Узбек O'zbek
Ғофур Раҳимов AIBA президентлигидан бутунлай кетиши мумкин. Россия бокс федерацияси бош котиби уни ёлғончиликда айблади
Жума, 28 Июн
2662

AIBA президенти мансабидан вақтинча истеъфога чиққан Ғофур Раҳимов бу лавозимни буткул тарк этиши мумкин. Пайшанба куни AIBA Ижроия Қўмитаси ташкилот Низомига ўзгартириш киритиш орқали унинг бу постга қайтиш ҳуқуқини бекор қилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости» Ижроқўмнинг россиялик аъзоси Умар Кремлевга асосланган ҳолда.

Хабарда айтилишича, Ижроқўм Раҳимовга хат йўллаб, уни ташкилот президенти лавозимидан буткул истеъфо беришга чақирган.

AIBA Ижроқўми, шунингдек, 15 ноябрь куни Лозаннада навбатдан ташқари Конгресс ўтказиш ва унда ташкилотга янги раҳбарлар сайлаш таклифини ёқлаб овоз берган.

Мазкур қарорлар Халқаро Олимпия Қўмитаси AIBA`ни Олимпиаданинг бокс бўйича мусобақаларидан четлаштиргани фонида қабул қилинмоқда.

Сешанба куни ХОҚ AIBA`даги молиявий муаммолар ва унинг раҳбарияти билан боғлиқ можаро сабабли жаҳон ҳаваскор боксининг бош ташкилотини Олимпиаданинг бокс турнири ва унга саралаш мусобақаларини ташкил этиш ваколатидан маҳрум этган эди. Чоршанбада эса AIBA`нинг ХОҚга аъзолиги тўхтатиб қўйилди.

Reuters маълумотига кўра, Халқаро Бокс Ассоциацияси 16 млн доллар қарзга ботган.

AIBA Ижроқўми аъзоси, Россия бокс федерацияси бош котиби Умар Кремлев мазкур муаммоларни бартараф этишни ваъда қилган Ғофур Раҳимовни ёлғончиликда айблади.

Фото: РИА Новости / Нина Зотина

«Бугун биз бирлашиб, жиддий қарорни қабул қилдик – қарзларни ёпиши ва ХОҚ билан тил топиша олишини айтиб, бутун бокс оламини алдаган инсондан қутулдик.

Ғофур Раҳимов AIBA`ни банкротлик ёқасига келтириб қўйди. У бутун бокс жамоатчилигидан узр сўраши керак.

Бугун у қайта олмаслиги учун Низомдан тегишли бандни чиқариб ташладик ва 15 ноябрь куни Конгресс мажлисини чақиришга қарор қилдик. Унда AIBA`га янги раҳбариятни сайлаймиз», – деган Кремлевнинг сўзларини келтирди Россия бокс федерацияси матбуот хизмати.

AIBA ўз низомига ўзгартиш киритиш орқали ХОҚ билан зиддиятни юмшатишга уринади

Ғофур Раҳимов 2018 йил ноябрь ойида Москвада ўтган AIBA Конгрессида ташкилот президенти этиб сайланган эди. Ўша Конгрессда AIBA Низомига тегишли ўзгартиришлар киритилган, унга мувофиқ президент зарур ҳолларда ўз лавозимидан вақтинча танаффус олиши мумкинлиги белгилаб қўйилганди.

Ўзбекистонлик функционер март ойида мазкур янги банд асосида муваққат истеъфо берган, унинг ўрнига вақтинча Африка бокс конфедерацияси (AFBC) раҳбари Муҳаммад Мустасан сайланган эди.

Аммо AIBA Ижроқўмининг кечаги йиғилишида Мустасанга ишончсизлик билдирилган.

«Биз, шунингдек, Владимир Продивус (Украина бокс федерацияси президенти) билан вақтинчалик президент Муҳаммад Мустасан ва Этика комиссияси раиси Йост Шмидга ишончсизлик вотуми эълон қилдик, чунки у – собиқ раҳбарият тарафдори.

Ташкилотни ХОҚ билан қайта тиклаш масалаларини муҳокама этиш учун Жоржио Бруньоли бошчилигида комиссия, шунингдек, Продивус раҳбарлигида Конгрессга тайёргарлик бўйича иш олиб борувчи коммиссия тузилди. Молиявий комиссияга эса Ди Ву раҳбарлик қилади», – деди Кремлев.

Маълумот учун, 2017 йил охирида АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш департаменти Раҳимовга нисбатан Магнитский акти доирасида санкция қўллаган, унинг долларда ҳар қандай молиявий операцияни амалга оширишига тақиқ қўйилган. 67 ёшли бизнесмен уюшган жиноятчилик ва наркотрафикка алоқадорлик айбловларини тўла рад этиб келади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз