Узбек O'zbek
Испания солиқ органларидан миллионлаб евро қарздорликни узиш навбати Пикега келди
Чоршанба, 10 Июл
2752

«Барселона» ҳимоячиси Жерар Пике олдида 2 млн евродан ортиқ миқдордаги солиқ қарздорлиги ва жарималар бор.

Испан ОАВга кўра, Пикенинг Марказий маъмурий-хўжалик суди қарори юзасидан берган апелляцияси чоршанба куни Испания Миллий суд ҳайъати томонидан рад этилган.

Айбловга кўра, Пике 2009-2010 йилларда ўз имиж ҳуқуқларини ўзига тегишли «Kerad Project 2006» компаниясига ўтказиб, белгиланганидан камроқ солиқ тўлашнинг йўлини қилган.

Эндиликда у 2,1 млн евро (2,3 млн доллар) миқдорида қарздорлик ва жарималарни узиши керак. Ёки бир неча йилдан буён давом этиб келаётган судлашишдан тўхташни истамаса, Олий судга мурожаат этиши мумкин.

The Washington Post`нинг қўшимча қилишича, Пикенинг рафиқаси, колумбиялик поп юлдузи Шакира ҳам Испанияда солиқлар билан боғлиқ фирибгарлик юзасидан текширув марказида бўлиб турибди. Шакиранинг ўзи ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қўймаганини айтган.

Қайд этиш керак, Пике сўнгги йилларда Испанияда миллионлаб евролик солиқлар билан боғлиқ муаммога дуч келган ягона футболчи эмас. Аввалроқ Лионель Месси ва Криштиану Роналду билан ҳам шу каби ҳолат кузатилган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз