Узбек O'zbek
Италия. Гранд клублар назарига тушган 5 футболчи
Чоршанба, 26 Июн
5227

Европада ёзги трансферлар давом этмоқда.

Федерико Кьеза, «Фиорентина»
Transfermarkt бўйича нархи
– 60 млн евро

Бу қайсар қанот ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг ёшлигини эслатиб юборади. У дарвоза томон кўп зарба беради, рақиб билан тўп учун кураш вақтида осонлик билан йиқилади, икки-уч рақиб қаршисида дриблинг ишлатишга киришади ва баъзида нозик паслари билан ҳайратга солади. Тўғри, «Фиорентина»нинг жуда ёмон ўтган мавсуми унинг статистикасига ҳам салбий таъсир кўрсатди: бир мавсумда атиги 10 гол ва бир узатма. Бу кам, аммо уни шериклари қўллаб-қувватлашмади. Флоренцияликлар А Сериянинг сўнгги 14 учрашувида битта ҳам ғалабага эриша олмади, жамоа иккинчи мавсумда фақат икки ўйинда ғалаба қозонди ва натижада мавсумни 16-ўринда якунлади. Бундай жамоада порлашнинг имкония йўқ, аммо Кьезага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биринчи навбатда «Ювентус» томонидан. Италия терма жамоаси аъзоси бўлган бу 21 ёшли футболчига «ПСЖ», «Наполи», «Интер» ва «Тоттенҳэм» ҳам талабгор.

Сергей Милинкович-Савич, «Лацио»
Transfermarkt бўйича нархи – 65 млн евро
«Лацио» президенти Клаудио Лотито муроса қилмоқчи эмас: «Милинкович-Савич? Фақат бир гапни айтишим мумкин, у сотилмайди. Аммо яна бир гап айтишим мумкин, агар биз чиндан ҳам яхши таклиф олсак, унда бу масалани футболчи билан муҳокама қиламиз». Бу Лотитога хос тадрижийлик.

Сербиялик футболчига бир неча катта клублардан қизиқиш мавжуд. Поль Погба учун ўзаро рақобатлашаётган  «Реал» ва «Ювентус» Сергейни захира вариант сифатида белгилаб олишган. Унинг ўйинларини кузатиб келаётган яна бир катта клуб эса – «Манчестер Юнайтед».

У аввалги мавсумда кашфиётга айланганди, аммо ўтган йил ёзида римликлар клуби раҳбарияти уни 90 миллион еврога ҳам сотмаганди, якунланган мавсумда эса у ўсишдан тўхтади. Аммо бу марказий яримҳимоячи ҳамон жисмоний жиҳатдан устунликларга эга ва «Лацио»нинг асосий футболчиси. У иккинчи қаватда яхши ҳаракатланади, аъло даражадаги дриблингга эга ва узатмалари сифатли. Қолаверса, ушбу серб катта ўйинларда ўзини йўқотиб қўймайди. Айнан у Италия Кубоги финалида гол уриб, «Лацио»га ғалаба келтирганди. Ўшанда Милинкович-Савич ўйин охирида захирадан майдонга тушганди. У майдонда барча ишни қила олади, фаол ҳаракатланади – скаутлар уни Поль Погбага муқобил вариант сифатида кўриши бежиз эмас. У «Лацио»да узоқ вақт қолмаслиги аниқ.

Дуван Сапата, «Аталанта»
Transfermarkt бўйича нархи – 40 млн евро

Бақувват, бесўнақай ва ҳеч қачон ўйин интеллекти билан ажралиб турмаган бу ҳужумчи ҳамиша мураккаб футбол ўйнатадиган Жан Пьеро Гасперини қўли остида бундай ўсишга эришини тасаввур қилиш қийин эди. Аммо «Аталанта» скаутлари ниманидир билишган: «Сампдория»да асосий таркиб аъзоси бўлмаган бу колумбиялик учун 14 млн евро тўланган, Бергамодаги кичик клуб учун катта пуллар. Аммо афсусланишмади. Сапата А Серия ўйинларида 23 гол урди ва 7 голга узатма берди, у жамоа ўйинига мослашиб кетди: керак вақтда прессинг ҳам қилди, керак вақтда очиқ зоналар излади, ҳимояга ҳам ёрдам берди. Қишдаёқ унга талабгорлар навбати пайдо бўлди, аввалига «Интер», кейин Дортмунднинг «Боруссия» клуби таклиф билан чиқди, унга собиқ жамоаларидан бири «Наполи» ҳам қизиқиш билдирмоқда, аммо «Аталанта» уни таркибда сақлаб қолишни истамоқда. Клуб тарихида илк марта Чемпионлар лигасига чиққани ҳисобга олинса, бу футболчини қўлга киритишни истаган клуб анча харажат қилишига тўғри келади - бергамоликлар ЕЧЛда катта маблағ ишлаб олиши тайин ва осонлик билан ҳужумчисини қўйиб юбормайди. Бундай вазиятда охирги сўзни футболчининг ўзи айтади.

Лоренцо Инсинье, «Наполи»
Transfermarkt бўйича нархи – 65 млн евро

Инсинье Маурицио Сарри туфайли юлдуз футболчига айланганди. Бу вингер уч мавсум давомида барқарор ўйин кўрсатди, у «гол+пас» тизимида ҳар мавсум икки хонадан иборат рақамли кўрсаткичлар қайд этмоқда ва «Наполи» ҳужумидаги асосий футболчи саналади. Аммо Карло Анчелотти келгач унинг ишлари аввалгидек юришмай қолди. «Наполи» энди бошқачароқ ўйнай бошлади, қисқа узатмалар орқали ҳужумга ўтишдан воз кечилди, Анчелотти йўлга қўйган футболда Инсиньенинг тезлик билан рақиб футболчиси ортига ўтиб олиш маҳоратига эҳтиёж йўқ.

У сўнгги мавсумда бошланғич таркибда фақат 24 ўйинда майдонга тушди, аммо у кўпроғини истайди. Барчаси клуб президенти Аурелио Де Лаурентисега боғлиқ. У бу футболчисини 100 млн евродан камига қўйиб юбормоқчимас – аммо бу ҳозирги нархлар бўйича ҳам Италия чемпионатидаги футболчи учун қимматлик қилади. Унга «Ливерпуль»дан қизиқиш бор: Юрген Клопп унга бу футболчининг ўйини ёқишини тан олган, аммо уни туманли альбионга олиб кетиш қийин бўлади. Шунингдек, «ПСЖ» ва «Челси» ҳам бу футболчини кўз остига олиб қўйган. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам «Наполи» мураббий режаларида муҳим ўрин тутмаган футболчининг нархини туширишга мажбур бўлади.

Холид Кулибали, «Наполи»
Transfermarkt бўйича нархи – 75 млн евро

Маурицио Сарри даврида юлдузга айланган яна бир футболчи. Сенегаллик ҳимоячи ҳамиша ўзининг жисмоний кўрсаткичлари билан яхши баҳоланган, аммо Сарри қўл остида унинг ўйинни ўқий олиш хусусиятлари ўсди ва у сифатли паслар беришни ўрганди. Ҳозирда у юқори даражадаги марказий ҳимоячига айланган, унда тўп назоратига асосий эътиборини қаратадиган клуб учун керак бўлган барча функциялар мавжуд. Италия нашрларига кўра унинг ўзи ҳам «Наполи»дан кучлироқ клуб сафида кучини синаб кўришга қарши эмас.

Яна гап клуб эгаларида. Де Лаурентис уни сотишга қарши. Қишда «Барселона»дан трансфер бўйича сўров келганди — «Наполи» фақат 120 млн евродан ортиқ баҳога эга таклифларни кўриб чиқишини маълум қилган. Англиядаги нашрлар эса «МЮ» 100 млн евро таклиф қилиб, рад жавоби олганини ёзган. Бу ёзда манчестерликлар яна бир бор уриниб кўришмоқчи. Аммо Кулибалида яна бир вариант бор. «Ювентус»га ҳам янги марказий ҳимоячи керак. Туриндагилар «Наполи»нинг энг яхши футболчиларини сафига қўшиб олиш бўйича тажрибага эга, Сарри бу жамоага келиши эса футболчи трансферини осонлаштириши мумкин. Туриндаги Tuttosport нашри клубдаги манбасига асосланиб хабар беришича, Кулибали «Ювентус» шорт-листида Маттейс де Лигт билан биринчи ўринни бўлишиб турибди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз