Узбек O'zbek
Фото: Бухоро Арки майдонидаги оммавий соғломлаштириш тадбирида 10 минг киши қатнашди
Сешанба, 02 Июл
668

Ўзбекистонда 6 июль – Олимпия кунига тайёргарлик бошланди.

Миллий олимпия қўмитасидан маълум қилишларича, республиканинг турли ҳудудларида бу кунга бағишланган оммавий спорт тадбирлари бошлаб юборилди. Жумладан, бугун Бухородаги Арк қўрғонида Олимпия кунига бағишланган оммавий соғломлаштириш тадбири ўтказилди.

Ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, олимпия ҳаракатини ривожлантириш, олимпизмнинг эзгу ғояларини илгари суриш мақсадида ташкил этилаётган Бухородаги тадбирда ўн минг киши иштирок этди.

Арк қўрғонида жам бўлган қатнашчилар олимпизм тимсолини ифодаловчи 5 хил рангдаги футболкаларда Олимпиада ҳалқасини шакллантирдилар. Тадбирда, шунингдек, халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган бухоролик спортчилар ҳам иштирок этишди.

Саҳнада спортнинг бадиий гимнастика, бокс, таэквондо турлари билан шуғулланадиган спортчилар маълум шакл асосида ҳаракатланишди. Саҳна атрофи ва ҳалқа узра Халқаро Олимпия Қўмитаси ва Ўзбекистон байроқлари жойлаштирилди.

Маълумот учун, бу йилги Олимпия куни илк маротаба бутун Ўзбекистон бўйлаб умуммиллий халқ сайли тарзида нишонланади. Бундан кўзланган мақсад – аҳолининг турли қатламларини, айниқса, ёшларни шундай эзгу ғоя остида бирлаштириш, уларни спортга жалб этишдир.

Халқаро Олимпия кунининг асосий тадбирлари 5-6 июль санасига белгиланган бўлса, Тошкентдаги бош тантана 6 июль куни «Ҳумо арена» муз саройида катта гала-концерт тарзида ўтказилади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз