Узбек O'zbek
«Сити» рекордини янгилади, Буффон уйига қайтди. Европадаги сўнгги 10та асосий трансфер
Якшанба, 07 Июл
10104

Европа трансфер бозорида иш қизғин. Топ даражадаги ҳимоячилар клубларини ўзгартирди, Рабьо барибир «ПСЖ»дан кетди, «Манчестер Сити» энг қимматбаҳо харидини амалга оширди, Буффон «Ювентус»га қайтди, ёш Фелишни эса ақл бовар қилмас нархда пуллашди.

Аарон Ван-Биссака, «Манчестер Юнайтед»
«Кристал Пэлас»нинг ўнг қанот ҳимоячиси 49,5 млн фунтов стерлинг эвазига (Transfermarkt маълумоти) «Манчестер Юнайтед»га ўтди. Англия терма жамоасига номзод бўлган 21 ёшли футболчи янги клуби билан кейинроқ яна бир йилга узайтириш шарти билан 5 йиллик шартнома имзолади. Якунланган мавсумда Ван-Биссака АПЛ ва Англиядаги бошқа турнирларда жами 39 ўйинда майдонга тушиб 4та голга узатма берган. Аарон Раҳим Стерлинг ва Жон Стоунс қаторида англиялик энг қиммат футболчилар учлигидан жой олди. Оле-Гуннар Сульшернинг фикрича, бу футболчи «ишга тўғри ёндашувчи, талантли ва менталитет» ҳисобланади ва «МЮ» учун мос футболчидир.

Диего Годин, «Интер»
Жаҳоннинг энг яхши марказий ҳимоячиларидан бири «Атлетико»ни «Интер»га алмаштирди. Годин мадридликлар клуби билан шартномаси муддати тугагани туфайли миланликлар клуби сафига эркин агент мақомида келиб қўшилди. 33 ёшли уругвайлик футболчи итальян клуби билан 3 йиллик шартнома имзолади. У «Атлетико»даги ёши 30дан ошган футболчилар билан бир йилдан ортиқ муддатга шартнома тузмаслик бўйича қоида туфайли клубни тарк этди. Диего «Интер» билан музокараларни қишдаёқ бошлаганди. Якунланган мавсумда Годин 39 ўйинда майдонга тушиб, тўрт гол урди ва уч голга узатма берди.

Тангай Н’Домбеле, «Тоттенҳэм»
«Тоттенҳэм» мухлислари бир ярим йил давомида клуб раҳбарияти трансфер амалга оширишини кутишди ва ниҳоят бу рўй берди. Чемпионлар лигаси финалчиси бир кун ичида икки футболчини таркибга қўшиб олди. 18 ёшли вингер Жек Кларк «Лидс»дан сотиб олиниб (9,9 млн фунт стерлинг) ушбу клубнинг ўзига ижарага берилган бўлса, Н’Домбеле «шпорлар» учун ҳақиқий кучайиш бўлди. Бундан ташқари, «Тоттенҳэм» «Лион»га 60 млн евро тўлаб, ўз трансфер рекордини янгилади. Бонуслар билан бирга бу сумма миқдори 72 млн еврогача етиши мумкин. 22 ёшли яримҳимоячи билан келишув 6 йилга тузилган. Н’Домбеле ўтган мавсумда французлар жамоасида барча турнирлар доирасида 49 учрашувда майдонга тушиб, уч гол урган ва саккиз голга пас берган.

Адриен Рабьо, «Ювентус»
Рабьонинг Париждаги азоблари якунига етди. «ПСЖ»нинг асосий жамоасидан четлатилган 24 ёшли яримҳимоячи ўтган мавсумнинг биринчи даврасида 20 ўйинда майдонга тушди ва икки гол уриб, икки голга узатма берди. Адриен қишда «Барселона»га ўтишга яқин келганди, аммо ўзига агентлик қиладиган онасининг молиявий талаблари туфайли Лео Месси билан бир жамоада ўйнаш имкониятини йўққа чиқарди. Лекин энди Рабьо Криштиану Роналдуга жамоадош, у туринликлар клуби билан 4 йиллик шартнома имзолади. Эркин агент мақомида Италияга йўл олган француз трансферга розилик бергани учун 10 млн евро миқдорида бонус олди, унинг йиллик маоши миқдори йилига 7 млн евро. Ҳозирда жамоада ундан кўп маошни фақат Роналду олади.

Пабло Сарабиа, «ПСЖ»
Бу вақтда парижликлар клуби «Севилья» яримҳимоячиси Сарабиа сотиб олинганини эълон қилди. Франция чемпионлари ушбу испаниялик футболчи учун 18 млн евро тўлади, 27 ёшли бу футболчи билан беш йиллик шартнома тузилди. Пабло мавсумни жуда кучли ўтказганди: 52 ўйинда 23 гол уриб, 17 голга узатма берган. У ҳужум чизиғининг ўнг қанотида ҳам, марказда ҳам ҳаракатлана олади. Албатта, Сарабиа – позицияси бўйича Рабьога ўринбосар эмас, аммо «ПСЖ» трансфер бозорида бугунги кундаги  нархлар эътиборга олинса, жуда муваффақиятли трансферни амалга оширди.

Жоау Фелиш, «Атлетико»
Ёш португалиялик футболчи «Бенфика»дан  «Атлетико»га ўтди. Испанлар бу вундеркинд учун 120 млн евро тўлашди. «Манчестер Юнайтед» ва «Ювентус» ҳам унинг трансфери учун шунча пул тўлашга тайёр эди. Фелишнинг хариди «матрасчилар» тарихидаги энг қимматбаҳо харид бўлди. Бу трансфердан таниқли агент Жорже Мендеш 30 фоизлик улушга эга бўлди. Беш йиллик шартнома бўйича 19 ёшли форвард Мадридда йилига 6 млн евро олади. Жоау «Бенфика»да ўтган мавсумда 43 ўйин ўтказиб, 20 гол урган ва 11 голга ҳаммуаллифлик қилган.

Матс Ҳуммельс, «Боруссия» Д
Ушбу тажрибали марказий ҳимоячи  «Бавария»да ўтган уч мавсумдан кейин яна Дортмунднинг «Боруссия»си сафига қайтди. «Бавария» ўшанда Ҳуммельсни 35 млн еврога сотиб олганди, энди мюнхенликлар клуби футболчини 30,5 млн евро (плюс бонуслар) эвазига қўйиб юборди. «Бавария» Матс кетгани ҳақида 19 июндаёқ эълон қилганди, «Боруссия» 30 ёшли немис трансферини кечроқ тасдиқлади. Дортмунддаги фанатлар Ҳуммельсни жуда илиқ кутиб олишди. Демак, у энди «Бавария»дагидан кўра яхшироқ мавсум ўтказиши керак бўлади. Ҳимоячи Бундеслиганинг ўтган мавсумида 33 ўйинда иштирок этиб, икки гол урди ва икки голли узатмага муаллифлик қилди.

Жанлуижи Буффон, «Ювентус»
Бир йил муқаддам Буффон кўзда ёш билан «Ювентус»ни тарк этганди, аммо энди маълум бўлмоқдаки, бу буткул хайрлашиш эмас, «кўришгунча» бўлган экан. 41 ёшли дарвозабон шу ҳафта туринликлар клуби сафига қайтди, томонлар бир йиллик шартномага имзо чекишди. Италиялик дарвозабон «ПСЖ» билан шартномаси тугагач, эркин агентга айланганди. Жижи французлар жамоасида жами 25 ўйинда дарвозани қўриқлади ва бу ўйинларда жами 25 гол ўтказиб юборди. Бундан ташқари, «Ювентус» «Сассуоло»дан 21 ёшли марказий ҳимоячи Мерих Демирални 18 млн евро эвазига харид қилди.

Родри, «Манчестер Сити»
«Манчестер Сити» «Атлетико»дан Родрини сотиб олди, инглизлар ушбу испаниялик таянч яримҳимоячининг шартномасида кўрсатилган бадал пулини - 70 млн еврони тўлиқ тўлади. Бу клуб тарихидаги энг қимматбаҳо трансферга айланди. 23 ёшли испаниялик «шаҳарликлар» билан 5 йиллик шартнома имзолади. Родри ўтган мавсумда «матрасчилар» сафида 47 ўйинда майдонга тушиб, уч гол урган ва битта голли пасни ўз ҳисобига ёзиб қўйган. Айтишларича, Хосеп Гвардьола уни янги Бускетс сифатида кўрмоқда.

Андер Эррера, «ПСЖ»
Испаниялик яримҳимоячи «ПСЖ» билан 5 йиллик шартнома тузди. У «Манчестер Юнайтед» билан шартномаси муддати тугаши муносабати билан Парижга эркин агент мақомида келди. Goal.com портали маълумотига кўра, 29 ёшли футболчи манкунианликлар таркибида қолмоқчи бўлган, аммо клуб раҳбарияти унинг ҳафталик маоши миқдорини 350 минг фунт стерлингга оширишга рози бўлмаган. Томонлар шартнома бўйича келиша олмаган маҳалда, «ПСЖ»нинг қатарлик босслари сахийлик қилишган. Якунланган мавсумда Эррера «МЮ» сафида 28 учрашувда майдонга тушиб, 3 гол урган ва 3 голга узатма берган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз