Узбек O'zbek
2019/20: Футбол қоидаларидаги 7 ўзгариш
Душанба, 08 Июл
14281

IFAB (Халқаро Футбол Ассоциациялари Кенгаши) март ойи бошида Абердиндаги йиғилишида футбол қоидаларида бир қатор ўзгартиришлар киритганди. Ўзгаришлар шу йилнинг 1 июнидан амал қилиши кўзда тутилган. Демак, бошланадиган барча мусобақалар янги қоида бўйича ўтказилади. Эътиборингизга, диққатга молик ўзгаришлар ҳақида маълумот ҳавола қиламиз.

ЖОНЛИ ДЕВОР

Жарима зарбаси белгиланганида, агар ҳимояланувчи томон уч нафар ва ундан ортиқ футболчидан иборат жонли девор ҳосил қиладиган бўлишса, рақиб уларга халақит бериш учун ўз футболчиларини жонли деворга қўша олмайди. Ҳужумчилар жонли девордан камида бир метр масофада бўлишлари ва унга халақит бермасликлари лозим.

Ушбу ўзгариш жарима зарбаси ижро этилганда турли зиддиятлар ва натижада тўхталишларни олдини олиш мақсадида киритилмоқда.

ГОЛНИ НИШОНЛАШ

Агар голни урган футболчи уни нишонлашда қоидани бузса (масалан, футболкани ечиш), кейинчалик ушбу гол ҳисобга олинмаган тақдирда ҳам сариқ карточка билан жазоланади.

ТЎПНИ ЎЙИНГА КИРИТИШ

Тўп дарвоза олдидан эркин зарба билан ўйинга киритилаётганда, у жарима майдонини тарк этиши шарт эмас. Энди ҳимоячи тўпни жарима майдони ичида қабул қилиб олиши ва ҳужумни бошлаши мумкин. Ўз навбатида, рақиб ҳужумчилари бу пайтда, яъни тўп ҳимоячи томонидан қабул қилингунча, жарима майдонига кирмай туради.

Айтилишича, бу прессингни қийинлаштиради ва ўйин темпи ошишига олиб келиши мумкин. Чунки, рақибнинг прессингидан қўрқиб, тўпни узоққа тепиб юбориш ҳолатлари кузатиларди, энди ҳимоячилар ердан ўз жамоаси ҳужумини бошлашда кўпроқ имкониятга эга бўлишади.

ҚЎЛ БИЛАН ЎЙНАШ

Энди ҳар қандай алвозда, агар тўп қўлга тегиб, рақиб дарвозасига киритилса, гол ҳисобга олинмайди. Энди бундай ҳолатларда атайлаб ёки бехосдан қўлга тегиш сифатида ажратилмайди. Бундай вазиятларни аниқлашда, VAR’нинг ўрни жуда катта бўлиши кутилмоқда. 

ЎЙИНЧИ АЛМАШТИРИШ

Алмаштирилаётган футболчи энди ўзига яқин бўлган ён чизиқдан майдонни тарк этаверади. У захира ўриндиғи жойлашган ва янги футболчи тушаётган нуқтадан майдонни тарк этиши лозим бўлмайди. Табиийки, бу ўйин вақтини чўзиш ҳолатлари учун кураш сифатида баҳоланмоқда.

ПЕНАЛЬТИ

Янги мавсумдан пенальти тепилаётган пайтда дарвозабонлар фақат бир оёғи билан дарвоза чизиғида туришлари етарли. Илгари ҳар икки оёқнинг ҳам олдинга чиқиб кетмаслиги талаб этиларди.

Бундай ўзгаришларга сабаб, жуда кўп вазиятларда ҳакамлар бу тарздаги қоида бузилишларни эътиборсиз қолдиришган.

БАҲСЛИ ТЎП

Энди футболда бу тушунча бўлмайди. Ҳакамлар икки томонни йиғиб, баҳсли тўпни ташлаб бермайди.

Бунинг ўрнига, ҳуштак чалингунча тўпга эгалик қилган тараф ўйинни давом эттиради. Агар лозим топишса, улар тўпни рақибга беришлари мумкин. Истисно шуки, мабодо, ўйин жарима майдонида тўхтатилган бўлса, ўйинни бошлаш дарвозабон томонидан амалга оширилади.  

МУРАББИЙГА КАРТОЧКА

Янги мавсумдан ҳакамлар нафақат майдондаги футболчиларга, балки, мураббий ёки бошқа расмий шахсларга ҳам карточка кўрсатишлари мумкин бўлади.

Ўзи шундоғам, ҳакамлар мураббийларни ўйиндан четлатиш имкониятига эга эди, аммо карточка кўрсатилмагани боис, кўпинча томошабинлар учун тушунмовчиликлар юзага келарди.

VAR

2019/2020 футбол мавсумидан бошлаб, энди Англия Премьер-лигасида ҳам VAR тизими ишлай бошлайди ва шу билан кучли бешлик чемпионатларининг барчасида ушбу тизим амалда бўлади. Эслатиб ўтамиз, Италия ва Германияда 2017/18 йилги мавсумдан, Испания ва Францияда эса 2018/19 йилги мавсумдан бошлаб видеотакрорларга мурожаат қилиш жорий этилганди. Шунингдек, 2018 йилда Россияда ўтган жаҳон чемпионатида, ҳамда сўнгги Европа Чемпионлар Лигасида нимчорак финалдан бошлаб ВАР тизими ишлатилган.

Ушбу тизим бош ҳакамга видеотакрорлар бўйича, асосан, 4 хил вазиятда – гол, пенальти, қизил карточкалар ва футболчини аниқлаш борасида ҳакам қарорларига ёрдамчи бўлади. Шу билан биргаликда, барибир якуний қарор майдондаги бош ҳакамда қолади. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз