Узбек O'zbek
Ғофур Раҳимовнинг матбуот котиби Умар Кремлёвнинг айбловларига жавоб қайтарди
Пайшанба, 04 Июл
5258

AIBA президенти лавозимидан муваққат истеъфога чиққан Ғофур Раҳимовнинг бу мансабга қайтиш ҳуқуқи бекор қилингани ҳақидаги хабарлар асоссиз, деб баёнот берди ўзбекистонлик функционернинг матбуот котиби Зиёвуддин Ҳожиниёзов.

Ҳожиниёзовга кўра, AIBA Ижроқўмининг ўтган ҳафта қабул қилган қарорини Россия бокс федерацияси бош котиби Умар Кремлёв хато талқин қилган.

«Умуман нотўғри. Бу – бўҳтон. Умар Кремлёв ўқимагани сабабли нима гапираётганини ўзи билмайди. AIBA президенти лавозимидан вақтинчалик четлашиб, қайтиб келиш ҳуқуқи AIBA Уставида белгилаб қўйилган. Уставни эса фақат Конгресс ўзгартира олади», – деди Раҳимовнинг расмий вакили Тошкентда журналист Исмат Хушевга берган интервьюсида.

Умар Кремлёвнинг кескин баёноти

Умар Кремлёв / Фото: РИА Новости

Ўтган ҳафта жаҳон ҳаваскор боксининг бош ташкилоти Ижроия Қўмитаси Женевада навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиб, AIBA Регламентидан (AIBA Bylaw) 16-моддани чиқариб ташлашга қарор қилган эди. Шундан сўнг Ижроқўм аъзоси Умар Кремлёв баёнот билан чиқиб, AIBA «бутун бокс оламини алдаган инсондан қутулгани»ни иддао қилганди.

«Бугун биз бирлашиб, жиддий қарорни қабул қилдик – қарзларни ёпиши ва ХОҚ билан тил топиша олишини айтиб, бутун бокс оламини алдаган инсондан қутулдик.

Ғофур Раҳимов AIBA`ни банкротлик ёқасига келтириб қўйди. У бутун бокс жамоатчилигидан узр сўраши керак.

Бугун у қайта олмаслиги учун Уставдан тегишли бандни чиқариб ташладик ва 15 ноябрь куни Конгресс чақиришга қарор қилдик. Унда AIBA`га янги раҳбариятни сайлаймиз», – деган Кремлёвнинг сўзларини келтирган эди Россия бокс федерацияси расмий сайти.

Бу ҳақда батафсил: Россия бокс федерацияси бош котиби Ғофур Раҳимов ҳақида: «Бутун бокс оламини алдаган одамдан халос бўлдик»

Ижроқўм нимани ўзгартирди?

AIBA`нинг Лозаннадаги штаб-квартираси (Швейцария) / Фото: AIBA

Кремлёвнинг баёноти 27 июнда – AIBA Ижроия Қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтган куниёқ эълон қилинган эди. 2 июль куни AIBA расмий сайтида ташкилотнинг муваққат президенти Муҳаммад Мустасаннинг баёноти чиқди. Унда Ғофур Раҳимовга AIBA Ижроқўми номидан ташкилот олдидаги хизматлари учун раҳмат айтилган ва:

«У ўз шахсий муаммоларини ҳал қилиш учун ўзи истамаган ҳолда лавозимидан четлашишга қарор қилган экан, Ижроқўм эндиликда Регламентдан 16-моддани чиқариб ташлашга қарор қилди», – дейилган.

AIBA`нинг ижро органи томонидан тасдиқланадиган Регламентнинг 16-моддаси 3-қисмида: «Агар вақтинча истеъфога чиққан президент янги президент сайлови ўтказиладиган навбатдан ташқари Конгрессга 90 кундан кўпроқ вақт қолган пайтда ўз лавозимига қайтишни истаса, ўзи сайланган ваколат муддатининг қолган қисмида ҳам президент сифатида ишлашда давом этиш ҳуқуқига эга бўлади», деб қайд этилган.

Бошқача айтганда, мазкур нормага биноан, вақтинча лавозимидан кетган президент янги президент сайланадиган навбатдан ташқари Конгрессга 90 кундан камроқ вақт қолган бўлса, мансабига қайта олмайди.

Бироқ, Ғофур Раҳимовнинг матбуот котибига кўра, ушбу банднинг чиқариб ташланиши амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайди. боиси Регламент – қонуности ҳужжати саналади ва у Конгресс эмас, Ижроқўм томонидан қабул қилинади.

«AIBA`нинг қонуности ҳужжатлари бор. Бу ҳужжатлар Уставда ёзилган моддалар тушунарлироқ бўлиши учун қўлланилади. Ижроқўм кўриб чиқиб, керакли жойларини тўғрилайди – бу доимий равишда бўладиган нарса.

Бу жойи олиб ташландими, демак, Конгресс 15 ноябрга белгиланган бўлса, Раҳимов 15 ноябрь куни ҳам қайтиб келиши мумкин. Энди чеклов йўқ. Қонуности ҳужжатида демократик асосда бўлсин, дея чеклов қўйилган эди», – дейди Зиёвуддин Ҳожиниёзов.

«Гапирилган ҳамма гаплар – ўзгартириш киритилди, энди қайтиб кела олмайди, деган гапларнинг ҳаммаси асоссиз. Президентни фақат Конгресс олиб ташлай олади. AIBA Конгресси йиғилиб, Ғофур акага кетинг, деб айтиш ҳуқуқига эга. AIBA`нинг бошқа ҳеч қайси органи бундай қила олмайди», – дея қўшимча қилди у.

Умар Кремлёв ким, у Ғофур Раҳимовни нега айбламоқда?

Фото: AIBA

Тожик миллатига мансублиги ва аввалги фамилияси Лутфуллоев бўлгани айтиладиган Умар Кремлёв 2017 йилда Россия бокс федерацияси бош котиби лавозимига келгунига қадар промоутерлик компаниясини бошқарган. Россия бокси куни, Халқаро бокс куни каби саналарнинг белгиланиши унинг номи билан боғланади. Россия олдидаги хизматлари учун бир қатор медаллар билан тақдирланган.

Кремлёв 2018 йил ноябрида AIBA`нинг Москвадаги Конгрессида ташкилот Ижроқўми аъзолигига сайланган эди. Бу билан у AIBA Ижроқўмига кирган илк россияликка айланган. 2019 йил бошида эса Кремлёв Европа бокс конфедерацияси биринчи вице-президенти лавозимига ҳам сайланган. У AIBA`да Маркетинг комиссияси раиси ҳамдир.

Ғофур Раҳимовнинг матбуот котиби Зиёвуддин Ҳожиниёзовга кўра, Умар Кремлёв айнан Раҳимовнинг қўллови билан AIBA раҳбариятидан жой олган:

«Унинг ўз ниятлари бўлган, яъни AIBA Ижроқўмига кириб олди. Москвада кимнинг обрўси билан ўтганини биласиз. Ҳеч ким танимаса уни, қандай қилиб ўтади? Ғофур ака сенга ёрдам бераман, қўллаб-қувватлайман, ўсгин, деб олиб келдилар, у эса сотқинлик қилди».

Кремлёв ўтган йилги Москва Конгресси олдидан берган интервьюларининг бирида: «Ғофур Раҳимов бокс учун кўп иш қилди – банкротликни тўхтатди, ҳакамликда тартиб ўрнатмоқда», деб айтган. Унинг ўша вақтдаги фикрига кўра, Раҳимов – «ҳақиқий етакчи», у билан «боксда шубҳасиз келажак бор».

Россиялик спорт менежерининг ўзбекистонлик ҳамкасбига муносабати бир йил ҳам ўтмай тубдан ўзгарганини Раҳимовнинг матбуот котиби қуйидагича изоҳлайди:

«Бу йил Екатеринбургда ҳам эркаклар, ҳам аёллар ўртасида Жаҳон чемпионати бўлади. Бу – Россия тарихида биринчиси. Аввалига иккала мусобақа ҳам Олимпиадага саралаш турнири деб белгиланган эди. Лекин ХОҚ билан муносабатлар кескинлашгани ортидан жаҳон чемпионатлари Олимпиадага йўлланма бермайдиган бўлди.

Шу нарса унга алам қилдими... Жаҳон чемпионати бўлади деб, ўзининг фирибгарлик ишлари билан шуғулланган бўлиши, пул олиб қўйган бўлиши мумкин. Аччиқ қилиб, Ғофур акага тухмат қилишга ўтди», – деди Зиёвуддин Ҳожиниёзов.

AIBA муваққат президенти Муҳаммад Мустаҳсан ҳам Кремлёвнинг юқоридаги айбловлари ортида шахсий адоват турибди, деган фикрда.

«Баъзи шахслар ўзи ва шахсий кун тартибини бизнинг спорт туридан устун қўйганини ақлга сиғмас нарса, деб ҳисоблайман», – деди Мустаҳсан.

AIBA Кремлёв устидан текширув бошлаган

Ўртада - Умар Кремлёв, ўнгда - Владимир Продивус / Фото: ruspekh.ru

Умар Назарович Ғофур Аҳмедовичга нисбатан илгари сурган айбловларидан сўнг AIBA`да унинг ўзига нисбатан интизомий иш очилди.

Интизом комиссияси Кремлёв томонидан президент Раҳимовнинг обрўси ва ишбилармонлик нуфузига путур етказадиган, ахлоққа зид ҳамда асоссиз баёнотлар бўйича суриштирув бошлаган.

Кремлёв, шунингдек, Ижроқўм аъзолигига номзодини илгари сурганида судлангани тўғрисидаги маълумотларни яширишда ҳам гумонланмоқда. AIBA Низомига асосан, илгари судланган шахслар Ижроқўм аъзолигига сайланиши мумкин эмас.

ОАВдаги хабарларга кўра, Умар Кремлёв 2004 ва 2007 йилларда Россияда икки марта судланган. Ўша пайтда у туғилган пайтида олган Лутфуллоев фамилиясида бўлган, судлардан кейин уни ўзгартириб, Кремлёвга айланган.

Умар ўзига нисбатан очилган интизомий ишни Ғофур Раҳимов томонидан жавоб юриши сифатида баҳоламоқда.

Интизом комиссияси Кремлёвдан ташқари Украина бокс федерацияси президенти Владимир Продивус ва Беларусь бокс федерацияси вице-президенти Эмилия Груевага нисбатан ҳам текширув бошлаган. Улар Кремлёв билан бирга вақтинчалик президент Муҳаммад Мустаҳсанга ишончсизлик билдиришган эди.

Мавзуга оид: AIBA Олимпиададан четлатилди, Токиода бокс турнири ХОҚ байроғи остида ўтади

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз