Узбек O'zbek
Бу ёзда топ-клублар нишонида турган Германиядаги 5 футболчи
Сешанба, 25 Июн
4768

Топ-клубларнинг скаутлари Германия чемпионатини қуйидаги футболчилар туфайли ҳам кузатишади.

Кай Хавертц (20 ёш)
«Байер» 
Трансфер қиймати:
90 млн евро (Transfermarkt бўйича)

Кай – «Байер»нинг Бундеслигада гол урган энг ёш футболчисидир. У 17 ёш 9 ой 22 кунлигида жамоадаги илк голини урган. Ўтган мавсум якунида айнан унинг жонбозлиги «Байер»ни Чемпионлар лигасига қайтарди, у сўнгги 7 ўйинда 7 гол уришга эришди. Эндиликда ушбу яримҳимоячига «Бавария» талабгор бўлиб турибди, мюнхенликлар 90 млн евро таклиф қилишмоқда, аммо «Байер» бу футболчисини 100 млн евродан камига сотмоқчи эмас.

Тимо Вернер (23 ёш)
РБ «Лейпциг» 
Трансфер қиймати: 65 млн евро

23 ёшида у Германия терма жамоасида 25 ўйин ўтказишга улгурди. Ўз-ўзидан, Вернерга «Бавария» томонидан қизиқиш мавжуд. Бу футболчи учун «Ливерпуль» ва «ПСЖ» каби жамоалар кураш олиб боришмоқда. Хабарларга кўра, мюнхенликлар февралдаёқ шахсий шартнома бўйича келишувга эришишган ва энди ҳужумчини 2020 йил ёзида эркин агент сифатида текинга қўлга киритиш ҳақида ўйлашмоқда.

Себастьен Аллер (24 ёш)
«Айнтрахт» 
Трансфер қиймати: 40 млн евро

Барча биринчи навбатда «Айнтрахт»нинг ёш ҳужумчиси Лука Йовичга эътибор қаратди, у якунда «Реал»га ўтиб кетди. Аммо Аллерга ҳам даъвогарлар кўп. Хабарларда топ-клублар номи ҳам тилга олинмоқда. Ушбу французни таркибида кўраётган жамоалар: «Ювентус», «МЮ», «Боруссия» Д, «Ньюкасл» ва «Вест Ҳэм». Бу ҳужумчини «Айнтрахт» 2017 йил ёзида «Утрехт»дан 7 млн еврога сотиб олганди, энди эса бир неча баравар қимматроққа сотиши мумкин. Унинг уникал жиҳати – яккакурашларда ютиб чиқишидадир. Бу борада у ўтган мавсумда Бундеслигадаги энг яхши кўрсаткични қайд этган. Қолаверса у «гол+пас» тизимида турнирнинг кучли бешлигига кирган (15+9).

Жоэлинтон (22 ёш)
«Ҳоффенхайм» 
Трансфер қиймати: 35 млн евро

Бу рўйхатдаги нисбатан нотаниш футболчи. Унинг статистикаси яхши, аммо жуда зўр эмас – 7та гол, аммо ундаги ўсишни барча сезиб турибди. Бир мавсум давомида унинг трансфер қиймати 1,25 млн евродан 35 млн еврога етди. Гап шундаки, бу бразилиялик футболчи универсал – у ҳужумнинг исталган нуқтасида ҳаракатлана олади: марказда ҳам, қанотларда ҳам, ҳужумчи ортида ҳам. Маълумотларга кўра, «Ньюкасл» ушбу футболчини 47 млн еврога сотиб олиши мумкин.

Жейдон Санчо (19 ёш)
«Боруссия» Дортмунд 
Трансфер қиймати: 100 млн евро

Рўйхатдаги энг юлдузли ном. Санчо – тақдири қизиқ кечган футболчи. Англия терма жамоасининг ушбу вингери ҳеч қачон Англия чемпионатида тўп сурмаган. У Лондонда туғилиб ўсган, «Уотфорд» ва «Манчестер Сити»да ёшлар жамоаларида тўп сурган, Гвардиола унга ишонч билдирмаганидан кейин «Боруссия» Дортмунд сафига келиб қўшилган. «Сити» у билан янги шартнома бўйича келиша олмаган ва Санчо жамоа машғулотларини ҳам бойкот қилишгача борган. 

Якунланган мавсумда Санчо нафақат «Боруссия»да, балки Бундеслигада ҳам энг яхши ассистент бўлди. У чемпионат ўйинларида 14та голли узатмага муаллифлик қилди. Шу билан бирга 12та гол урди (гол+пас тизимида Левандовскидан кейинги энг яхши натижа). У ҳали 19 ёшда! У Германия чемпионатидаги энг қимматбаҳо футболчига айланиши мумкин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз