Узбек O'zbek
Хабарлар тўқиб чиқариладими? Трансферлар ҳақида энг муҳим тушунчалар
Пайшанба, 11 Июл
5928

Июль ойи футбол мусобақаларидан холи бўлса-да, аслида, футбол ҳақида энг кўп гаплашиладиган, энг кўп янгиликлар кузатиладиган палла дейиш мумкин. Бу ойда футболчилар таътилдан қайтиб, машғулотлар бошланади, демакки, мураббийлар асосий трансферларини шу ойда, яъни йиғинлар арафасида амалга ошириб олишга интилишади. Ҳозирда йирик трансферларни ҳам ёзнинг сўнгги кунларига қолдиришмаяпти.

Табиийки, бу паллаларда трансферлар ҳақида хабарлар кўпаяди, бир бирини инкор қилувчи янгиликлар оддий мухлиснинг бошини айлантириши ҳам турган гап. Трансферлар ҳақида Tribuna.uz илгари ҳам таҳлилий мақола нашр этганди, бу сафар ҳам яна шу мавзуда, фақат бошқачроқ ракурсдан қаралган мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Трансфер миш-мишлари тўқиб чиқариладими?

Қисман, ҳа. Баъзи хабарлар шунчаки, ўйлаб чиқарилади. Яна баъзилари ишончсиз манбалардан олинган. Айтайлик, «А» ресурс бу хабарни «Б ресурсга кўра» деб беряптими, демак, ўша «А» ресурс бу хабарни ўз манбаларидан тасдиқлай олмаган. Агар тасдиқлай олса, ўз манбасига кўра берган бўларди. Аммо шу билан бирга, ўша хабарга ҳам сал бўлса-да, ишонади. Шунинг учун «А» сайти бу хабарни беради, фақат манба сифатида «Б» сайтини «рўпара» қилади.

Баъзида хабарнинг манбаси ушбу ҳолат бўйича манфаатдор тараф бўлади. Масалан, бирор футболчининг агенти ёки бирор клуб, камерани четга олиб туриб, бирор хабарни шипшитиши мумкин. Бир футболчига фалон клублар қизиқяпти, деб. Бу маълумот ҳақиқат бўлиши ҳам, ғирт ёлғон бўлиши ҳам мумкин. Нега? Шу орқали клуб ёки агентлар у ёки бу футболчига бўлган қизиқишни оширишлари мумкин. Тажрибали ўқувчи вазиятни таҳлил қилиши, олдинги хабарлар билан солиштириб, хулоса қилиши мумкин бўлади.

Ёки шундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради - масалан, бир хабар сешанба куни бу мамлакатда, эртасига бошқа жойда, пайшанба куни эса, яна бир бошқа мамлакатда пайдо бўлади. Бу хабарнинг аниқлигини, яъни кундан кунга тасдиқланиб бораётганини англатмайди, шунчаки, нашрлар бир хабарни такрорлаётган бўлишади, холос. Авваллари, бу ҳолат кўпроқ кузатиларди, интернет ривожланиши натижасида камайди.

Манбалар ким? Улар қаердан пайдо бўлади?

Шуни тушуниш керакки, маълум бир трансфер доирасида биз ўйлагандан ҳам кўпроқ одамлар мавжуд бўлади. Баъзилар бутун вазиятни билишади, баъзилар фақат бир қисмини, барибир кимдир ниманидир айтгиси келади. Футболчиларнинг оиласи, дўстлари, жамоадошлари бор. Клублардаги директорлар, скаутлар, менежерлар, яна агентлар ёки «ўртакаш»лар шулар жумласидандир.

Оддий мисол, бир футболчининг рафиқаси, трансфер ҳар қанча яширин бўлмасин, бошқа шаҳарга кўчишлари ҳақида эртароқ билади. Шунга ўхшаш маълумотлар ҳам манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ҳаммасини сир сақлашнинг иложи йўқми?

Вазиятга қараб. Аксарият клубларда матбуот билан ишловчи ходимлар бор. Уларнинг вазифасига матбуотга чиқиб кетадиган хабарларни назорат қилиш ҳам киради. Баъзида улар вазиятни шарҳлашни истамайди, баъзида ёлғон ахборот ҳам беришади, баъзида эса, етарлича маълумот берилади.

Баъзи ҳолларда клуб мухлисларни хурсанд қилиш учун ҳам атайлаб, ҳали пишиб етилмаган трансферлар ҳақида хабар чиқариши мумкин. Ёки клубнинг трендда ва газеталарнинг илк саҳифаларида туриши учун ҳам керак бундай маълумотлар. Баъзида эса, бундай хабарлар музокаралар жараёнини тезлаштириши, ҳатто ўзгартириб юбориши мумкин.

Ёрқин мисол – Габриэл Батистута. 2000 йилнинг ёзида «Рома» ўзига марказий ҳужумчи излаган ва «Фиорентина» вакили Батистута асосий номзод сифатида тилга олинганди. Аммо клуб хужайини Франко Сенси 31 ёшли ҳужумчи учун 40 миллион доллар тўлашни истамаган ва трансферга розилик бермаган. Бош мураббий Фабио Капелло эса, маҳаллий журналистларга Батистута билан келишувга яқин қолгани ҳақида айтиб юборади. Ўша куни Сенсининг телефони тинмайди, барча уни ажойиб трансфер билан табриклар, кўчада эса, фанатлар унинг исмини куйлаб, миннатдорчилик билдиришарди. Қаҳрамонга айланиб қолган Сенсида бу трансферни амалга оширишдан бошқа чора қолмаганди. Келаси мавсумда эса «Рома» Батистута билан бирга мамлакат чемпионига айланади.

Воситачилар кимлар? Нега клублар тўғридан-тўғри алоқага чиқишмайди?

Оддий қилиб айтганда, клуб қилиши мумкин бўлмаган ишларни воситачилар амалга оширишади. Масалан, клубининг розилигисиз бирор футболчи билан агентлар орқали алоқага қилиш – қонунда тақиқланган. Аммо расмий таклифдан олдин, клуб футболчи қанчага тушиши ҳақида маълумотларга эга бўлиши ҳам керак. Шунда, воситачилар буни аниқлашлари мумкин ва ҳатто қарши клубга чиқиб, бу футболчи учун тахминан қандай нарх белгиланиши мумкинлигини билиб берадилар ҳам.

Бу тескари ҳолатдаям ишлайди. Агар клуб бир футболчини сотмоқчи бўлса, воситачилар орқали, унинг фикрини олиш мумкин. Баъзида худди шу ишни агент ҳам амалга оширади. Мухлислар кўз ўнгида, гўёки, клуб бу футболчини сотмоқчи эмас, лекин яхшигина маблағ таклиф қилингандек бўлади. Мухлислар севимли клуб аслида футболчини сотмоқчи бўлаётганини билмайдилар ҳам. Футболчининг ўзига ҳам, уни сотмоқчи эканингизни айтиш қийин, тўғрими? Ва ҳаммамиз яхши биламизки, агар футболчи расман трансферга қўйилса, унинг нархи тушиб кетади.

(Оддий мисол, Сульшер матбуот анжуманида Погба ва Лукаку ҳақида фикр билдирди ва клуб бу футболчиларни сотмоқчи эмаслигини айтди. Шу билан бирга, ҳали бирорта расмий таклиф йўқлигини ҳам қистириб кетди. Бундан қандай маъно чиқади? Айтиш мумкинки, Сульшернинг бу гаплари, аслида клубнинг яширин позициясидир. У аслида Погбанинг кетишига рози бўлгандир, аммо бу ҳақида айта олмайди – матбуотда Сульшер Погбадан рози эканини ва клубда қолса, хурсанд бўлишини айтади. Бу бошқа клубларга хабар – «Погбани сотишга мажбур эмасмиз, у яна шу ерда қолиши мумкин». Яъни, агар уни сотиб олмоқчи бўлсанглар, биз айтган нархни беришларингга тўғри келади.

Бошқачароқ айтилса, масалан, Погба клубнинг келажак режаларида йўқлиги маълум бўлиб қолса, бошқа клублар нархни туширишга уринишлари табиий).

Трансфер нархи қандай белгиланади? Бу эркин бозор бўлгач, клуб тўлаши мумкин бўлган ҳар қандай миқдор ҳақида гап бориши мумкин, шундайми?

Унчаликмас. Аслида «жорий нарх» ёки «бозор қиймати» қабилидаги терминлардан маъно йўқ. Футболчининг нархига таъсир қилувчи муҳим факторлар бор – ёши, иқтидори, миллати ( у Евроиттифоқ паспортига эгами ёки лимитга тушиб қоладими?), жорий маоши ва шартнома муддати.

Бозорнинг юқори қисмида, бу факторлар рол ўйнамай қолиши мумкин. Топ юлдузлар жуда кам ва баъзида клуб айнан маълум бир футболчининг жамоага мос эканига ишонадилар. 

Мисол учун, «Реал» Эден Азар учун 110 миллион доллар ва бир қанча бонусларга келишди. Бу дегани, «Реал» 10 миллионлик футболчилардан ўн бир нафарини сотиб олишга ҳам қарши эмаслигини англатмайди. Яъни футболчиларни товар сифатида кўриш ва нархларни тенгма тенг қўйиш тўғри бўлмайди. Ким учундир мос келган нарх, бошқа клуб учун қимматлик қилади – чунки у жамоанинг мураббийи, услуби, муаммолари бошқа, бутунлай бошқа футболчи керак.

Яна бир фактор – тезкорлик. Неймар «Барселона»на тарк этганида, клубга тезлик билан вингер лозим эди. Шу билан бирга, «Барселона»да Неймарнинг трансферидан қолган жуда кўп пул бор эди. Натижада Усмон Дембеле учун 120 миллион тўлашга тўғри келди. У жуда яхши футболчи, аммо, айнан ўша трансфер ойнасининг бошида, Дембеле икки баробар арзон бўлиши ҳам мумкин эди.

Яна шунингдек, сотиб олувчи клубга ҳам боғлиқ. 2016 йилда «Ренн» марказий ярим ҳимоячи Абдулай Дукурени 12 миллион долларга «Уотфорд»га сотди. Бошқа каттароқ клуб Дукуре учун 20 миллион беришга тайёр турганди, лекин футболчи улар учун иккинчи танлов бўлган. Ўша клуб асосий номзодни сотиб олишгач, Дукуредан воз кечишди ва «Ренн» 12 миллионга рози бўлди. Бундай воқеалар кўп бўлади. Тушуниш мумкинки, агар харидор бой ва топ-клуб бўлса, каттароқ нарх айтилади. 

Товон пуллари? Клублар нега бундай бандни киритади?

Бу ерда фарқлаб олиш керак, бутун дунёда бошқача тизим, Испанияда эса, бошқа тизим ишлайди.

Одатда, футболчининг ўзи шартномага товон пули суммаси белгилаб қўйилишини сўрайди. Бу банд учун, яъни товон пули камроқ кўрсатилиши учун футболчи озроқ маошга ҳам рози бўлади. Бу ерда футболчи ўзига ишонади ва қўйидагича режа қилиши мумкин:

«Мен ҳозир камроқ маошда ўйнаб турсам ва ўзимни кўрсатсам, мени сотиб олмоқчи бўлган янги жамоа мен учун катта сумма тўлашга мажбур бўлмайди. Натижада, менга яхшироқ шартнома таклиф қилишади. 

Ҳа, бу қайсидир маънода, футболчиларнинг эркин агент сифатида бошқа жамоага ўтишларига ўхшайди. Маълумки, эркин агентларни қўлга киритган клублар трансфердан иқтисод қилаётганликлари учун яхшироқ маош таклиф қиладилар.

Аммо сўнгги пайтларда, бундай «текин ўтиш»лар тизими «қимматлашиб» бормоқда. «Ювентус»га ўтган Эмре Жан эркин агент бўлгани туфайли, яхшигина пул олганидан ташқари, унинг агентига ҳам 18 миллион евро тўлашга тўғри келганди. Катта эҳтимол билан Аарон Рэмзи ёки Адриан Рабьонинг шартномаларида ҳам шунга яқин суммалар акс этган.

Бундай катта комиссион пуллар тўланиши сабаби бор – агентлар мижозларини эски клубда шартномани янгилашдан қайтариб туришади. Футбол олами шундай манфаатлар устида яшамоқда. Тўғри, бундай тўловлар трансфер нархидан паст, лекин йилдан йилга бу фарқ камайиб боряпти.

Шартноманинг янгиланишидан ким ютади? Амортизация нима?

Кўпчилик ҳали ҳам, клублар футболчининг қийматини қандай ҳисобга олишларини билмайди. Футболчи трансфер қилинганда, бу сумма унинг шартнома муддатига сочиб юборилади – мана шу футболчининг амортизация суммаси ҳисобланади.

Масалан, «А» футболчи 50 миллион еврога сотиб олиниб, 5 миллион евро маош билан, беш йиллик шартнома имзоласа, клуб учун бу футболчи йилига 15 миллиондан (10 миллион амортизация, 5 миллион маош) тушаётган бўлади. Агар бошқа бир «Б» футболчи беш йиллик шартнома тузиб, йилига 20 миллиондан келишув бўлсачи? Унда «Б» футболчи клубга йилига 20 миллиондан (0 амортизация, 20 миллион маош) тушаётган бўлади. Яъни аслида гўёки текинга қўлга киритилган «Б» қимматроққа тушмоқда. Футболчиларнинг трансфер қийматларини солиштиришда, бу томонларини ҳам ҳисобга олиш керак.

Бошқа тарафи ҳам бор. Айтайлик, юқорида тилга олинган ҳар икки футболчи ҳам яхши ўйнаб кета олмади ва клуб уларни сотмоқчи. Агар «А» футболчини 30 миллион еврога сотишса, клуб ҳеч нарса йўқотмайди – чунки шартнома бўйича 30 миллион евро амортизация қолган бўлади. «Б» футболчи сотилса, неч пул кирим қилинса ҳам, ўша сумма фойдага бўлади, чунки унинг амортизацияси йўқ. Яна бир нарсани эътиборга олиш керакки, 20 миллион евро маошга эга бўлган футболчидан қутилиш осон бўлмайди. Бунча тўлашга рози бўладиган жамоа кам, яна уч йил шунча маош олиб юриши мумкин бўлган шартномага эга футболчи эса, маоши камайтирилишига рози бўлмаслиги мумкин.

(Эсингизда бўлса, Эммануэл Адебайор билан «Манчестер Сити» катта шартнома имзолаган, кейин эса, уни бошқа клубга сотиб юборгач, маошининг бир қисмини тўлаб юришга ҳам мажбур бўлганди).

Дарвоқе, амортизация – клубларнинг узоқроқ муддатга шартнома тузишга ундайдиган сабаблардан бири. Тасаввур қилинг, юқорида тилга олганимиз, «А» футболчи билан клуб икки йил ўтиб, қайтадан беш йиллик шартнома имзолайди ва унинг маошини 6 миллионга кўтаради. Футболчи ҳам хурсанд, тўғрими?

Шу билан бирга, клуб ҳам бундан фойда қилади. Чунки футболчининг қолган уч йиллик шартномасидаги амортизацияси 30 миллион қолган. Энди, кейинги беш йилликда бу футболчи клубга арзонроқ, 15 эмас, 12 миллионга тушади – 6 миллион амортизация, 6 миллион маош.

Шу тариқа, футболчи ҳам маошини ошириб олади, клуб ҳам харажатини камайтиради. Ҳамма ютуқда.

ESPN материали асосида Қ.Асланов тайёрлади

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз