Узбек O'zbek
Бабаян «танка»си кимлиги, миллий жамоада ўз футболчиларини ўйнатгани ва шартномалар бўйича айбловларга жавоб берди
Душанба, 24 Июн
10119

«Локомотив» бош мураббийи Самвел Бабаян ушбу лавозимга тайинлангани муносабати билан ташкил этилган матбуот анжуманида журналистларнинг турли мавзулардаги саволларига жавоб берди.

Бир соатдан ошиқроқ давом этган анжуман тафсилотларини Tribuna.uz мухбири келтириб ўтади.

Самвел Бабаян: «Келинглар, бўлган ишларни унутамиз»
Бабаян миллий жамоада ишончни оқламагани учун узр сўраб, Лобанов бўйича қарорига изоҳ берди

– «Локомотив» – сиз учун жонажон клуб «Пахтакор»нинг принципиал рақиби...

– Бу клубга келишимга салбий бўёқ бермоқчи бўлганлар менинг ўтмишдаги карьерамдан фойдаланишмоқда. Менга «Пахтакор» эмас, «Локомотив» таклиф билан чиқди. Лекин томирларимда «Пахтакор» қони оқмоқда, менда «Пахтакор» ДНКси бор. Ҳаётимнинг 15 йилини шу клубга бағишлаганман.

Барча мураббийларда ҳам бундай давр бўлади – ишлашга, таклифни қабул қилишга тўғри келади. Мен «Локомотив» президенти билан суҳбатлашдим, уларга кераклигимни билдим. Уларнинг таклифи билан шу ердаман. Менга ишонишларини, клубда ишлар профессионал йўлга қўйилишини исташларини кўриб турибман.

– «Локомотив»га бош мураббий бўлишингиз ҳақида гап-сўзлар тарқалганда футболчилар биз Андрей Фёдоров учун ўйнаймиз, дейишаётгани маълум бўлганди. Таркибда сизга қарама-қарши бўлган футболчилар ҳам бор. Масалан, Темурхўжа Абдухолиқов...

– Темурхўжани мен «Бунёдкор» ўринбосарлари таркибидан чақирганман, у «Пахтакор»да ўзини кўрсата олган. У билан муносабатимиз ёмон, деган гапни қаердан олдингиз? Ҳа, у рақобатда ўйнаган. Лекин ҳозир рақобатдан холи экани яхши эмас. Бу унинг ўсиши учун ҳам ёмон. Спортчи рақобат бор жойда ўсиб боради.

Қолган футболчиларга келсак, беш дақиқа ичида улардан нима хоҳлашимни тушунтириб бердим. Табиий равишда ҳар бир футболчида хавотир бўлади, янги мураббийга мен керакманми-йўқми деган. Ҳозир мен учун жаҳондаги энг яхши футболчилар – «Локомотив» билан шартномаси бор футболчилардир.

– «Локомотив»га сизни айнан ким таклиф қилди?

– Клуб президенти Ражабов Мансур Қўчқорович. Даставвал келишувимиз бошқача эди, менинг олимга бошқа вазифалар қўйилганди. Клуб инфраструктурасини шакллантириш, клубни янги тараққиёт босқичига олиб чиқиш, академия, фан-клуб, ўринбосарлар – буларнинг ҳаммасини янада профессионал даражага чиқариш, уларни ягона фалсафа остида бирлаштириш вазифаси юклатилганди.

Жамоа Чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқа олмагач, клуб президенти мени бош мураббий лавозимига таклиф қилди. Айтишим керакки, мен биринчи таклифни рад этдим. Чунки аввалги мураббийлар штабига вазиятни ўнглаш учун имкон бериш керак, деб ҳисобладим.

– Ўзингизни менежер сифатида яхшироқ мутахассис деб ҳисоблайсизми ёки мураббий сифатида?

– Ушбу икки лавозимни бир-биридан ажратиб бўлмайди. 2014 йилда федерация менинг илтимосим билан менежер тушунчасини киритган эди. Менежер клубдаги вазиятни мураббий бошқармаётганида, умуман ўринбосарлар қандай ўйнаётгани, академия қандай ривожланаётгани, фан-клуб қандай такомиллашиб бораётганига мураббий бефарқ бўлганида керак. Ўзбек футболи шу томондан оқсамоқда.

Ўзини фақат асосий жамоа билан чеклаб, клубнинг қолган ишларига бефарқ  мураббийлар футболимизни ривожлантира олмайди.

– Ўзбек клубларининг Осиё чемпионлар лигасидаги натижалари тобора ёмонлашиб боряпти. Охирги уч йилда Ўзбекистоннинг бирорта ҳам клуби плей-оффга чиқа олмади. Бу тўғрида мутахассис сифатида нима дея оласиз?

– Бу, албатта, футболимиз учун унчалик ҳам яхши статистика эмас. Лекин бу йил «Пахтакор»да ҳам, «Локомотив»да ҳам гуруҳдан чиқиш имконияти бор эди. Клубларимиз ОЧЛда шарманда бўлишгани йўқ.

Ижобий жиҳати шундаки, бу клубларимизда миллий жамоага номзод футболчилар асосий ролни ўйнашмоқда. Осиёнинг бошқа клубларида, масалан Қатар ё Хитой жамоаларида легионерлар асосий ўрин тутишини ҳисобга олсак, улар ана ўша катта маош тўланадиган легионерларнинг хизмати билан плей-оффга чиқишмоқда.

Бизда эса кучли легионерлар йўқ бўлса-да, бунинг ижобий томонларини топа олишимиз керак. Бу муҳим халқаро турнирда ўз футболчиларимиз ўйнаб, тажриба орттиришмоқда ва улар миллий жамоага номзодлардир. Мисол учун, Ҳамробеков.

– Демак, «Локомотив» 5-турдан кейин гуруҳда қолиб кетгани клуб учун «провал» ҳисобланмайдими?

– Йўқ, барибир плей-оффга яқин келгандик. Албатта, ўз олдига юқори мақсадлар қўйган ҳар қандай клуб плей-оффга чиқиб, олдинга қадам ташлашга ҳаракат қилади. Бу футболчилар ва мамлакат футболини кўтаришда яна ҳам кўпроқ ёрдам беради. Гуруҳда қолиб кетиш яхши демаяпман, ҳа, бу ёмон. Лекин, келинг, масаланинг ижобий томонларини ҳам кўрайлик. Барибир ўзимизнинг футболчилар иштирок этишяпти, барибир эртага улар юртимиз шарафини ҳимоя қилишади.

– «Локомотив»да қайси чизиқларни кучайтириш керак, деб ҳисоблайсиз?

– Сўнгги олти ой давомида клубда муайян трансфер сиёсати шаклланди. Эндиликда мен якуний қарорни қабул қилсам-да, бу борада муайян ишлаб қилиб бўлинган. Регламентга асосан, ёш футболчилар чемпионатда қатнашиши шарт, ўша позицияда бугун рақобат йўқ. Майдонга тушаётган ёш футболчилар ўйинимизни кучайтиришмаяпти. Бу йўналишда иш олиб боришимиз ва кучли ёш ўйинчиларни таркибга жалб этишимиз керак. 

Умуман, барча позицияларни кучайтиш устида ишлашимиз керак.

– Ҳозирги «Пахтакор»га рақобат туғдира оласизми?

– Вазиятни ҳамма яхши тушуниб турибди, 8 очко – катта фарқ. Лекин чемпионат ҳали давом этяпти. Биз ҳар бир ўйинга энг муҳим ўйиндек муносабатда бўламиз.

– Самвел Бабаяннинг ортида қандайдир катта амалдор турадими? Унинг «танка»си ким?

– Футбол – менинг ҳаётим. Ўзимни футболсиз тасаввур қила олмайман. 7 ёшимдан бери футболдаман. Мени билганлар ўз касбимни қанчалик яхши кўришим ва ватанимни севишимни ҳам билади. Жон бериш ва жон олиш фақат яратганнинг қўлида. Ким бўлишидан қатъи назар, мени ўзбек футболидан айириш ва унда ишлашни тақиқлаб қўйиш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган.

Ҳар хил танкалар ҳақида гапириш эса аҳмоқлик. Ўзбек футболига қўшган ҳиссам кам эмас ва бундан кейин ҳам ўзбек футболи учун ишлашда давом этаман.

– Уйингиздаги бассейнда «Пахтакор» логотипи туширилган дейишади. Шу ростми?

– Зўр ғоя бердингиз. Сизнинг расмингизни ёпиштираман.

– Миллий жамоани бошқарганингизда мухлис ва журналистлар хатоларингиздан бири сифатида: «Ўз футболчиларини таркибга қўяди, шу орқали уларни реклама қилиб, сотиш ниятида», деб айтишарди. Бунга қанақа муносабат билдирасиз?

– Бу ҳам кулгили ва тўқиб чиқарилган. Сизда ўз телефонингиз бор, тўғрими? Шеригингиз уни олиб, бозорда сотиб юбориши мумкинми? Йўқ, сиз бермайсиз, бу – сизнинг телефонингиз. Қандай қилиб мен ортиқ ўзимга алоқадор бўлмаган футболчи билан қандайдир зимдан кўзлаган мақсадларим бўлиши мумкин? Унинг бошқа жамоага сотилишига мен қандай қилиб таъсир кўрсата олишим мумкин?

Аслини олганда, бундай айблов қўйишнинг ўзи инсофсизлик. Миллий жамоада ишлаганимда битта позицияга икки номзод – Машарипов ва Шомуродов бор эди. Агар ўз касбимга ҳалол ёндашмаганимда, мен Машариповни танлаган бўлардим. У – «Пахтакор» футболчиси. Лекин ҳар иккисининг ҳам кучли ва кучсиз томонларини ҳисобга олиб, мен Шомуродовни танлаганман. У бошқа клуб аъзоси эди.

Шомуродовни миллий жамоага айнан мен таклиф этганимдан жуда хурсандман. Менинг қўл остимда дебют қилиб, термадаги илк голини урганидан мамнунман. Ҳозир у – миллий жамоамиз лидери.

Шундай экан, бу айбловлар – нохолис ва адолатсиз. Мени билганлар ўз юртимга қанчалик содиқлигимни ҳам билишади. Бундай гап-сўзлар кун тартибига чиқмаган. Ҳеч қачон.

– «Пахтакор»дан кетишингиз ва бу клубга янги раҳбарият келиши оралиғида футболчилар билан шартномаларга ўз манфаатингизга мослаб ўзгартишлар киритгансиз, деган гаплар ҳам юради.

– Шартномалар масаласи тўғридан тўғри менинг вазифамга кирмасди. Бу – бош директорнинг функцияси эди. Албатта, шартномалардан бехабар бўлганман, дейишим аҳмоқлик бўлади. Шартномалар билан боғлиқ барча ҳаракатлар клуб президенти, ўша вақтдаги шаҳар ҳокими Усмонов билан, федерация президенти Мираброр Зуфарович билан, юристлар билан келишилар эди.

Бу гапларнинг тарқалиши клубда акционер ўзгаргани билан боғлиқ эди. Аввалги акционер, қўпол қилиб айтганда, битимга қарамасдан ҳам футболчилар билан шартнома имзолаган бўлса, янги акционер – Тошкент шаҳар ҳокимлиги бўлганди. Ўшанда ўзгаришлар бўлган. Ҳозир эса футболчилар билан бир йиллик шартномалар тузиляпти. «Локомотив»да ҳам вазиятни ўзгартирамиз, чунки йил охирида бизда жамоа қолмаслиги эҳтимоли ҳам бор. Керакли ўйинчилар билан узоқ муддатли битимлар тузишга ҳаракат қиламиз.

Хуллас, бу шартномаларни тузишда ҳуқуқшунослар ҳам қатнашган, клуб раҳбарлари ҳам хабардор бўлиб, бунга рухсат беришган. Энг муҳими, «Пахтакор» раҳбарияти билан гаплашиб олдик, бу масалада ортиқ муаммо йўқ. Буларнинг ҳаммаси миш-миш, бўлмаган нарса.

– Суперлиганинг янги формати ҳақида қандай фикрдасиз?

– Латвияда ишлаб, шуни кузатдимки, 1 млн доллар бюджетга эга жамоа Чемпионлар лигасида қатнашяпти. Латвиядаги инфраструктура ҳам совет пайтидан қолган. Мамлакатнинг янги тарихидаги қурилишлар жуда кам. Бизда эса деярли ҳар бир вилоятда юқори классдаги стадионлар қурилган.

Ўтган йили 12та клуб қатнашгани бизнинг чемпионат учун у қадар яхши вариант эмас. Биринчидан, мамлакатимиз ҳудуди катта. Футболни яхши кўришади. Учинчидан, бизда инфраструктура бор.

Мен 16 жамоадан иборат форматни биз учун нормал деб ҳисоблайман.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз