Узбек O'zbek
AIBA Ғофур Раҳимовни ёлғончиликда айблаган Умар Кремлевга нисбатан суриштирув бошлади
Сешанба, 02 Июл
2267

AIBA (Халқаро бокс уюшмаси) 2019 йил 1 июль куни ўз сайтида AIBA Ижроқўми аъзоси, Россия бокс федерацияси бош котиби Умар Кремлевга нисбатан интизомий иш очилгани ҳақида расмий баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, ўтган ҳафта охирида Женевада (Швейцария) AIBA Ижроқўми Умар Кремлевга қарши суриштирув бошлаш учун овоз берган. Бу жараён AIBA Интизом комиссияси томонидан амалга оширилади.

Кремлев 2018 йил ноябрида AIBA Ижроқўми аъзолигига номзод сифатида ўзини илгари сурганида судлангани тўғрисидаги маълумотларни яширишда гумонланмоқда. AIBA низомига кўра, илгари судланган шахслар Ассоциация Ижроқўми аъзолигига сайланиши мумкин эмас.

Россия ва хорижий матбуотда эълон қилинган турли хабарларга кўра, Умар Кремлев Россия Федерациясида 2004 ва 2007 йилларда икки марта судланган. Ўша пайтда у туғилган пайтида олган Лутфуллоев фамилиясида бўлган, судлардан кейин уни ўзгартириб, Кремлевга айланган.

Бундан ташқари, AIBA Интизом комиссияси 27 июнь куни Умар Кремлев томонидан AIBA президенти Ғофур Раҳимовнинг обрўси ва ишбилармонлик нуфузига путур етказадиган, ахлоққа зид ҳамда асоссиз баёнотлар бўйича суриштирув бошлади.

AIBA муваққат президенти Муҳаммад Мустахсан бу баёнотлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

«Баъзи шахслар ўзи ва шахсий кун тартибини бизнинг спорт туридан устун қўйганини ақлга сиғмас нарса, деб ҳисоблайман».

AIBA’нинг аввалги президенти бўйича AIBA сайтида эълон қилинган баёнотда қуйидагилар қайд этилган:

«AIBA Ижроқўми номидан биз жаноб Ғофур Раҳимовга ташкилотимиз манфаати йўлида амалга оширган барча ишлари учун миннатдорчилик билдирмоқчимиз. AIBA’даги ўз раҳбарлигида у AIBA’ни банкротликдан сақлаб қолиш ва уюшмамиз маъмуриятини қайта ташкил этишга катта ҳисса қўшди».

Бундан олдин, AIBA Ижроқўми аъзоси, Россия бокс федерацияси бош котиби Умар Кремлев Ғофур Раҳимовни ёлғончиликда айблаганди

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз