозабонлардан яна бири Эдерсон Мораесдир)

Словен футболи ҳақида гап кетар экан, кўпчиликнинг тасаввурида биринчи бўлиб дарвозабонлар намоён бўлса керак. Ҳа, охирги пайтларда мазкур диёр футболи фақат дарвозабонлари билангина мақтана олади. Дастлаб, Самир Ҳанданович А Сериянинг энг яхши киперларидан бирига айланганди. Бугунги кунда эса унинг издоши Ян Облак жаҳоннинг энг  кучли дарвозабонларидан бири сифатида эътироф этилади.

Облак словен клубларида тарбияланди ва 16 ёшида «Олимпия» (Любляна) клубининг асосий дарвозабонига айланди. 17 ёшида «Бенфика» таркибига қўшилди. 2014 йилда ундаги иқтидорни англаган «матрасчилар» устози Диего Симеоне Облакни ўз жамоасига қўшиб олди. Орадан икки йил ўтгач, Облак жаҳоннинг энг кучли дарвозабонларидан бирига айланди. Ҳозир у 26 ёшда.

ҲИМОЯЧИЛАР
Нелсон Семеду
 (ушбу позицияга номзодлардан яна бири Жоау Канселудир)

Семеду «Бенфика» сафига 2012 йил 19 ёшида қўшилди. 2015 йилдан асосий жамоа сафида ҳаракатлана бошлаган Нелсон 2017 йил «Барселона»га ўтган.

Давид Луиз

2007-2011 йилларда лиссабонликлар таркибида ўйнаган футболчи 24 ёшида Лондон «аристократлари» сафига қўшилди ва бир йилдан кейин Европа Чемпионлар лигасида ғолиб бўлди.

Виктор Линделёф

Швециялик ҳимоячи 2013-2017 йилларда «Бенфика»даги фаолияти давомида Жозе Моуриньонинг назарига тушди ва «Манчестер Юнайтед» футболчисига айланди.

Фабио Коэнтрау

2007-2011 йилларда мазкур клуб либосида майдонга тушган Фабио ҳам Жозе Моуриньонинг назарига тушган ва «мадритист»га айланганди. «Қаймоқранглилар» футболчи учун 30 миллион евро тўлаганди.

ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР
Неманья Матич

Сербиялик футболчи ҳам Жозе сабаб клубни тарк этган. 2011-2014 йилларда «Бенфика»да ўйнаган Матич «Челси» футболчисига айланганди.

Сантос до Насименто – Рамирес

Бразилиялик футболчи 2009-2010 йилларда ушбу жамоа сафида тўп суриб, сўнг «Челси»га ўтган.

Ренату Саншеш

Ренату 2015-2016 йилларда дебют мавсумини ўтказди. Фернанду Сантуш уни Евро-2016га олиб борди. Чемпионатдаги ажойиб ўйинидан кейин 19 ёшида «Бавария» футболчисига айланди.

ҲУЖУМЧИЛАР
Ди Мария

2007-2010 йилларда «Бенфика» етакчисига айланган Анхель 2010 йилда «Реал» сафига қўшилди ва якунда Чемпионлар лигасида зафар қучди.

Бернарду Силва

«Бенфика»да 2013-2015 йилларда ўйнаган Бернарду «Монако» сафида қўшилганди. Ҳозир «Сити» либосида ўйнаётган футболчи аллақачон Португалия миллий жамоаси етакчиларидан бирига айланиб улгурди.

Жоау Фелиш

Жоау дебют мавсумидаёқ гранд клублар эътиборини ўзига қарата олди ва якунда «Атлетико» футболчисига айланди.

Фахриддин Рўзиев

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз