Узбек O'zbek
Зидан «Реал»нинг Перес давридаги барча мураббийларидан бир жиҳатдан яққол ажралиб туради
Чоршанба, 10 Июл
6245

«Реал» тарихидаги энг муваффақиятли мураббийлардан бири Зинедин Зидан жамоага «қария» футболчиларни олиб келишни хушламайди. Унинг бош мураббийлиги даврида «Реал» ўз сафига қўшиб олган янги футболчиларнинг ўртача ёши – 21,7га тенг.

Бу – амалдаги президент Флорентино Перес даврида жамоани бошқарган барча бош мураббийлар ичидаги энг қуйи кўрсаткичдир. Бу ҳақда AS нашри маълумот берди.

«Реал» бевосита Зидан раҳбарлигида 8 нафар янги ўйинчи сотиб олди: Альваро Мората (23 ёш), Тео Эрнандес (19), Дани Себальос (20), Эден Азар (28), Ферлан Менди (24), Эдер Милитао (21), Лука Йович (21) ва Родриго (18).

Қўшимча қилинишича, «қаймоқранглилар» бу йил ёзда «Манчестер Юнайтед»дан Поль Погбани сотиб олган тақдирда ҳам Зидан «Реал»ни XXI асрда бошқарган мураббийлар ичида ёш ўйинчиларни жамоага энг кўп олиб келган устоз сифатида қолаверади. Бу ҳолда уларнинг ўртача ёши 22,2 ёшда бўлади.

Иккинчи ўринда Хулен Лопетеги қайд этилган, унинг даврида клуб 4 нафар ўйинчи олган ва уларнинг ўртача ёши 22,7 ёшни ташкил этган. Жамоага бошқа клублардан ёшларни жалб этиш бўйича учинчи ўринда Вандерлей Лушембурго (7 нафар янги футболчи, ўртача ёш – 22,9), тўртинчи поғонада Карло Анчелотти (10 нафар янги футболчи, ўртача ёш – 23,1) қайд этилган.

Маълумот учун, Флорентино Перес 2000 йилдан «Реал» президенти лавозимида ишлаб, 2006 йилда истеъфога чиққан ва 2009 йилда бу мансабга қайтган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз