Узбек O'zbek
Рустам Ашурматов: «Гвангжу»да яхши ўйнаб, миллий жамоадан таклиф олмоқчиман»  
Сешанба, 02 Июл
1467

Жанубий Кореянинг “Гвангжу” клуби ҳимоячиси Рустам Ашурматов Кей-2 Лигада 12та ўйинда майдонга тушиб, 1 марта рақиб дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди. “Гвангжу” ҳозирда 17-турдан сўнг 39 очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалида якка пешқадам бўлиб турибди.

Ўзбекистонлик футболчи ЎФА сайтига Жанубий Кореяда ишлари қандай кетаётгани хусусида гапириб берди:

“Гвангжу” сафига келиб қўшилганимга 6 ой бўлиб қолди ва жамоага ҳамда чемпионатга анча мослашиб улгурдим. Тўғриси, бошида бироз қийинчилик ҳам бўлди. Зеро илк марта легионер сифатида фаолият олиб боряпман. Лекин жамоадошларим, мураббийлар ҳар тарафдан кўмак бериб туришди ва энди барчаси жойида.

Кей-2 Лига баҳслари ҳам анча шиддатли ва жамоаларнинг барчаси юқори дивизионга чиқиш учун жиддий кураш олиб боришади. Чемпионат савияси яхши эканини таъкидлай оламан. Ҳар бир клубда 3-4 нафардан яхши савиядаги легионерлар фаолият олиб боради.

Клубимиз олдига Кей-1 Лигага йўл олиш вазифаси қўйилган. Ушбу вазифани уддалашга ва юқори лигага йўлланма олишга бор куч-ғайратимизни ишга солган ҳолда ҳаракат қиламиз. Айни пайтда жамоамиз мусобақа жадвалида 1-ўринда бормоқда. Биз мавсум сўнгига қадар бу ўринни сақлаб қолишга ва олдимизга қўйилган вазифани уддалашга уринамиз.

Мен ҳам имкон қадар яхшироқ ўйнашга ва жамоамиз муваффақиятларига хисса қўшишга интиляпман. Энг асосийси – ўйиним мухлислар ва мураббийларимизга маъқул келиши лозим. Легионер футболчидан ҳамиша маҳаллий футболчилардан кўра кўпроқ нарса кутишади. Шу сабабдан легионерлар бор маҳоратини ишга солиб ўйнаши талаб этилади.

Ҳозирги пайтда Жанубий Кореяда 5 нафар ҳамюртимиз фаолият олиб боряпти. Улар билан доим алоқадамиз. Ўзбекистонлик футболчилар ўйнайдиган жамоаларга қарши ҳам ўйинлар ўтказдик. Лекин ҳали майдонда дуч келмадик. Чунки жароҳат сабаб ҳамюртларимиз ўша ўйинларда иштирок эта олишмади.

Айни дамдаги асосий мақсадим клуб сафида яхши ўйин кўрсатиш ва бу орқали миллий жамоамиздан чақирув олиш. Қолаверса, мавсум якунида Жанубий Корея Кей-1 Лигасига йўл олишни кўзлаганмиз», - деди футболчи.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз