Узбек O'zbek
Месси қизил карточка олгани ва тақдирлаш маросимига бормаганини изоҳлади
Якшанба, 07 Июл
16166

Аргентина миллий жамоаси етакчиси Лионель Месси Копа Американинг бронза медали билан тақдирлаш маросимида қатнашмади.

Ўйиндан кейин у бу қарорини қуйидагича изоҳлади.

«Мен подиумга бормадим, чунки биз коррупциянинг бир қисмига айланиб қолмаслигимиз керак. Бутун турнир давомида Аргентинага нисбатан ҳурматсизлик кўрсатилди. Биз бундан кўпроғига ҳам эриша олган бўлардик.

Бронза учун бўлган ўйин ҳам, худди Бразилияга қарши кечган учрашув каби, бизнинг энг яхши ўйинларимиздан бири бўлди. Қайтараман, коррупция ва ҳакамлар футболни бузиб қўйди ва мухлисларни ундан завқ олиш имконидан маҳрум этди», – дея Мессининг сўзларини келтирди Аргентина миллий жамоаси матбуот хизмати.

Лео, шунингдек, бронза учун Чилига қарши кечган ўйиннинг (2:1) 37-дақиқасида рақиб яримҳимоячиси Гари Медель билан келиша олмай қолганига ҳам изоҳ бериб ўтди. Бу ҳолат учун уларнинг ҳар иккисига ҳам қизил карточка кўрсатилган эди.

«Қизил карточка? Иккаламизга ҳам «сариқ» кўрсатиш етарли бўларди. Муҳими, жамоамиз мусобақани яхши якунлади. Ҳакамлар ўша эпизодни барибир диққатлироқ бўлиб қайта кўриб чиқишлари керак, деб ўйлайман.

Турнир биз учун якунланди ва биз уни бошимизни тик тутганча тарк этяпмиз. Мен бор кучини бериб ўйнаган жамоам билан фахрланаман. Эришганларимизга ҳаққоний баҳо беришади, деб умид қиламан. Жамоа характер кўрсатиб, мусобақани ижобий нотада якунлай олди», – деди Лионель Месси.

Аргентиналиклар сардоридан жамоа бош мураббийи Лионель Скалони борасида ҳам фикр билдиришни сўрашди.

«Скалони? У ҳам бутун жамоа билан бирга ўсиб борди. Турнир якунига борган сайин биз керакли даражадаги уйғунлик ва яхши ўйин ритмини топиб олдик», – деб жавоб қилди у.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз